Хусусий корхона маҳсулотларига талаб ортмоқда
Энг асосийси, уларга вилоятнинг барча ҳудудларида талаб бор.
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги "Stell Roof Desk" хусусий корхонасида профнастил, тунука маҳсулотларидан металл конструкциялар ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани боис, харидорлар сони кўпайиб бормоқда.
Мазкур корхонанинг йиллик даромади 3 миллиард сўм бўлиб, тайёрланаётган маҳсулотлардан Тошкент ва Нурафшон шаҳарларидаги қурилиш объектларида кенг фойдаланилмоқда.
– Пандемия бошланган пайтдан ҳозирга қадар ҳам жамоамизда иш тўхтагани йўқ, – дейди корхона раҳбари Шавкат Турсунов. – Карантин талаблари асосида иш жараёни тизимли асосда ташкил этилган. Бугунги кунда биноларнинг том қисмини ёпиш учун ишлатиладиган 20 турдан кўпроқ тунукадан қурилиш материаллари ҳам ишлаб чиқараяпмиз. Энг асосийси, уларга вилоятнинг барча ҳудудларида талаб бор.