ЎзА Ўзбек

23.01.2020 Чоп этиш версияси

Нима учун Мўйноққа бориш керак?

Нима учун Мўйноққа бориш керак?

МЎЙНОҚ МЎЪЖИЗАСИ: ҲАҚИҚАТГА АЙЛАНГАН АФСОНАЛАР

Бир вақтлар донғи дунёга таралган Мўйноқ денгиз сувлари тортилгандан кейин қарийб ярим аср мобайнида умуман эътибордан четда қолиб кетган ўлкага айланиб қолган эди. “Мўйноқ” деса одамлар тасаввурида гўё дунёнинг нариги чеккаси тушунилар эди. Тан олиш керак, ҳаттоки кўп раҳбарлар Мўйноққа 2017 йилдан эътибор қаратила бошлагандан кейин илк қадамларини ташлади.

Шахсан ўзим Қорақалпоғистонда 20 йилдан ортиқ вақтдан буён яшаб келсам ҳам ушбу туманга илк бор 2015 йилда боришга муваффақ бўлган эдим. Шахсий ҳиссиётларим билан ўртоқлашадиган бўлсам, бундан 5 йил аввалги Мўйноқ билан ҳозиргиси ўртасида осмон билан ердек фарқ бор.

Ҳамон ёдимда. 2015 йил журналистлар билан туман марказидан репортаж тайёрлаш учун борганимизда, Қўнғиротдан Мўйноққача йўлда биронта автомашина учратмадик. Боргандан кейин қўшимча транспорт керак бўлиб қолди. Шунда ҳатто ҳокимликдан ҳам автомашина топа олмаганмиз. Туманда метан у ёқда турсин, ҳаттоки пропан ёқилғи қуйиш шохобчаси ҳам йўқ экан. Тушлик пайтида овқатланадиган жой қидирдик, шаҳар марказида фақат битта кафе бўлиб, у ерда ҳам шу куни ўқувчилар тадбир ўтказаётган экан.

0198388_b.jpeg

Бугун-чи? Бугун Нукусдан Мўйноқгача йўлда транспорт. Нукусда кўрмаган транспортларни Оролнинг қуриган тубида кўриб, ҳайратдан лол қолаётганлар қанча. 2015 йилда туман маркази кўчаларида фақат конденсат газ билан юрадиган мотоцикл ва “Москвич”ларни кўриш мумкин эди. Ҳозирда замонавий йўлтанламас автомашиналарни бошқа туманларда кўра олмассиз, лекин Мўйноқда бисёр.

2015 йили борганимда одамларнинг кўзларида умидсизликни кўриб, ҳақиқий фожеани ҳис қилган эдим. Ишсизлик, ҳар хил касалликлар, атмосферанинг ифлосланиши одамлар тинкасини обдан қуритган эди. Лекин шундай шароитда ҳам улар она юртини ташлаб кетмай, келажакка умид боғлаб яшади. Ва бу кунлар, ниҳоят, етиб келди.

photo5282955227898686380.jpg

Ҳозир ҳамма Мўйноққа бориб кўришни орзу қила бошлади. Шахсан ўзим хизмат юзасидан деярли ҳар ойда бораётган бўлсам ҳам, ҳар боришимдан олдин худди биринчи бор ташрифим каби юрагим отлиқиб туради.

“Нима учун Мўйноққа бориш керак?”

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ва @newmuynakcity телеграмм каналлари маҳаллий туризмга ҳисса қўшиш мақсадида айнан шу номда мега-танлов ташкил қилди.

Танлов шарти Мўйноққа бориш ёки саёҳат қилиш учун 3 та энг муҳим сабабни айтиб, ҳохлаган тилда видеога тушиб юбориш керак.

Ҳа, бугун Мўйноққа боришга сабаб кўп. Ўзига оҳанрабодек ром қилаётган ўлканинг меҳри бошқача. Кенг саҳролик инсонга қандайдир тушунтира олмайдиган куч бағишлайди. Қўнғиротдан ўтгандан кейин ана шу ҳис-туйғу вужудингизни эгаллаб олади. Бир вақтлар денгиз бўлган жойларга келганингизда хаёлингиздан кўп нарсалар кечиши аниқ.

Ниҳоят, Мўйноққа етиб келсангиз ўзгача ёқимли атмосферани сезасиз. Янгидан қурилган ва қурилаётган бинолар, ижтимоий объектлар янги ҳаёт бошланганидан дарак беради.

