Кичик саноат зоналари: Ангренда аҳвол қандай?
Жорий йилнинг 27 февраль куни Президентимиз раислигида тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди.
Жорий йилнинг 27 февраль куни Президентимиз раислигида тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди.
– Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 12-15 фоиз ёки 4-5 миллион аҳолимиз камбағал, – дея таъкидлади Давлатимиз раҳбари мазкур йиғилишда. – Бу уларнинг бир кунлик даромади 10-13 минг сўмдан ошмаяпти, дегани. Ёки бир оилада машина ҳам, чорва ҳам бўлиши мумкин, лекин бир киши оғир касал бўлса, оила даромадининг камида 70 фоизи уни даволатишга кетади. Хўш, бундай оилани ўзига тўқ дейиш мумкинми? Президент сифатида мени одамларимизнинг овқатланиши, даволаниши, болаларини ўқитиши, кийинтириши каби ҳаётий эҳтиёжлари нима бўлаяпти, деган савол ҳар куни қийнайди.
Видеоселектор йиғилишида аввало, ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят даражасидаги ҳақиқий шароит ва аҳволни таҳлил қилиш кераклиги қайд этилди. Бунинг учун, биринчи йўналишда камбағалликка оид реал аҳвол, яъни маҳаллалардаги даромади кам оилалар сони ҳақида маълумот йиғилиши, иккинчи йўналишда туман ва шаҳарнинг салоҳияти, табиий ресурслари, ер ва инфратузилма имкониятлари харитаси тузилиши белгиланди.
Шунингдек, тадбиркорлик яхши ривожланган ва аҳоли зич жойлашган ҳудудлар атрофида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ва бўш турган ер майдонларида кичик саноат зоналари ташкил этилиши, зарур инфратузилма яратиш учун ушбу зоналарни бошқариш дирекцияларига бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилиши ҳамда улардаги ер участкалари тадбиркорларга бозор қийматида эгалик ҳуқуқи билан сотилиши белгиланди.
Президентимизнинг мазкур йиғилишда белгилаб берган вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилоятида тегишли чора-тадбирлар белгилаб олиниб, изчил амалга оширишга киришилди. Айни вақтда вилоят бўйича жами 18 та кичик саноат зонаси фаолият олиб бормоқда. Жумладан, Ангрен шаҳридаги кичик саноат зонаси 2 та ҳудудда жойлашган бўлиб, 13 та лотга бўлинган ва 7 та лойиҳа жойлаштирилган.
Президентимизнинг 2017 йил 10 августдаги “Тошкент вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Ангрен кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси” ДУК ташкил этилиб, унга собиқ “Резинотехника” ОАЖ ҳудудидаги 2,67 гектар ер майдони бириктирилган.
Ушбу ҳудуд 7 та лотга бўлиниб, ўтган йили белгиланган тартибдаги тендер танловлари натижаларига кўра, 3,5 миллион доллар ва 22,7 миллиард сўмлик инвестиция киритиш ҳамда 280 та янги иш ўринлари яратиш шарти билан ғолибларга тақсимланган.
Улардан бири “KAOLIN CERAMICS” МЧЖ – керамик маҳсулотлари ва каолин хом ашёсини қайта ишлаб чиқариш корхонаси бўлиб, унга 1.77 гектар бўш ер майдонида умумий қиймати 3,5 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция киритиш ҳамда 120 та иш ўрни яратиш мажбурияти юклатилган. Айни вақтга қадар бу ерда 3 миллион 423 минг доллар инвестиция ўзлаштирилган бўлиб, зарур асбоб-ускуналар ва жиҳозлар тўлиқ олиб келинган. Ер текислаш, девор тортиш ишлари бошланган бўлиб, лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмоқда. Мазкур корхонани яқин орада ишга тушириш мўлжалланмоқда.
