Муаммолари ҳал бўлган фуқаролардан 20 нафари Президентга раҳматнома йўллади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов раҳбарлигидаги республика ишчи гуруҳи 13-14 декабрь кунлари Жиззах вилоятида оммавий сайёр қабуллар ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов раҳбарлигидаги республика ишчи гуруҳи 13-14 декабрь кунлари Жиззах вилоятида оммавий сайёр қабуллар ўтказди.
Президентимиз ташаббуси билан халқ билан мулоқотнинг таъсирчан ва самарали усуллари кенг йўлга қўйилгани аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш, улар учун барча соҳада зарур қулайликлар яратишга қаратилган эзгу мақсадга хизмат қилаётир. Айниқса жойларда ташкил этилаётган оммавий сайёр қабулларда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари аҳоли билан бевосита мулоқотда бўлиб, одамларни қийнаётган муаммолар ҳал этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти администрациясининг масъул ходимлари, Республика Олий суди, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Мактабгача таълим, Халқ таълими, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, Республика хотин-қизлар қўмитаси, “Ергеодезкадастр”, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, Автомобил йўллари давлат қўмиталари, Марказий банк, “Ҳудудгазтаъминот” ва “Ҳудудэлектр тармоқ” акциядорлик жамиятлари, Темир йўл ёнилғи таъминот бошқармаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги ва сектор раҳбарлари томонидан икки кун давомида ўтказилган оммавий қабулларда вилоятнинг барча туманлари тўлиқ қамраб олинди.
Икки кунда 1 минг 246 нафар фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилинди. Уларнинг 266 таси Президент администрациясига, 170 таси прокуратурага, 88 таси Ички ишлар вазирлигига, 63 таси Олий судга, қолганлари бошқа вазирлик ва қўмиталарга тегишли бўлди.
Мурожаатларнинг 434 таси жойида ҳал этилди. 242 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди, 530 таси кўриб чиқиш учун назоратга олинди.
– Ўз уйим йўқлигидан болаларим билан неча йилдан буён қийналиб келаётганим туфайли туманимизда ўтказилган сайёр қабулда Президент маслаҳатчисига мурожаат қилдим, – дейди Зомин туман “Халқобод” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Ҳайитгул Отмишева. – Улар туман раҳбарларига янги қурилаётган уйлардан бирини менга ажратиш бўйича топшириқ берди. Бошланғич тўлови тўлаб бериладиган бўлди. Давлатимизнинг бу яхшилигини умрбод ёддан чиқармайман. Жойларда одамларнинг эҳтиёжларини ўрганиб, уларни ҳал этишни йўлга қўйган Президентимизга мингдан минг раҳмат.
Туманнинг шу маҳалласида яшовчи яна бир фуқаро Матлуба Сарибованинг ҳам Президент администрациясига сайёр қабул давомида турмуш ўртоғини ишга жойлаштириш бўйича қилган мурожаати шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Унинг турмуш ўртоғи Илҳом Норқулов ишга жойлаштирилди.
Оммавий қабулда олий судга қилинган 192 та мурожаатдан 49 таси жойида ҳал этилди. Жумладан, Ш. Рашидов туманида яшовчи Беркин Очилов сайёр қабулга ўтилмай қолган ахлоқ тузатиш ишини шартли озодликдан марҳум қилишга алмаштириш бўйича қилган мурожаати Олий суд томонидан жойида ҳал бўлди.
Сайёр қабул давомида ўзларининг ҳуқуқий масалалардаги мурожаатлари ижобий ечимини топган фуқароларнинг 20 нафари суд ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишда амалга оширилган ўзгаришлар, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини муҳофаза қилишга бераётган катта эътибори ва одамларга енгиллик яратишни кўзлаб сайёр қабулларни йўлга қўйгани учун шахсан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига ёзма раҳматнома йўллашди.
Одамлар фақат ўзларининг шахсий масалалари билангина сайёр қабулга келмайди. Бировнинг қишлоқ номидан бузилган кўприкни таъмирлашда, яна бировнинг қишлоғи учун мактабгача таълим қуришда, бошқа бировнинг мактабда синф хоналар етишмаслигини ҳал этиш бўйича ёрдам сўраб қилган мурожаатлари ҳам шу ернинг ўзида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ижобий ечимини топди.
– Қишлоғимиздаги 410 ўринли 27-умумтаълим мактабида 700 га яқин ўқувчи таълим олаётир, – дейди Ғаллаорол туманидаги 1-Қангли қишлоғи оқсоқоли Элмирза Туронов. – Сайёр қабулда шу масалада халқ таълими вазири ўринбосари мурожаат қилдим. 2020 йил учун мактаб қурилиши давлат дастури тасдиқланиб қўйилганлигини, лекин 2021 йил дастурига албатта киритилишини айтди. Бу ҳам яхши ечим. Жавобдан қониқдик.
Сайёр оммавий қабулга моддий ёрдам, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, ободонлаштириш ва йўлларни таъмирлаш, газ, электр, кўмир таъминоти бўйича одамларни қийнаётган жойида кўплаб кўриб чиқиб ҳал этилгани одамларда давлатимизнинг сиёсатига, ислоҳотларнинг истиқболига ишонч ўйғотди. Бунда айниқса қишки иситиш мавсуми билан боғлиқ кўплаб муаммоларнинг ижобий ечими мурожаат этувчиларни мамнун қилди.
Жумладан, сайёр қабул давомида ижтимоий соҳа муассасаларини иситиш учун 18 минг 739 тонна, аҳоли учун 12 минг тонна кўмир етказиб бериш масаласи ҳал этилди. 13 декабрь куни Ғаллаорол ва Дўстлик туманларида ўтказилаётган сайёр қабуллар давомида 32 вагон, жами 2 минг 208 тонна кўмир етказиб келинди.
Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётибди. Шу масъулиятдан келиб чиқилиб, вилоятнинг барча туманида ўтказилган сайёр қабулларда ҳар бир мурожаат қилувчининг муаммоси ўз вақтида ва оқилона ечим топишига ҳаракат қилинди. Ҳар бир мурожаатга эътибор одамларни бугунги кундан рози қилиб, эртанги кунга умид билан қарашларига сабаб бўлаётир.
Президентимиз томонидан одамларнинг мурожаатларига қулоқ тутиш ҳар бир мутасадди раҳбарнинг олдида турган энг муҳим вазифалардан бири сифатида қўйилаётганида чуқур маъно ва халқнинг турмушини яхшилашга қаратилган эзгу мақсад мужассам эканлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан ташкил этилган сайёр қабуллар давомида яққол акс этди.