Мағлубият ва ғалабани кўрган ўзбек жангчиси

20 ёшимда Тошкент вилояти Пискент туманидан Иккинчи жаҳон урушига чақирилган эдим, – деди суҳбат чоғида отахон.
Ғалабанинг 75 йиллигига
– 20 ёшимда Тошкент вилояти Пискент туманидан Иккинчи жаҳон урушига чақирилган эдим, – деди суҳбат чоғида отахон. – От минишни яхши кўрардим. Менга ўхшаган йигитлардан 200 нафарини танлаб, ҳар биримизга биттадан улов беришди. Отлиқ аскарлар дивизияси каби шуғуллана бошладик. 1941 йилнинг декабрида Чимкентга бордик. У ердан Ворошиловград шаҳрига юборишди. Сўнгра Украинанинг Донецк шаҳрига, Беларусга жўнатишди. Беш ойлик қайта ҳарбий тайёргарликдан сўнг, 2-Беларусь фронтининг 33-танк бригадасида жангга кирдик.
Маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон урушида маршал К. Рокоссовский қўмондонлигидаги 2-Беларусь фронти туб ўзгаришлар даврини бошлаб берган экан. Айнан шу ҳарбий қисмда бизнинг ҳамюртимиз Анорқул Ҳотамов қаторида юзлаб ўзбек йигитлари урушнинг сўнгги кунларигача жасорат кўрсатган.
– Мен хизмат қилаётган дивизиянинг штаби 1942 йилнинг июнь ойларида Беларусь ўрмонларида жойлашди, – деб ҳикоясини давом эттиради А.Ҳотамов. – Ўшанда кутилмаганда душманнинг ҳаво ҳужумига учраб, кўпчилик жангчилар ҳалок бўлди. Ҳар куни юзлаб кишилар ҳалок бўларди. Бизнинг дивизия катта талафот кўриб, ичкарига чекинди. Қаҳратон қиш кирганлиги боис, бутун фронтда машаққатли кунлар бошланди. Окопларда жангчилар устидан ўқлар визиллаб учарди. Бир зумга бўлса-да, кўзни юмиб ҳам бўлмасди. Кечаю кундуз шундай аҳвол. Бугун ёнингда бўлган сафдошинг эртага бўлмаслиги мумкин. Қорин тўйиб нон ейиш, бирпас мизғиб олиш хаёлдаги орзу эди.
Фақат бир неча кундан кейингина душман томон бутун фронт бўйлаб қарши ҳужумга ўтилди. Хайриятки, жангда олдинга қараб юриш бошланди. Беларусь ва Украина ерлари, Болтиқбўйи республикалари немис босқинчиларидан озод қилинди. Ундан кейин Польша ва Чехословакиядаги жангларда ҳам иштирок этдим. Немис армияси бутун фронт бўйлаб чекина бошлади. Шундан сўнг уруш ҳаракатлари Германия ҳудудига ўтди. Шу тариқа, 1945 йилнинг баҳор ойларида Берлинни эгаллаш учун ҳужум бошланди. Шиддатли жанглардан кейин май ойининг бошида Берлин эгалланди.
...Ғалаба! Ўшанда Анорқул Ҳотамов қувончдан кўз ёшларини яшира олмаганди. Бу ғалабани жангчилар ўзининг қуроллари билан осмонга ўқ узиш билан нишонлар, бир-бирини табрикларди. Аскар Анорқул Ҳотамовга ҳам ана шундай лаҳзаларда бевосита иштирок этиш насиб этганди.
Урушдан қайтган ўзбек қаҳрамони юксак эътирофга сазовор бўлди. А.Ҳотамов урушдаги жасорати туфайли II даражали “Улуғ Ватан уруши” ордени, “Берлинни забт этганлиги учун”, “Германия устидан қозонилган ғалаба учун”, “Жасорати учун”, “Жанговар хизматлари учун” ва бошқа ўнлаб медаллар билан тақдирланди.
Ана шундай эъзоз ва ҳурмат бугун табаррук 96 ёшли А.Ҳотамовни фаол ҳаётга ундаётган бўлса, ажаб эмас. Урушдан кейин у Пискент туманидаги Чимқўрғон қишлоғида ҳайдовчилик қилди. Отахон умр йўлдоши билан етти ўғил ва икки қизни тарбиялаб вояга етказди. Ўқитди, уйли-жойли қилди.
– Анорқул Ҳотамов каби уруш қатнашчилари вилоятимиз фахри, – деди Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Беҳзод Қобулов. – Биз уларни ардоқлаш ва кўкларга кўтаришимиз лозим. Чунки бу ёш авлод тарбиясида жуда муҳим. Шу боис, ҳукуматимиз томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳар доим қўллаб-қувватланмоқда ва кўмак берилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 30 март куни “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, унда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ўн миллион сўм миқдорида бир йўла пул мукофоти берилиши белгилангани бу фикримиз исботидир.