Харид қилган ҳовлимиз бузилмаслигини қандай биламиз?
«Бу ердаги уйлар бузилмас эканми?» бу савол ҳовли қилиб, уй солишни истаганларни доим ташвишга солиши бор гап.
«Бу ердаги уйлар бузилмас эканми?» бу савол ҳовли қилиб, уй солишни истаганларни доим ташвишга солиши бор гап. Негаки, кўпчилик кафтдек бўлса ҳам ўз ҳовлиси бўлиши ва унда дарахтлар, гуллар парваришлашни истайди. Бироқ, шаҳар бўйига ва энига ривожланаётган ҳозирги вақтда, сиз хонадон харид қилган маҳалладаги уйларни қурилиш майдонига айланиб қолиши ҳеч гап эмас.
Қурилиш вазирлиги тамонидан ўтказилган тизимдаги янгиликлар ва режаларга бағишланган матбуот анжуманида бу ва бошқа бир қатор саволларга жавоблар берилди. Хусусан, ҳаммага қизиқ бўлган давлат шаҳарсозлик кадастри геоахборот тизими геопорталга тегишли янгиликлар маълум қилинди.
Бу бизга нима беради? саволига “OʼzGAShKLITI” давлат унитар корхонаси бўлим бошлиғи Азимжон Примов шундай жавоб берди.
“ Бундай геопортал яратишдан асосий мақсад – давлат шаҳарсозлик кадастрини юритиш ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатлари ва маълумотларини жамоатчиликка онлайн режимда тақдим этишни ташкиллаштиришдир. Шаҳарлар, қишлоқлар ҳудудларини ривожлантириш, архитектура қиёфасини ўзгартириш ва шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солиш мақсадида кўплаб бош режалар ташкиллаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилган бўлиб, улар билан оддий аҳолимиз, фуқароларимиз, тадбиркорларимиз таниш эмас.
Биз ушбу геопортал орқали шаҳарсозликнинг асосий фундаменти бўлган ҳужжатлар, шаҳарларнинг Бош режалари ва ҳудудларни архитектуравий режалаштиришни ташкиллаштириш лойиҳалари (АПОТ) каби ҳужжатлар билан оддий аҳоли қатламини, тадбиркорларимизни таништирмоқчимиз.
Яъни, тадбиркор геопорталга кирган ҳолда ўзини қизиқтирган ҳудудда қанақа шаҳарсозлик фаолияти объектларини қуриш мумкин ёхуд маълум бир муайян шартларни бажарган ҳолда қуриш мумкинлиги ёки қайси фаолият турларига умуман рухсат берилмаслиги тўғрисида билиб олади. Шаҳарнинг келажакда кенгайиш режалари ва коммуникация, транспорт тармоқларининг ривожланиш схемалари билан танишган ҳолда ўз бизнеси учун қулай муҳитни танлаш имконини беради. Шунингдек, ҳар бир киши ўзи яшаётган ҳудудда қандай объектлар қурилаётганлиги, уларнинг лойиҳачиси ва бош пудратчиси ким эканлиги тўғрисидаги маълумотлар билан ҳам эркин танишади.
Айни вақтда геопорталда Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Қашкадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудидаги 80 дан ортиқ шаҳар ва шаҳарчаларнинг бош режалари, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги 122 та ҳудуднинг архитектуравий режалаштиришни ташкиллаштириш лойиҳалари (АПОТ) тўғрисида маълумотлар жойлаштирилган. Жорий йил якунига қадар барча вилоятларни қамраб олиш ва геопортални тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган”.
Қайд этиш жоизки, геопорталда рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар ўзларининг логин ва пароллари ёрдамида шаҳарсозлик ҳужжатларида ўрнатилган чекловлар (ҳимоя зоналари), муҳандислик коммуникация тизимлари ва уларни ривожлантириш режалари тўғрисидаги маълумотлар билан танишиш ҳамда уларни юклаб олиш имконияти мавжуд.
Геопортал фойдаланувчилари ўзларини қизиқтирган ҳудуднинг бош режасини ёки бош режанинг таркибий қисмларини қатламлар кўринишида картографик асос устига юклаши ва уларнинг шаффофлигини ўзгартирган ҳолда, ўзаро солиштириш йўли билан мониторинг юритиш имконияти мавжуд.
Демак, эндиликда ер олиб, шахсий уй-жой қурмоқчи бўлганлар ушбу портал маълумотлари асосида бехавотир қурилиш ишларини олиб боришлари мумкин.