3.JPG

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 январдаги “Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида атиги 32 минг аҳолиси бор битта туман учун 1 триллион 485 миллиард 176 миллион сўм маблағ ажратилди (бунақаси ҳали Ўзбекистоннинг бошқа ҳеч бир ҳудудида бўлмаган) ва ўтган йилнинг ўзида қатор объектлар қурилди, реконструкция қилинди, капитал таъмирланди ва фойдаланишга топширилди.

Мўйноқда деярли ҳар куни янгиликлар юз бермоқда. Бир йилнинг ичида Мўйноқнинг қоқ марказида қад ростлаган 18х36 ўлчамдаги спорт зали, ёпиқ сузиш сув ҳавзаси, футбол ўйингоҳи, маданият маркази, 2000 киши сиғадиган амфитеатр, ёдгорлик монументи, Давлат хизматлари агентлиги, Туман электр таъминоти корхонаси биноси, Ҳунармандлар аллеяси, замонавий “Ёшлар маркази”, Курант минора соати, “Сурхон қуёши” мактабгача таълим муассасаси ва бошқа объектлар бутунлай янги шаҳарни пайдо этди.

23.JPG

3 йил ичида янгидан қурилиши белгиланган 42 та кўп квартирали уйларнинг 20 тасида қурилиш ишлари якунига етмоқда ва дастлабки уйларга эгалари жойлашмоқда.

Эски кемалар йиғилган жойда янгидан қурилган “Орол денгизи тарихи” музейида Орол денгизининг ўтмиши, турфа хил қушлар, балиқлар ҳақида маълумотлар, кемаларнинг турли ускуналари, тарихий фотосуратлар ва рассомларнинг ижод намуналари ўрин олган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ташаббуси билан янгидан қурилган “Future Muynak” ахборот технологиялари маркази ва “Вook cafe”нинг фойдаланишга топширилиши мўйноқлик ёшларнинг орзулари рўёбга чиқишида катта қадам бўлди. Чунки бу муассасаларда ёшларнинг компьютер технологияларини ўрганиши ва замонавий адабиётларни ўқиши учун барча қулайлик яратилган.

50.JPG

Энг сўнгги русумдаги замонавий компьютерлар билан таъминланган “Future Muynak” ахборот технологиялари марказида ёшлар бугунги кун талабига жавоб берадиган 2D-графика, 3D-моделлаштириш, веб-дизайнерлик, дастурлаш каби мутахассисликлар бўйича билимларни эгаллаш имкониятига эга бўлса, “Вook cafe” кутубхонасида бадиий ва бошқа китобларни ўқиб, билимини ошириши, маънан ҳордиқ чиқариши мумкин.

1 (4).JPG

Туман марказида барпо қилинган “Мўйноқ порлоқ текстил” тикувчилик мажмуасида 350 нафар хотин-қизнинг иш билан таъминланиши жуда муҳим воқеалардан бири бўлди. Шунингдек, Мўйноқда афсонавий консерва заводининг фойдаланишга топширилиши ҳам бутун халқни қувонтирди.

Давлат бюджети ҳисобидан 25 миллиард сўм эвазига қурилган балиқни қайта ишлаш ва консервалаш заводида балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш линиясини ташкил қилиш учун Россия Федерацияси Калининград шаҳрининг “Рыбтехцентр” корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган ускуналар олиб келиниб, монтаж қилиш ишлари амалга оширилди.

Мазкур лойиҳа ишга туширилиши билан корхонада йилига 3650 тонна балиқ қайта ишланади. 9 миллион дона балиқ консерваси, 780 тонна балиқ фарши, 400 тонна балиқ фелеси ва 200 тонна дудланган балиқ тайёрланади. Заводда 1000 тонна балиқ маҳсулотларини сақлаш учун музлатгичли омборхона мавжуд. Шунингдек, бу ерда 60 киши ишли бўлади.

Ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун “Мойнақ Аква саноат” давлат унитар корхонасига тумандаги умумий майдони 60 минг гектардан ортиқ бўлган 9 та сув ҳавзаси бириктирилган.

3af38d71-ea90-4f8c-3971-a2affd027d4a.jpg

Мана шундай янгиликлар юз бераётган бир пайтда Мўйноқни бир кўрмаслик учун қандай баҳона топиш мумкин?!

