Мактаблар вазиятга қараб босқичма-босқич очилади
Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги масъуллари маълумот беришича, умумтаълим мактабларининг анъанавий фаолияти вазиятга қараб тикланмоқда.
Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги масъуллари маълумот беришича, умумтаълим мактабларининг анъанавий фаолияти вазиятга қараб тикланмоқда. Янги 2020-2021 ўқув йилининг барча фан мавзулари теледарслар орқали 14 сентябрдан бошлаб эфирга берилади.
Аввал мактабларда 14 сентябрдан бошлаб 2020/2021 ўқув йили бошланишини маълум қилган эдик. Бунда онлайн мактаб орқали барча синфларнинг дарслари бериб борилиши йўлга қўйилса, анъанавий шаклдаги мактаблар босқичма-босқич вазиятга қараб фаолиятини тиклайди.
Мактабларнинг анъанавий шаклда очилиши тўғрисидаги қарорлар ҳар бир мактаб бўйича индивидуал тарзда уларнинг ҳақиқий тайёргарлиги, ҳудуддаги ёхуд мактабдаги санитария-эпидемиологик вазият, ўқитувчилар орасида коронавирус касаллигининг қайд этилиши ҳамда соғлиқни сақлаш тизими хулосаларига мувофиқ фақатгина маҳаллий Кенгаш депутатлари рухсатидан сўнг қабул қилинади.
Республикамиздаги барча мактаблар юқорида санаб ўтилган ҳолатлардан келиб чиқиб босқичма-босқич очилиши режалаштириляпти. Анъанавий шаклда фаолиятини бошлаган мактаблар тўғрисидаги маълумот, доимий равишда ижтимоий тармоқлар ва расмий веб-сайтлар орқали вилоят ва туман халқ таълими бўлимлари томонидан эълон қилиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, анъанавий шаклда фаолиятини тиклаган мактабларнинг ўқувчилари мактабга бориши ёки уйда қолиб таълим олиши фақатгина ота-оналар томонидан белгиланиши зарур. Мактаб маъмурияти томонидан ўқувчиларни анъанавий шаклга жалб қилиш ва ота-онага босим ўтказиш тақиқланган.