ЎзА Ўзбек

17.09.2020 Чоп этиш версияси

Мактабда дарс пайти ўқувчининг ўлими юз бергани ҳақида тарқалган хабарга изоҳ​

Мактабда дарс пайти ўқувчининг ўлими юз бергани ҳақида тарқалган хабарга изоҳ​

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги 11-умумтаълим мактабида ўқув йили бошланишининг биринчи кунида, ушбу мактабнинг 9-синф ўқувчиси дарс вақтида тўсатдан вафот этгани ҳақида хабар тарқалди.

Ушбу нохуш хабарга ойдинлик киритиш учун вилоят халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати билан боғланиб, у ердан қуйидаги маълумотни олдик.

2020 йил 16 сентябрь куни Шароф Рашидов туман халқ таълими бўлимига қарашли 11-сонли умумий ўрта таълим мактаби 9-синф ўқувчиси Сағдуллаева Шаҳноза Ҳусан қизи мактабнинг биринчи сменасидаги 3-соати информатика дарси вақтида номаълум сабабга кўра соғлиги ёмонлашган ва шу вақтда вафот этган.

Ҳозирда ички ишлар ходимлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Ҳозиргача маълум бўлгани, вафот этган 9-“В” синф ўқувчисининг ҳолати эрталаб мактабга келганида жуда яхши, тана ҳарорати ҳам жойида бўлган. Барча ўқувчилар қаторида антисептик воситалар билан зарарсизлантирилган.

Шу куни “Хаваслик” Қишлоқ врачлик пункти шифокорлари 1-синф ўқувчиларини эмлаш учун мактабга келган. Улар ҳушидан кетган ўқувчи қизга биринчи ёрдам кўрсатган. Аммо бунинг фойдаси бўлмаган.

Халқ таълими маълумотномасида қайд этилгандек, айни вақтда ўқувчи қизнинг тўсатдан вафот этиши юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан суриштирув ва экспертиза ишлари олиб борилмоқда. Шунинг учун ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан воқеа тафсилотлари тўғрисида турли тахмин ва гумонларга берилмасликни сўраб, марҳуманинг ота-онасига Оллоҳ сабр беришини тилаймиз.

Бу мавзуга яна қайтамиз.



10 128
Т.БЕКНАЗАРОВ, ЎзА