Мурожаатларнинг 72 фоизи қаноатлантирилган...
Бу ҳақда Андижон вилояти адлия бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида айтилди.
Бу ҳақда Андижон вилояти адлия бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида айтилди.
Андижон вилояти адлия бошқармаси, туман, шаҳар адлия бўлимлари масъул ходимлари, вилоятдаги босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, давлат идоралари матбуот хизматлари вакиллари иштирок этган тадбирда вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги қуйи идораларнинг 2019 йилдаги фаолияти, қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлари ҳақида маълумот берилди.
– Адлия бошқармаси ҳамда туман, шаҳар адлия бўлимларига 2019 йил давомида 5 минг 500 дан зиёд мурожаат келиб тушган, – дейди Андижон вилояти адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари О.Бозоров. –Мурожаатларнинг 72 фоизи қаноатлантирилди. Ана шу мурожаатлар асосида турли идораларга 393 та тақдимнома, судларга 3,4 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ундириш бўйича 520 та даъво ариза ва 100 та маъмурий таклиф киритилди.
Қўлланилган таъсир чоралари натижасида 2,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ даъвогарларга қайтарилди, 138 нафар шахсга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди, 33 та ҳужжат бекор қилинди.
Вилоятдаги умумтаълим мактабларида “Умумий ўрта таълим тўғрисида”ги низомга мувофиқ ўқувчилар соғлиғини муҳофаза қилишнинг аҳволи мониторинг тариқасида ўрганилганда, 199 та умумтаълим мактаби ҳамда ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда умумтаълим муассасаси раҳбарияти томонидан тиббиёт ходимларининг фаолият олиб бориши учун зарур шароит яратиб берилмаганлиги аниқланди. Уларни бартараф этиш юзасидан халқ таълими, соғлиқни сақлаш бошқармаларига тегишли тартибда тақдимнома ва хатлар киритилди.
Бунинг натижасида тиббиёт ходимларининг фаолият олиб бориши ва ўқувчилар соғлиғини муҳофаза қилиш учун зарур шароит яратилмаган 108 та мактабдаги камчиликлар бартараф этилди.
Анжуманда ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўйича турли соҳаларда ўтказилган ўрганишлар давомида 5 минг 700 дан ортиқ, жумладан, мурожаатларни кўриб чиқишда 234 та, соғлиқни сақлаш соҳасида 1 минг 322 та, маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича 711 та ва бошқа йўналишларда 3 минг 276 та қонунбузилиш ҳолати аниқланганлиги қайд этилди. Уларни бартараф этиш юзасидан тегишли идораларга 37 та тақдимнома, 12 та огоҳнома, 13 та маъмурий таклиф киритилган.
Кейинги йилларда мамлакатимизда нодавлат ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш ва ижтимоий шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 5 йил аввал вилоятда 170 та нодавлат ташкилоти давлат рўйхатидан ўтган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 488 тани ташкил этди. Нодавлат ташкилотларининг жамиятдаги турли масалаларни ҳал этиш, муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратишдаги фаоллиги ортиб бормоқда. Ана шундан келиб чиқиб, бошқарма ва унинг қуйи тизимлари нодавлат ташкилотлари билан ижтимоий шериклик асосида иш олиб боришга алоҳида эътибор қаратаётганлиги таъкидланди.
Анжуманда ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтиришга қаратилган 44 мингдан ортиқ тарғибот тадбири ўтказилганлиги айтиб ўтилди. Масалан, адлия сайллари, “Ҳуқуқингни бил ва талаб қил” акцияси ана шулар жумласидандир.
Адлия бошқармасининг жорий йилдаги иш режалари ҳақида ҳам маълумот берилди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасаддилардан жавоб олди.
Адлия идораларининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, тарғибот ишларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.