Оққўрғонликлар учун Янги йил байрамига муносиб туҳфа
Тошкент вилояти Оққўрғон туманида давлат хизматлари маркази туман бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Тошкент вилояти Оққўрғон туманида давлат хизматлари маркази туман бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Оққўрғонликлар учун янги – 2020 йил байрамига ўзига хос туҳфа бўлган мазкур бинонинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда вилоят ва туман ҳокимлиги, вилоят давлат хизматлари бошқармаси масъуллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Оққўрғон туманида 105 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг давлат хизматларига бўлган талаб ва эҳтиёжи кундан-кун ортиб бораётгани сабабли марказнинг эски биноси торлик қилиб, бу ерга келувчилар учун ноқулай шароит юзага келган эди.
Минг квадрат метрга яқин майдонни ташкил этувчи туман давлат хизматлари маркази янги биносининг бетакрор дизайни, яратилган қулай шароит бу ерга келувчиларга яхши кайфият улашиш билан бир қаторда, сифатли хизмат кўрсатиш имконини яратади. Айниқса, шинам зал бўйлаб ўрнатилган белгилар, сизни доимо табассум билан кутиб олувчи маслаҳатчилар, она ва бола хонаси, кутиш жойлари мижозлар учун қўшимча қулайлик тақдим этади.
– Мамлакатимизда нафақат тадбиркорлар, балки аҳолига ҳам энг зарур ва талаб юқори бўлган давлат хизматларини “ягона дарча” тамойили бўйича кўрсатиш мақсадида давлат хизматлари марказларининг ягона тармоғи яратилди, – деди Оққўрғон тумани давлат хизматлари маркази директори Муҳиддин Турдибоев. – Янги бино қурилишида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу, ахборот тизимларини идоралараро интеграция қилинишини кучайтириб, аҳолининг давлат хизматларини қулай ва ўз вақтида олиш имкониятини яратади. Ташриф буюрувчиларнинг навбатини тартибга солиш ва уларга хизмат кўрсатишни баҳолаб бориш мақсадида Швециянинг “QMATIC” компаниясининг электрон навбат ҳамда баҳолаш тизими ўрнатилди. Бундай имкониятлар аҳолига кенг қулайликлар яратиб, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишни таъминлайди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 11 ойида давлат хизматлари маркази томонидан мижозларга қарийб 18 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилди. Шу даврда 430 га яқин тадбиркорлик субъектлари якка тартибдаги тадбиркор, 270 дан ортиғи эса юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Марказга айниқса, болаларни мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш, ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш, якка тартибда уй-жой қуриш (реконструкция қилиш)га рухсат бериш, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш, электр, газ, сув тизимига уланиш, манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш, фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш каби давлат хизматлари бўйича мурожаатлар кўп бўлмоқда.
Марказнинг янги биноси давлат-хусусий шерикчилик асосида бунёд этилган бўлиб, ташриф буюрувчиларга кенг ва ёруғ, шинам хоналарда хизмат кўрсатилади. 20 та қабул ойнасида шаффофлик мезони асосида хизматлар кўрсатилса, электрон навбат тизими 4 та мониторда акс этиб туради.
– Авваллари бирор ҳужжатни расмийлаштириш учун кўп вақтимиз давлат идоралари эшиги олдида ўтарди, – дейди “Бирлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Маҳмуда Мирзаева. – Айни пайтда бундай сарсонгарчиликлар йўқ. Бир қанча ишимизни шу жойнинг ўзида бажариб кетамиз. Тўловларни қабул қилиш учун кассалар ҳам ташкил этилган. Бундай имконият айниқса биздек кексаларнинг ишини янада енгиллаштиради.
Халқимиз фаровонлиги, турмуш шароитини янада яхшилаш йўлида олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, шу жумладан, ўзига хос меъморий ечимга эга бўлган янги марказ биноси оққўрғонликларнинг қулай ва шаффоф давлат хизматларидан фойдаланиши, шунингдек, ҳудуд қиёфасининг янада чирой очишига хизмат қилади.