Мўйноқ билан Орол – донолик ва мардлик тимсоли

Қорақалпоғистондаги кўплаб таниқли давлат арбоблари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, олимлар, шоир-ёзувчилар, маданият соҳаси вакиллари Мўйноқда, Орол денгизига яқин жойда туғилиб ўсган.

Масалан, Бердақ ва Ажиниёз шоирлар асли мўйноқчилар. Халқ шоири Тилеуберген Жумамуратов ижодининг асосий маҳсули туғилиб ўсган жойи – Орол денгизи соҳиллари тўғрисида бўлди. Қорақалпоғистон Республикасини бошқарган Қаллибек Камалов, марҳум Сағиндиқ Нийетуллаев, Уббинияз Аширбеков ва марҳум Тимур Камаловлар ҳам Оролга яқин жойда туғилиб ўсган. Академик Жуманазар Базарбаев туғилиб ўсган Мўйноқ туманига тез-тез ташриф буюриб, улкан ўзгаришлардан баҳраманд бўлиб туради. Ушбу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.

Яқинда Мўйноқ кўчаларидан ўтаётганимда ёғочдан қурилган битта эски уй эътиборимни тортди. Ёнига бориб қизиқиб қараб турсам, мўйноқчи Пўлат оға “бу уйда Совет Иттифоқи Қаҳрамони Иван Фёдорович Махорин яшаган” деди. Шу уйнинг қошидаги яна бир уйни кўрсатиб, “бу уйда Москва шаҳрининг мэри (аслида КПСС Москва шаҳрининг биринчи котиби) Юрий Анатольевич Прокофьев яшаган” деб қўшиб қўйди.

Мўйноқ кўплаб мард ва доно кишиларни дунёга келтирган ва тарбиялаб берган. Орол мавж уриб турган пайтларда мўйноқлик йигитлар ҳарбий хизматда денгиз флотига жалб қилинган. Денгиз флотига эса энг кучлилар танлаб олинган.

Яқинда Мўйноқдан қайтиб келаётиб, машинага бирга минган ҳамроҳим билан суҳбатлашиб қолдим. Унинг тумандаги ўзгаришлар ҳақидаги фикрини билмоқчи бўлдим.

12 (1).JPG

– Кейинги йилларда жуда катта ўзгаришлар бўлди, – деди у. – Бу йил сув ҳам яхши. Халқнинг кайфияти янада аъло бўлди. Ўтган ҳафта сигирим яйловга кетиб келмай қолди. Яйлов деяётганим қуриб қолган кўлда ўсиб турган қамишлар. Кеча шу сигиримни излаб чиқдим. Кўлга сув кўп келиб, жонивор сувдан чиқа олмай қолган экан. Сув этик кийиб кўлнинг ичига кириб, олиб чиқдим. Лекин сув белимгача келди. Совуқ қотиб қолдим. Уйга бориб укол олдим.

Шу гапни у оддий қилиб, кундалик иш фаолияти каби айтаётган эди, мен эса “шу совуқда сувга тушдингизми?” деб ҳайратдан лол қолдим. Ноябрь ойида Мўйноқда анча совуқ бўлишини ҳисобга олсак, ҳамроҳимнинг бу ишини ҳақиқий мардлик, деб ҳисоблаш мумкин.

Ҳа, мўйноқчилар – мард халқ. Бунга яна бир мисол келтираман.

Бугунги кунда Орол денгизининг қуриган ҳудудида 5 миллион гектардан зиёд майдонда заҳарли пестицидлар билан тўйинган қумли-тузли чексиз саҳро пайдо бўлди. Ҳар йили шу саҳролардан 100 миллион тонна заҳарли чанг кўтарилади.

Экологик фожиа оқибатида Оролбўйи ҳудудида нафас йўллари касалликлари йилдан-йилга ортиб бормоқда.

9.JPG

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, сил билан касалланиш кўрсаткичи 100 минг одамга 50 тадан ортиққа тўғри келса, бу эпидемия ҳисобланади. Қорақалпоғистонда эса бу кўрсаткич 78 тани ташкил этади. Орол денгизига яқин ҳудудларда бундан ҳам юқори.

Ҳудудда камқонлик, онкологик ва бошқа касалликлар кўпаймоқда, гўдаклар ўлими ўртача кўрсаткичдан икки марта юқори.

