ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

Мерос қолган уй учун солиқ тўланадими?

Мерос қолган уй учун солиқ тўланадими?

Солиқ кодексининг 378-моддасига асосан жисмоний шахслардан мерос ёки ҳадя тартибида, шунингдек, текинга олинган пул ва натура шаклидаги даромадларга солиқ солинмайди.

Яқин қариндош бўлмаган шахслар ўртасидаги кўчмас мулк, автотранспорт воситалари, қимматли қоғозлар, юридик шахсларнинг устав фондларидаги (устав капиталларидаги) улушлар эса бундан мустасно ҳисобланади ва улар белгиланган ставкада солиқ тўлайди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Музаффар Назаров иштирокидаги брифингда маълум қилинди.

Таъкидланишича, Солиқ кодексининг 369-моддасига асосан қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари ҳам жами даромад таркибига киритилмайди ва солиқ солинмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги тегишли қарорига асосан ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил 1 июлдан бошлаб ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида (яъни, бугунги кун ҳолатига 111,500 сўм) тўлайди.

Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланишида асос бўлади.

1 261
Муҳайё Тошқораева, ЎзА