ЎзА Ўзбек

21.12.2019 Чоп этиш версияси

“Ким юртига содиқ бўлса, мендирман ўша!”

“Ким юртига содиқ бўлса, мендирман ўша!”

Андижон шаҳридаги ҳарбий горнизонда мамлакатимизда ўтказилаётган “Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги” доирасида “Ким юртига содиқ бўлса, мендирман ўша!” шоири остида ўқувчи ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда ҳарбий гарнизон ҳамкорлигида ҳарбий хизматчилар, умумтаълим мактабларининг 10-11 синф ўқувчилари иштирокида ўтказилган фестиваль очилишида мамлакатимиз Қуролли Кучларининг жанговар салоҳиятини ошириш, ёшларни ватанпарварлик, ҳарбий бурчга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди. 

4.jpg  

Фестиваль доирасида қатор тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилди. Жумладан, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи соврини учун вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида эълон қилинган “Ким юртига содиқ бўлса, мендирман ўша!” шиори остидаги “Ёш ҳарбийлар” мусобақасининг вилоят босқичида ёшлар ҳарбий ватанпарварлик, ватанга садоқат, давлат рамзларига ҳурмат, аждодлар меросидан қай даражада хабардор эканликлари борасидаги билимлари, фаол фуқаролик позицияси ва мустақил қарор қабул қилиш, чаққонлик, эпчиллик кўникмалари бўйича ўзаро баҳслашди.

Якунда юксак билим ва маҳоратларини намойиш этган Избоскан тумандаги 31-умумтаълим мактаби жамоаси ғолиб деб топилди. Андижон туманидаги 53- умумтаълим мактаби жамоаси иккинчи, Пахтаобод туманидаги 35-умумтаълим мактаби ва Андижон шаҳридаги 35-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати жамоалари учинчи ўринга сазовор бўлди. 

5.jpg  

“Ватан ҳимояси - олий қадрият” мавзусида ўтказилган иншолар, “Ватан - азиз, тинчлик - бебаҳо” мавзусида оммавий ватанпарварлик руҳидаги шеърлар танловларида ўқувчи ёшлар ўзларининг билим ва истеъдодларини намойиш этди.

- Ёзган ижодий ишим билан иншолар танловининг ғолиби бўлдим, - дейди Марҳамат туманидаги 14-умумтаълим мактаби ўқувчиси Мухлиса Қурбонова. - Ушбу фестивалда иштирок этиб, биз ёшларнинг Ватан ҳимоячиларига, ҳарбий хизматчиларга бўлган ҳурматимиз янада ортди, ҳарбий-ватанпарварлик борасидаги билимларимиз янада ошди. 

9.jpg

Андижон шаҳар, Андижон, Марҳамат, Хўжаобод, Қўрғонтепа, Избоскан туманларининг чақириққача ёшларни тайёрлаш фани ўқитувчиларидан иборат жамоалар ўртасида спортнинг волейбол, баскетбол, футбол турлари бўйича мусобақалар ўтказилди. Ҳарбий қисм хизматчилари ҳамда Андижон шаҳар умумтаълим мактаблари ўқувчилари жамоалари ўртасида ўтказилган футбол мусобақасини барча катта қизиқиш билан кузатди.

Ватан мадҳини тараннум этувчи “Мен Ватанимни куйлайман!” шиори остидаги қўшиқлар танловида эса Марҳамат туманидаги 20-умумтаълим мактаби ўқувчиси Аҳлиддин Холматов, “Ватан тинчлиги ва ободлиги болалар нигоҳида” мавзусида ўтказилган тасвирий санъат асарлари танловида Пахтаобод туман 21-ДИМИ ўқувчиси М. Маҳмуджонов, Андижон туманидаги 33-умумтаълим мактаби ўқувчиси Г. Мансуровалар ғолиб, деб топилди. 

11.jpg

“Янги Ўзбекистон - янги сайловлар!” шиори остида ўқувчи-ёшлар жамоалари томонидан ёшларнинг юртимиз келажаги ва равнақида муҳим жараён ҳисобланган сайловларда фаол иштирок этиши акс эттирилган саҳна кўринишлари, бадиий композицияларда юртдошларимизнинг эртага бўлиб ўтадиган сайловларда фаол қатнашишга чақириқлар янгради.

Ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари тадбир иштирокчиларига ўзгача шукуҳ бағишлади. Ўқувчи ёшлар ҳарбий қисмдаги ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар, ҳарбий хизматчиларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди. 

17.jpg  

Якунда фестиваль тадбирларининг фаол иштирокчилари, танловлар ғолиб ва совриндорлари вилоят халқ таълими бошқармасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

18.jpg

2 670
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА