Маҳаллий Кенгашлар депутатлари учун ўқув курси ташкил этилди
Семинарлар 2 май куни якунига етади.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Олий Мажлис Сенати томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари учун 30 соатлик ўқув дастури асосида ташкил этилган махсус ўқув семинарлари ишини бошлади.
Семинарлар 2 май куни якунига етади. Ўқув семинарлари 2 босқичда ташкил этилиши режалаштирилган. Биринчи босқичда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида жорий йил 9-25 март кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг 831 нафар депутати иштирок этади.
Жорий йил 16 мартдан 2 майга қадар давом этадиган иккинчи босқичда халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг 5 минг 739 нафар депутати иштирок этади. Ўқув семинарлари Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда ҳудудларда ўтказилади.
Ўқув семинаридан кўзланган мақсад маҳаллий Кенгашлар депутатларининг ҳуқуқий, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий билимларини янада мустаҳкамлаш, ўз фаолиятларини тўғри ташкил этиш, аҳоли билан самарали мулоқот олиб бориш борасидаги кўникмаларини шакллантиришдан иборат.
Депутатлар эътиборига тақдим этилаётган ўқув дастурида Мурожаатномада белгиланган устувор вазифалар, жойлардаги маҳаллий вакиллик органлари, уларнинг доимий комиссиялари ва депутатлари фаолиятини самарали ташкил этиш, сайловчилар ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш, қонунлар ижросини таъминлаш ва уларни тарғиб қилиш каби мавзуларда машғулотлар ўтказиш кўзда тутилган.
Жумладан, бугун бўлиб ўтган биринчи семинар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифаларга, уларни амалга оширишда вакиллик органларининг ўрнига бағишланди.
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева ўз кириш сўзида Мурожаатномадаги “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғоя кундалик фаолиятимизга тобора чуқур кириб бораётган ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини оширишда, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда депутатларнинг янада фаол, янада ташаббускор бўлишига эришиш муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди.
Шу жиҳатдан маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида Кенгаш сўрови институти ва бошқа янги механизмларнинг жорий этилиши аввало, маҳаллий Кенгаш ижро ҳокимиятидан мустақил ишлашига замин яратади. Маҳаллий кенгаш ижро ҳокимиятидан холи ишлаганда ҳар бир депутатдан мавқеи, вазифалари, масъулияти нимадан иборат эканлиги бўйича қўшимча билим ва тажриба талаб этилади. Бугун бошланган ушбу ўқув семинарлари ҳам депутатларга бу борада таянч вазифасини ўтайди.
Ўқув семинарлари доирасида Олий Мажлис Сенати раҳбарияти, қўмита раислари ва ўринбосарлари, Давлат бошқаруви академияси профессор-ўқитувчилари томонидан маъруза ва амалий машғулотлар ўтказилади. Иштирокчилар учун “Тайм менежмент: вақтдан унумли фойдаланиш”, “Мулоқот самарадорлиги”, “Қарорлар қабул қилиш” мавзуларида махсус тренинглар ҳам ўтказиш назарда тутилган.