Меценатлик фаолияти: беғараз ҳомийлик қилган субъект ўз исмини ошкор қилишни истамаса...
ОНЛАЙН.
Парламент юқори палатасининг йигирма учинчи ялпи мажлисида “Меценатлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қўриб чиқилди.
Мазкур қонун давлатимиз раҳбарининг 2018 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимиздаги илм-фан, маданият, маънавият, санъат соҳаларга дахлдор ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида тайёрланган.
У маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш мақсадида ҳомийлик фаолиятини амалга оширишда юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилган.
Қонундаги “меценатлик” тушунчаси гарчи бизга кейинги йилларда кириб келган бўлса-да, унинг мазмун-моҳияти халқимизга қадим-қадимдан яхши маълум. Зеро, юртимиз азалдан илм-маърифат, маданият, маънавият ҳомийлари билан ҳам машҳур бўлган.
Қайд этилганидек, меценатлик фаолияти мамлакатимиздаги маданий мерос объектларини сақлаш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш учун шароит яратишга хизмат қилади. Қонуннинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, унда меценатлик фаолияти ихтиёрийлик, инсонпарварлик ва ҳисоботларнинг ишончлилиги принциплари асосида амалга оширилиши белгиланган.
Хўш, Меценатлик фаолияти қандай амалга оширилади? Ҳужжатда меценатлик фаолияти меценат ва кўмак олувчи ўртасида тузилган шартнома асосида рўёбга чиқарилади. Мазкур шартномада меценатлик кўмагини беришнинг мақсадлари, шакли, шартлари, муддатлари ҳамда ҳажмини, шартномавий мажбуриятлар бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда тарафларнинг жавобгарлигини, низоларни ҳал этиш тартиби назарда тутилган.
Таъкидланганидек, меценатлик кўмагидан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат қилиш механизмлари ҳам белгиланиши мумкин. Қолаверса, меценатлик фаолияти хусусидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида фақат меценатнинг розилиги билан тарқатилади. Яъни кимгадир беғараз ҳомийлик қилган субъект ўз исмини ошкор қилишни истамаса, унинг фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликка маълум қилинмайди. Лекин бу ҳолат кўмак олувчининг берилган ёрдамдан мақсадли фойдаланаётганидан жамоатчиликни хабардор қилиб боришига тўсқинлик қилмайди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.