Экологик фожиа туфайли ҳар 4-5 йилда ҳудудда сувсизлик юзага келиб, у 2-3 йиллаб давом этмоқда. Бу бутун агросаноат комплексига, жумладан, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, балиқчилик, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини саноатда қайта ишлаш ва бошқа соҳаларга салбий таъсир кўрсатмоқда.

photo5282955227898686382.jpg

Мана шундай қийинчиликларни матонат билан енгиб, фожиани омадга, туманни «Саҳро марвариди»га айлантириш учун фидокорона меҳнат қилаётган мўйноқчиларни мард халқ деб айтмаслик мумкинми!. Шунча қийинчиликларни бошидан кечирган халқни албатта бахтли кунлар кутиб тургани аниқ. Бахтли кунлар пойдеворини яратиш борасида ҳозир Оролнинг қуриган майдонида ўрмонлаштириш тадбирлари амалга оширилмоқда.

Чўл ўсимликлари – фожиа халоскори

Жорий мавсумда Орол денгизининг қуриган тубидаги 700 минг гектар майдонга саксовул, юлгун, қандим, қорабарақ ва бошқа яйлов-чўл ўсимликларини экиш белгиланган бўлса, бугунги кунга қадар режанинг қарийб 50 фоизи бажарилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси маълумотига кўра, жорий мавсумда экиш учун 2400 тонна чўл ўсимликлари уруғи йиғилиши белгиланган ва ҳозирги кунда деярли 2000 тоннаси тайёрланган. Уруғ тайёрлаш ишларига ишчилар билан бирга Мўйноқ тумани аҳолиси ҳам кенг жалб қилинган. Уруғнинг ҳар килограмига 10 минг сўмдан берилмоқда. Битта киши бир кунда ўртача 15-20 кило йиғиши мумкин.

3 (1).jpg

Уруғдан ўрмон экиш тадбирлари асосан тракторлар ва АН-2 самолётлари орқали амалга оширилмоқда. Шунингдек, дельтапланда уруғ сепиш ҳам йўлга қўйилди.

orol_dengizining_363_ming_gektar_urigan_maydoniga_saksovul_e.jpgҲозирда Оролнинг қуриган тубида ўрмонлаштириш тадбирларига 850 та техника (жумладан, 4 та самолёт) ва 2500 дан ортиқ ишчилар жалб қилинган. Мазкур тадбир 2018 йил декабрь ойида бошланган бўлиб, ўтган мавсумда 460 минг гектардан ортиқ майдонда чўл ўсимликлари экилган эди.

Умуман, ўрмонлаштириш тадбирлари денгиз чекингандан кейин, яъни ўтган асрнинг 80-йилларида бошланган бўлиб, қарийб 40 йил давомида атиги 400 минг гектар майдон ўрмонлаштирилган эди. 2018 йилгача, яъни янги ўрмонлаштириш даври бошлангунга қадар, Мўйноқда ўрмонлаштириш тадбирларига атиги иккита трактор (Т28 маркали) ва 10-15 ишчи жалб қилинган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич бир неча юз баробар ошган.

Оролга ҳаёт қайтмоқда

Бундан 20 йиллар аввал Орол денгизининг қуриган тубида 28 минг гектар майдонда экилган саксовулзорлар орасида ҳозирда ҳайвонот ва қушларнинг кўплаб турлари пайдо бўлган. Жумладан, ғозлар, ўрдаклар, йиртқич қушлар, қирғовул, қашқалдоқ, ондатра, бўрсиқ, чиябўри, тулки, бўри, қамиш мушуги, жайрон, ёввойи чўчқа ва бошқаларни кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан Қорақалпоғистон ҳудудида ўтказилган тадқиқот натижалари бўйича қушларнинг 137 янги тури аниқланган. Жумладан, минтақа орнитофаунаси учун янги 10 та тур фанда расман қайд этилган.

Биология фанлари доктори Света Мамбетуллаеванинг таъкидлашича, Оролбўйи минтақасида аввал учрамаган бегунок, шарқ клушаси (восточная клуша), узун думли читтак (длиннахвостая синица), кичик балиқчи қуш (малая чайка), катта читтак (большая синица), кичик чипор қизилиштон (малый пёстрый дятель), кул ранг каклик (серая куропатка), снегирь каби янги қуш турлари пайдо бўлган. Қуйи Амударёда экологик вазият пасайишига қарамасдан, ҳудудда табиий муҳитда баъзи ўтроқ ва кўчманчи қушлар учун қулай шароитлар ҳам юзага келди.

