Оқлов ҳукмлари: айбсизни қандай айблаш мумкин...
Ўзингизни ҳақлигингизни билсангизу, туҳмат қилишиб сизни жиноятчига айлантирса бундан ёмони йўқ. “Судланган” деган тамға билан яшаш эса оғир.
Ўзингизни ҳақлигингизни билсангизу, туҳмат қилишиб сизни жиноятчига айлантирса бундан ёмони йўқ. “Судланган” деган тамға билан яшаш эса оғир.
Фарғона шаҳрилик Умида келин бўлиб бу хонадонга келганида орзулари бир олам эди. Аммо турмуш ўртоғининг яқинлари уни бахтли ҳаётига зомин бўлди. Бу келинчакнинг пешонасига “ўғри” деган тамғани босишди. Бир куни ўзининг тилла балдоғи йўқолиб қолди. Кейин эса қайнонасининг тилла тақинчоғи ҳам “изсиз” кетди. Овсини, қариндошларининг йўқолган тилла буюмларини ҳам Умидадан кўришди. Ички ишлар идораси томонидан бу ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилиб, келин айбдор бўлди. Ёш келинчак ўзига уюштирилган туҳматнинг қурбони бўлганини юракдан ҳис қилса-да, яқинлари унга қарши кўрсатмалар беришди.
Суд ҳукмига кўра, Умида Абдуллаевага Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, ЖКнинг 72-моддасига асосан ҳукм шартли ҳисобланиб, 1 йил синов муддати белгиланиб, суд залида қамоқдан озод қилинган.
У айбсиз айбдорга айланди. Ўзини қандай оқлашни, айбсиз эканини исботлашни билолмай боши қотди. Адолат қарор топишини истаб, судга кассация шикояти ёзди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди кассация инстанциясининг очиқ суд мажлисида унинг шикояти кўриб чиқилди. Жиноят ишини кассация инстанциясида кўриш давомида иш юзасидан дастлабки терговда йиғилган ва суд томонидан айблов ҳукми чиқаришга асос қилиб олинган далилларнинг асоссизлиги, ишончсизлиги ва номақбуллиги, жабрланган Н.Абдуллаева, Д.Тошпўлатова, У.Бабаева, М.Мирзаолимова, Д.Тошматова ва Г.Каримоваларнинг тилла тақинчоқлари яширин равишда талон-тарож қилинганлик факти бўйича содир этилган жиноятга У.Абдуллаеванинг дахли бўлмаганлиги аниқланди. Жиноят иши материалларига кўра, унга нисбатан дастлабки тергов органи томонидан эълон қилинган айблов фақат тахминларга асослангани яққол кўриниб турсада, биринчи босқич суди У.Абдуллаеванинг асоссиз равишда айбланаётгани ҳақидаги важларини атрофлича текширмаган. Шулардан келиб чиқиб, у айбсиз деб топилиб, оқлов ҳукми чиқарилди.
Адолат қарор топиб, Умиданинг кўнгли таскин топди. Аммо шу ўтган йиллар давомида у ва оила аъзолари тортган азоб ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Бир ёш оила вайрон бўлди, умидлар чил-чил синди.
Ёзёвон туманилик Абдулвоҳид Худаяров ҳам ноҳақликнинг жабрини чекканлардан бири. У ўзининг бошқарувидаги атомашинасида Фарғона шаҳрида “Дамас” машинаси билан тўқнашиб кетди. Айб “Дамас” ҳайдовчисида бўлиб, светафорни қизил чироғида ўтган бўлса-да, барча айбловлар У. Худаяровга қўйилди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг ҳукми билан А. Худаяровга бир йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 3 миллион 345 минг сўм жарима жазоси тайинланди. Шунингдек, жабрланганларга маънавий зарар ундириш ҳам белгиланган. У ўзининг айбсиз эканлигини билиб, жиноят ишлари бўйича вилоят судига мурожаат қилди. Суд томонидан иш материаллари таҳлил қилиниб, унга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди.
Айбсиз айбдорга айланганларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари тикланаётгани яхши албатта. Аммо нега уларнинг бошига шундай ишлар тушди, бунинг асосий айбдори ким?
– Оқлов ҳукми чиқарилган жиноят ишларининг аксарият қисми 2017 йилга қадар юритилган жиноят ишларидир, – дейди жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг судьяси Раҳматжон Арапов. – Шу билан бирга, айрим оқлов ҳукми чиқарилган жиноят ишлари 2018-2019 йилларда қўзғатилганини, тергов қилинганини ва айблов ҳукми чиқарилганини кўриш мумкин. Бу эса, мазкур жиноят ишлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борган терговчи ва ишни судда кўришда раислик қилган судьянинг ўз устида доимий ишлаб, қонунларни ўрганиб бормаётганидан ёки малака ва кўникмасини ошириб бормагани сабабли жиноят иши шошма-шошарлик билан тергов қилингани ва судда кўрилганидан, жиноят содир этганликда гумонланаётган, айбланаётган ёки судланаётган шахснинг қонунда белгиланган ҳуқуқ ва манфаатларига ҳар доим ҳам эътиборли бўлинмаганидан дарак беради. Амалдаги Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасида ҳақиқатни, яъни жиноят юз берганини ва уни ким содир этганини аниқлаш суриштирувчи, терговчи, прокурор ва судларга юклатилган. 23-моддасида эса айбсизлик презумпцияси, яъни шахснинг айбдорлигига оид барча шубҳалар, шубҳани бартараф этиш имконияти тугаган бўлса, шахснинг фойдасига ҳал қилиниши, қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам унинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги белгиланган. Қонуннинг ушбу талабларига риоя этмаслик, айбсиз шахснинг асоссиз айбланишига олиб боради. Шунинг учун, оқлов ҳукми онгда адолат, тилда ҳақиқат ва дилда поклик билан фақат қонунга асосланган ҳолда ҳалоллик, холислик ва беғаразлик билан чиқарилиши керак.
Ноҳақлик қурбони бўлган инсонлар билан суҳбатлашаркансиз, уларнинг кўзларидан кўп саволлар жавобсиз қолаётганини сезиш мумкин. Дастлабки тергов органларининг ишни тезроқ “ёпди, ёпди” қилиш мақсадидаги ишлари натижасида баъзи одамларнинг тақдири бутунлай ўзгариб кетяпти. Хатолар эса одамларнинг ишончига путур етказяпти. Адолатнинг тантанаси яхши, аммо ноҳақ айбловларни қўйган органларнинг ходимлари буни тушунармикан?