Куз-қиш мавсумига қай даражада тайёрмиз
![](https://cdn.uza.uz/2021/01/02/23/07/NVanhL25BKAFEckrM9tEldKNTN3buEAW_normal.jpg)
Мавсумга тайёргарлик юзасидан Тошкент вилояти Пискент туманида ҳам махсус ишчи гуруҳ тузилган.
Йилнинг совуқ мавсуми ҳамма вақт синов даври ҳисобланади. Унинг беталофат ўтиши эса кўрилган тайёргарлик жараёнига боғлиқ.
Президентимиз раҳбарлигида жорий йил 18 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа, аҳоли хонадонларини куз-қиш даврига тайёрлаш, мавсум беталофат ўтишини таъминлаш мақсадида барча ҳудудларда тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Мавсумга тайёргарлик юзасидан Тошкент вилояти Пискент туманида ҳам махсус ишчи гуруҳ тузилган. Коммунал соҳанинг самарали фаолият юритишини таъминлаш эътиборда. Кўп қаватли уйлар, корхона ва ташкилотлар, ижтимоий соҳа объектларида мавсумга тайёргарлик ишлари олиб борилди. Жумладан, туманда 41 та умумтаълим мактаби, 20 та мактабгача таълим муассасаси, тиббиёт бирлашмаси ва 1 та юқумли касалликлар бўлими, кўп тармоқли марказий поликлиника, 6 та қишлоқ оилавий поликлиникалари мавжуд. Улардаги 326 та иситиш қозонлари жорий таъмирланиб, айрим жойларда газ ва кўмир ёқилғисида ишлайдиган иситиш қозонлари ўрнатилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, жорий таъмирлаш, эскирган газ ҳисоблагичлари замонавий смарт ҳисобдонларга алмаштириш сингари ишлар учун 1 миллиард 469 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Айни пайтда 951 тонна кўмир захираси яратилди.
Пискент тумани аҳолиси, ташкилот ва корхоналар учун 65 та сув қудуғидан 206 километр сув қувурлари ўрнатилган. Бунинг натижасида шаҳар аҳолисининг 97 фоизи, қишлоқ аҳоли пунктларининг 89 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланди. Айрим жойларда сув қувурларининг 0.9 километри мукаммал, 4.1 километр қисми жорий таъмирланган.
Айни пайтда туманидаги 34 та кўп қаватли аҳоли турар жойларига 3 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатади. Давлат дастурлари асосида мазкур уйларни мавсумга тайёрлаш, томлар, дераза ромлар, фасад қисмлари ва кириш йўлакларини таъмирлаш мақсадида туман хокимлигининг бюджетдан ташқари 2019-2020 йилларда ажратилган 1 миллиард 915 миллион сўм маблағи хисобидан таъмирлаш ишлари олиб борилди. 20 та кўп қаватли уй-жойларнинг томи қаттиқ профнастил қопламаси билан қопланди.
Олис ҳудудлар аҳолисининг суюлтирилган газ ва кўмир ёқилғисига эҳтиёжини қондириш мақсадида жами 208 тонна суюлтирилган газ, 3 минг 649 тонна кўмир-брикет етказиб берилади. Куз-қиш мавсумида газ қувурларида босимни бир меъёрда ушлаш ва истеъмолчиларга тақсимлаш мақсадида 397 та газ тақсимлаш қутилари техник кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, 124 километр табиий газ тармоқлари кучли босим бардошлиги текширилди.
Аҳоли хонадонига 717 та смарт газ ҳисобдонлари ўрнатилди. Мазкур саъй ҳаракатлар ноқонуний газдан фойдаланиш ва авария ҳолатларини бартараф этишга ёрдам беради. Ёғингарчилик ва қиш-қировли кунларда нохуш ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида туман йўлларида ҳам мавсумга тайёргарлик ишлари олиб борилган.
Туманда умумфойдаланишдаги 189 километр йўлларнинг 63 километри давлат аҳамиятидаги 126 километр маҳаллий аҳамиятга эга йўллардир. Шу туфайли 4 километр ички йўлларга асфальт қопламаси қопланди, 24 километр йўллар жорий таъмирланди. Сирпанчиққа қарши 200 куб қум, 5 тонна туз заҳираси яратилди.
Баъзан фойдаланилган табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви учун тўловларни амалга оширишга беэътиборлик, ариқларга оқава сувлар оқизилиши сингари салбий ҳолатлар ҳам кузатилади. Шундай пайтда соҳа мутахассислари томонидан жамоат жойларида кенг кўламли тушунтириш ишларини олиб боришади. Мақсад табиий ресурслардан оқилона фойдаланишдир.
![photo_2020-09-25_16-33-28.jpg photo_2020-09-25_16-33-28.jpg](/upload/medialibrary/5c3/photo_2020_09_25_16_33_28.jpg)
![photo_2020-09-25_16-33-31.jpg photo_2020-09-25_16-33-31.jpg](/upload/medialibrary/da8/photo_2020_09_25_16_33_31.jpg)
![photo_2020-09-25_16-33-32.jpg photo_2020-09-25_16-33-32.jpg](/upload/medialibrary/0a9/photo_2020_09_25_16_33_32.jpg)