Қоғоз қутилар ва елим маҳсулотлари ишлаб чиқаришга йўналтирилган “Shenzhen construction equipment and engineering” МЧЖга эса, 0,60 гектар бўш ер майдони ажратилган ҳамда қиймати 21 миллиард сўм, шундан 15 миллиард сўм хорижий инвестиция киритиш ва 120 та янги иш ўрни яратиш мажбурияти билан жорий йилнинг биринчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган. Ҳозирги кунда мазкур корхонада ҳам лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланаётгани баробарида, қурилиш ишлари ҳам изчил амалга оширилмоқда.
“ELEKTRIK GROUP” МЧЖ корхонаси 0,18 гектар майдонда чиннидан электротехник изоляторлар ишлаб чиқаришни бошлаб юборди. Бу ерда 1 миллиард сўмликдан ортиқ инвестиция киритилиб, 20 та янги иш ўрни яратилди. Корхона томонидан ҳозиргача 8 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилиб, салкам 122 миллион сўмлик маҳсулот сотилди.
Шунингдек, брусчатка, шлакоблок, йўлак ва бетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Angren mega biznes” МЧЖга 0,12 гектар ерда ўз маблағи ҳисобидан 600 миллион сўм инвестиция киритган ҳолда 20 та иш ўрни яратиши белгиланган бўлиб, айни вақтда бу корхонада лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, текисланган ерга бетон қуйиш ва дастлабки маҳсулотни ишлаб чиқариб, сифат даражасини текшириш ишлари олиб борилмоқда.
Ангрен кичик саноат зонасининг иккинчи ҳудуди учун “Нақлгазмахсус-қурилиш” АЖ Намуна филиали 4-участкаси ҳудудидан 2 гектар ер ажратилган.
Ушбу ҳудуд 6 та лотга бўлинган бўлиб, ўтказилган тендер танловлари якунларига кўра, жами 2,7 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 80 та янги иш ўрни яратиш шарти билан ғолиблар ўртасида тақсимланган.
Жумладан, “Lider Mega Industry” МЧЖ келгусида 0,33 гектар майдонда алюмин профил ва МДФ эшик-ромлари ишлаб чиқаради. Бунинг учун корхона 600 миллион сўм инвестиция киритиб, 20 та янги иш ўрни мажбуриятини ўз зиммасига олган. Корхона 2020 йил июнь ойида фаолият бошлаши кутилмоқда.
“Angren Baraka Hamkor” МЧЖ эса, газоблок, шлакоблок, брусчатка ҳамда бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси бўлиб, 1,40 гектар бўш ерда 600 миллион сўмлик инвестиция эвазига 20 та янги иш ўрни яратиши ва жорий йилнинг иккинчи ярмидан ишга туширилиши назарда тутилган.
Темир-бетон ҳамда пластик панеллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Business park express” МЧЖ 0,42 гектар майдонда фаолият кўрсатади. Мазкур корхона ўз маблағи ҳисобидан 1,5 миллиард сўмлик инвестиция кирититган ҳолда 40 та янги иш ўрни яратиш ва жорий йил май ойидан маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлаши режалаштирилган.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, Ангрен кичик саноат зонасида ташкил этилиши мўлжалланган айрим корхоналар ер текислаш ишлари давомида аниқланган ер ости коммуникация тизимини бошқа жойга кўчириш, чиқиндиларни тозалаш ва бошқа шу каби кўп вақт талаб этадиган объектив-субъектив сабаблар боис ўз вақтида ишга туширилмаган. Афсуски, айрим тадбиркорлар томонидан турли баҳоналар билан қурилиш ишларини ортга суриш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
“Ангрен кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси” ДУК томонидан бу каби камчилик ва нуқсонларга барҳам бериш чоралари кўрилмоқда, албатта. Зеро, кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини ўз муддатида ва изчил амалга ошириш, ангренликларнинг ҳам меҳнат қилиб, бой бўлиши ва яхши ҳаёт кечириши учун барча шароитларни яратиш, ўз навбатида, вилоят ва республика иқтисодиёти барқарорлигига муносиб ҳисса қўшиш бугуннинг энг долзарб ва устувор вазифаси саналади.
Тошкент вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати