Марғилонда нотўғри қўйилган йўл белгиси қанча ҳайдовчини жарима билан “сийлади”?
Қоидаларга кўра, тақиқловчи белгилар йўл ҳаракатига маълум чекланишлар киритиш ёки уларни бекор қилиш учун қўлланилади.
Йўл ҳаракати қоидалари барчамиз учун мажбурий бўлиб, ушбу қоидаларга амал қилишимиз биринчи навбатда ўз саломатлигимизни асраш ва албатта моддий жиҳатдан ортиқча чиқим бўлмаслигига олиб келади.
Мамлакатимизда амалда бўлган “Йўл ҳаракати қоидалари” Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги қарори билан қабул қилинган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл ҳаракатининг ягона тартибини белгилайди.
Қоидаларга кўра, тақиқловчи белгилар йўл ҳаракатига маълум чекланишлар киритиш ёки уларни бекор қилиш учун қўлланилади. Сўнгги вақтларда барча ҳудудларда йўл ҳаракати қоидалари бузилишини электрон воситалар орқали қайд этилиши кенг йўлга қўйилди. Бу энг аввало ижобий ҳолат бўлиб, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини ва жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлайди, энг асосийси, коррупцион муносабатларга чек қўяди.
Тақиқловчи йўл белгиларини қўйиш тартиби ҳам қонун билан белгилаб берилган бўлиб, тақиқловчи белгиларнинг ўрнатилиши фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чекламаслиги лозим.
Жорий йилнинг июль ойидан бошлаб, Марғилон шаҳри қоқ марказидаги чорраҳанинг атрофида, тўрт тарафидаги катта кўчаларда махсус автоматлаштирилган фото қайд этиш техника воситалари ишга туширилиб, ушбу воситалар чорраҳа атрофидаги ҳудудларда ўрнатилган тақиқловчи белгиларга амал қилмасдан келган ҳуқуқбузарликларни аниқлаб келган.
“Йўл ҳаракати қоидалари”га кўра, 3.27. “Тўхташ тақиқланган” тақиқ белгиси-транспорт воситаларининг тўхташи ва тўхтаб туриши тақиқланишини билдиради. Мазкур қоидага амал қилинмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 128/6-моддасининг 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида 669 000 сўм жарима жазоси тайинланиши мумкин. Ушбу ҳаракат жазо тайинланганидан сўнг бир йил давомида бир неча маротаба содир этилиши 15 бараваригача жарима билан жазоланиши мумкин.
Тошлоқ туман маъмурий судида Зикрилло Муллажоновнинг Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг жарима солиш тўғрисидаги қароридан норози эканлиги ҳақидаги шикоят аризаси кўриб чиқилди.
Мазкур юритилган ишдан маълум бўлишича, Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБнинг 2020 йил 16 августдаги жарима солиш тўғрисидаги қарорига кўра, З.Муллажоновга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексни 128/6- моддасининг 1-қисмига асосан 669 минг сўм жарима жазоси тайинланган.
Жарима тайинлаш тўғрисидаги қарорда шу куни куни соат 9:14 ларда Марғилон шаҳар Б.Марғилоний кўчасидаги “Макро” савдо мажмуаси олдида йўналишида З.Муллажоновга тегишли бўлган “Спарк” русумли транспорт воситасида ҳайдовчи тўхташ тақиқланган жойда тўхтаб, бу билан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 128/6-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб кўрсатилган ва жарима жазоси тайинланган.
Суд аризачини важларини текшириб, иш ҳужжатлари ва реал ҳолатни ўрганиб, Фарғона вилоят ИИБ ЙҲХБнинг қарорини бекор қилди.
Муҳокама қилинаётган 3.27. тақиқловчи белгиси Марғилон шаҳрининг Ипакчилар шаҳарчаси томондан шаҳар марказига келишда, “Халқ банки” Марғилон шаҳар филиали рўпарасида ўрнатилган бўлиб, қоидага кўра бу белги биринчи тартибга солинган чорраҳагача амал қилган. Ушбу белгидан тахминан 10-20 метрлар ўтгандан сўнг, аксинча шаҳар марказидан Ипакчилар шаҳарчаси томонга ҳаракатланишда йўлнинг ўрта қисмига ўрнатилган темир тўсиқларни тугаш жойи мавжуд бўлиб, бу ердан ортга қайрилиб олиш мумкин бўлган.
Бу ҳолатда эса, шаҳар марказидан келиб, ортга қайрилаётган автомашиналар ҳайдовчилари қайрилиш мумкин бўлган жойдан 10-20 метр узоқликда ўрнатилган тақиқловчи белгини кўриш имконидан маҳрум бўлганлар. Чунки ҳайдовчи қайрилиши давомида ўзига амалда кўриниши мумкин бўлмаган белгини сезмаслиги ва бу билан ўша ҳудудларда тўхташи мумкин эмаслигини амалда имкони бўлмаган. Аризачи ҳам айнан шу важ билан тегишли қарорни бекор қилишни сўраган.
Ушбу камчилик ҳақиқатда мавжуд бўлганини Марғилон шаҳар ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмасининг вакили ҳам суд мажлисида тасдиқлаб, хатолик 20 августдан сўнг бартараф этилиб, тақиқловчи белги автомашиналар қайрилганидан сўнг кўринадиган жойга кўчирилганини маълум қилди. Демак, тақиқловчи белги нотўғри жойда ўрнатилгани ушбу муносабатларга масъул идоралар томонидан ҳам тан олиниб, жойи ўзгартирилган.
Суд З.Муллажоновни ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги сабабли унга жарима жазоси тайинлаш ҳақидаги қарорни бекор қилиб, ишни юритишдан тугатди.
Ҳақли савол туғилади, масъул идоралар томонидан юқоридаги камчилик бартараф этилгунига қадарли неча ҳайдовчи аслида тақиқловчи белги борлигини билмагани ҳолда жавобгарликка тортилган ва қанча миқдордаги жарималарни тўлаган?
Қонун ва қоидалар энг аввало, жамият ва давлатни, жамият деганда эса фуқароларни манфаати учун хизмат қилиши лозим. Асосланмаган ва нотўғри қоидалар қўлланиши ёки қарорлар қабул қилиниши эса ушбу манфаатларни бузмаслиги лозим.
Аброрхон Акрамов,
Тошлоқ туман маъмурий судининг раиси