Жамиятда адолат барқарорлиги таъминланиши учун суд ҳокимияти самарали ишлашини йўлга қўйиш зарур.
Жамиятда адолат барқарорлиги таъминланиши учун суд ҳокимияти самарали ишлашини йўлга қўйиш зарур. Одил судлов таъминланиши аҳолининг, тадбиркорларнинг ишонч билан яшаши, фаолият олиб боришида муҳим ўрин тутади.
Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони суд-ҳуқуқ тизимининг янада такомиллашувига йўл очди.
Фармонга асосан ишларни судда кўриш сифатини ошириш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмлари кенгайтирилади. Жумладан, 2021 йил 1 январдан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини тузган ҳолда умумюрисдикция судлари ташкил этилади.
Фикримизни Бухоро вилояти мисолида давом эттирсак. Бухоро вилоят умумюрисдикция судида битта раҳбар – суд раиси бўлади, унинг уч нафар ўринбосарлари эса - фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари раиси сифатида фаолият юритади ва шу ихтисослик бўйича судлов ҳайъатлари ишини ташкиллаштиради.
Бу фуқаролар ва тадбиркорларга судга мурожаат этишда қулайликлар яратади. Суд орқали ҳимояланиш имкониятини янада кучайтиради.
Шунингдек, вилоят маъмурий судлари сақланган ҳолда вилоятлар марказида оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган - туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади. Аниқроғи, 2021 йил 1 январдан туман (шаҳар) маъмурий судлари мақбуллаштирилиб, уларнинг негизида вилоятлар марказида 14 туманлараро маъмурий суд ташкил этилади.
Шу ўринда айтиш жоизки, аслида оммавий-ҳуқуқий низоларни кўришга ихтисослашган маъмурий судлар ўзининг табиатига мос бўлмаган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни ҳам кўриб келаётган эди. Фармон билан бу ҳолатга барҳам берилиши айни муддао бўлди.
Эндиликда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар жиноят судлари томонидан кўриладиган бўлди. Яъни, маъмурий судлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни эмас, балки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жумладан, маҳаллий ҳокимликларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлаш, уларнинг ноқонуний қарорларини ҳақиқий эмас, деб топишга оид ишларни кўради.
Айни пайтда туманлараро (туман, шаҳар) судлари ишларни - биринчи инстанция суди сифатида кўриб чиқмоқда. Вилоят судлари эса айрим тоифадаги ишлар, шунингдек туман судларидан чақириб олган ишларни – биринчи инстанция суди сифатида ҳамда биринчи инстанция судлари чиқарган қарорларни - апелляция ва кассация инстанцияси сифатида кўрмоқда. Олий суд эса судлар қарорини назорат тартибида кўриб чиқмоқда.
Эндиликда суд ишларини Олий судда назорат тартибида кўриш институти умуман тугатилади, яъни “назорат инстанцияси” деган тушунча бўлмайди. Бу билан Олий суд раиси, Бош прокурор ва улар ўринбосарларининг суд қарорлари устидан “назорат тартибида” протест киритиш ҳуқуқи ҳам бекор қилинади.
Яна бир эътиборли томони шундаки, туманлараро судларининг қарорлари вилоят судлари томонидан, вилоят судларининг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорлари эса - Олий суд томонидан апелляция тартибида кўриб чиқилади.
Апелляция тартибида кўрилган суд қарорлари эса Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўрилади. Бунда кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорлари фақатгина Олий суд раиси, Бош прокурор ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқилиши мумкин бўлади.
Энди вилоят судида ишлар кассация тартибида кўрилмайди. Кассация тартибидаги шикоят(протест)лар фақатгина Олий судда кўрилади.
Демак, бу мақбул суд тизими тамойили бўйича: биринчи босқич — туманлараро, туман (шаҳар) судлари; иккинчи босқич — апелляция (вилоят судлари); учинчи босқич — кассация (Олий суд) ҳисобланади.
Суд тизимининг бу тарзда такомиллашаётгани ишлар самарадорлигини оширади, муҳими, судга иши тушган фуқаролар, тадбиркорлар ҳуқуқларини тез ва ишончли ҳал қилиш сифати ошади.
Ойбек Қодиров,
Фуқаролик ишлари бўйича
Бухоро вилояти суди
раисининг ўринбосари.