_DSC0065.jpg

Кейинги пайтларда Қорақалпоғистон ҳудудидаги кўлларга фламинго қушлари кўпайиш учун ҳам кела бошлади. Жумладан, Мўйноқ қўлтиғидаги кўллар тизими бўлган Судочье, Сариқамиш, Жалтирбас, Шегекўл каби кўллар фламинголарнинг кўпайиши учун ниҳоятда қулай ҳисобланади.

Яқин вақтларда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 885 минг гектар майдонга эга бўлган янги 4 та – «Судочье кўли тизими» (84,7 минг га), «Ақпеткей» (58,8 минг га) «Белтау» (188,3 минг га), «Междуречье Ақдарё – Қазақдарё» (22,2 минг га) буюртмахоналари ташкил қилиниши бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу буюртмахоналар биохилмахилликнинг янада ривожланишига кенг имкон яратади.

Мўйноқда энди сайёҳлар самолётларда сайр қилиши мумкин

Мўйноқ туманининг туристик салоҳиятини кўтариш мақсадида сайёҳларни самолётларда сайр қилдириш лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Ҳукуматнинг юқорида қайд этилган қарорида Нукус-Мўйноқ-Орол денгизи йўналишида (ва ортга) вертолёт ва самолётда йўловчи ташиш хизматларини ташкил этиш, 3 та АН-2 русумдаги самолётни таъмирлаш ва 2 та вертолёт сотиб олиш белгиланган. Нукус-Мўйноқ-Орол денгизи йўналишида (ва ортга) самолётда йўловчи ташиш хизматларини ташкил этиш бўйича Канада тажрибаси ўрганилмоқда.

Тумандаги аэропортни реконструкция қилиш учун эса бугунги кунда 35,6 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, 35,7 миллиард сўм молиялаштирилган.

Снимок.PNG

Қорақалпоғистон Республикасининг туристик салоҳиятини тарғибот қилиш мақсадида http://karakalpakstan.travel/ сайти ишга туширилган бўлиб, ҳозирда туманнинг сайёҳлик салоҳиятини намоён қилувчи ўзбек, рус ва инглиз тилларида маълумотлар киритилиб борилмоқда.

Ҳозирда newmuynakcity.uz веб-сайтига Мўйноқ туманининг сайёҳлик салоҳиятини намоён қилувчи ўзбек, рус ва инглиз тилларида маълумотлар тақдим этиб борилмоқда. Туманнинг турли ҳудудларида “селфи объект”лари ташкил этилган. “Ҳунармандлар аллеяси” ташкил этилди. Ҳунармандлар аллеясида 3 та ўтов ва 6 та дўкон жойлашган бўлиб, ўтовларда ёғоч ўймакорлиги, қуроқ буюмлари ва қўлда гилам тўқийдиган моҳир уста-ҳунармандлар жойлаштирилди. Дўконларда эса эсдалик буюмлари, миллий пойабзал маҳсулотлари, қўлда тўқилган гиламлар, миллий мусиқа асбоблари, совға буюмлари ишлаб чиқарадиган ҳунармандлар фаолият олиб боради.

30.JPG

Туристлар учун “Балиқчилик қишлоғи”ни кўриш ҳам қизиқ. Шу мақсадда “Балиқчилик қишлоғи”ни ташкил этиш учун “Тик-Ўзек”овул фуқаролар йиғини ҳудудида 2 гектар ер майдони ажратилди.

“Балиқчилар қишлоғи”да туристлар балиқчилар уйларини, балиқчилик уй-музейини томоша қилиши, қайиқда сайр этиши, балиқ овлаши, овқатланиши, автотранспортларда диққатга сазовор бошқа жойларга ташриф буюриши мумкин.

UrBJ2E2BfvOavRHm5vt689ZJm6LVfPWQ.jpg

Дарҳақиқат, афсоналар бугун Мўйноқда ҳақиқатга айланмоқда. Бутун халқ бир мақсад йўлида жипслашган Оролбўйида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар тарих сахифаларига олтин ҳарфлар билан ёзиб қолдирилади. Ва бу буюк ишлар, албатта, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев номи билан боғланади.


11 435
Есимхан ҚАНОАТОВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА