Миллий озиқ-овқат саноати ривожи янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни тақозо этмоқда
2020 йил 5-6 март кунлари биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгашининг мажлиси бўлиб ўтади.
Инвестиция – иқтисодиёт драйвери
Мазкур тадбир Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, хорижий инвесторларни мамлакатимиз имкониятлари ва салоҳияти тўғрисида хабардор қилишда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, унда иштирок этадиган миллий компанияларимиз зиммасига улкан масъулият юклайди. Форумда Ўзбекистон номидан тақдим этиладиган инвестиция лойиҳалари пухта ва жозибадор бўлиши, маълум соҳаларни ривожлантириш ва модернизация қилишда янги куч сифатида майдонга кириши лозим.
Айни мақсадда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумига жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Компания томонидан “Coca-Cola”, “PepsiCo”, “MARS” (АҚШ), “Nestle” (Швейцария), “Olam” (Сингапур), “Lotte FOODS” (Корея Республикаси), “Kesko” (Финландия), “Magnit”, “А.Коркунов” (Россия), “Danone” (Франция), “Almaraf” (Саудия Арабистони) каби озиқ-овқат соҳаси бўйича жаҳоннинг юздан зиёд йирик компаниялари форумга таклиф қилинди.
Ўзбекистон 34 миллион аҳолиси билан минтақанинг муҳим истеъмол бозори саналиб, хорижий компанияларнинг доимий эътиборида. Шунингдек, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида бизнес муҳитни яхшилаш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хорижий сармоядорларнинг юртимизга қизиқишини янада оширмоқда.
“Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси форум доирасида ўнлаб хорижий компаниялар билан ишлаб чиқариш, савдо-иқтисодий соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича келишувларга эришишни режалаштирган.
Шунингдек, компания томонидан озиқ-овқат саноатининг муҳим тармоқлари, хусусан, гўшт-сут, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қандолатчилик, салқин ичимликлар, тамаки ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўз ичига олувчи 60 дан зиёд инвестиция лойиҳаси тайёрланган.
Форум доирасида мазкур лойиҳалар тақдимотлари ўтказилади. Озиқ-овқат соҳаси бўйича миллий ва хорижий компаниялар ўртасида бизнес учрашувлар, B2B форматдаги музокаралар ҳам ташкил этилади.
Бугунги кунда юртимизда 12 мингга яқин мева-сабзавот, гўшт-сутни қайта ишловчи, қандолат, алкоголсиз ичимликлар, ёғ-мой, тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ва бошқа турдаги озиқ-овқат саноатига ихтисослашган корхоналар фаолият олиб бораётган бўлса, улар сафини янада кенгайтириш, қўшимча қувватларни ишга тушириш инвестиция соҳасида халқаро ҳамкорликни кучайтиришни тақозо қилмоқда. Биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бу жараёнга муҳим туртки беради.
Тоҳиржон ЖАЛИЛОВ,
“Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси
Бошқарув раиси.