Халоскор мурожаат
Биз енгганмиз. Биз енгаяпмиз. Биз албатта енгамиз!
Биз енгганмиз. Биз енгаяпмиз. Биз албатта енгамиз!
Президентимиз халқимизга учинчи бор мурожаатида ҳам жасорат ва матонат кўрсатаётган жонкуяр, олижаноб шифокорларимизга, давлат кўраётган чора тадбирларни фаол қўллаб-қувватлаётган азиз халқимизга раҳмат айтди.
Шу кунларда халқимиз маънавияти, фазилатлари ҳам синовдан ўтаяпти. Оммавий ахборот воситалари орқали ҳар куни 24 соат коронавирусга қарши тарғибот уруши кетяпти. Коронавирусдан ўзини, оиласини, ватандошларини қандай ҳимоя қилиш кераклигини билмаган одам қолмади. Лекин... 22 минг юртдошимиз карантин қоидаларини бузди. 330 киши карантин ҳудудини ташлаб кетган. Ҳатто 24 та тўй ҳам қилдик. Қандай кўнглимизга сиғди? Нега ҳаё қилмадик одамлардан?
Амир Темур, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Хоразмий авлодларимиз, деймиз. Нега унда тартиб-интизом, бир мушт бўлиб бирлашишда япон, немис, хитой халқлари бизга ибрат бўлаётир?
Президентимиз синов айёмида ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакилларини бир мушт бўлиб ҳаракат қилишга, касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслигимизни сўради. Бунга мисол қилиб, аҳолиси зич, қўшнилари билан савдо алоқалари ўта ривожланган Япония вируснинг кенг тарқалишига қандай қилиб йўл қўймаганини тушунтириб берди.
“Япон феномени”нинг сири нимада? Коронавирусдан ҳимоя чораларини улар ҳам, биз ҳам билдикку. Нега била туриб, бузяпмиз? Ана шунда бир олимнинг “Билимдан фойда йўқ. Фойда билимга амал қилишда”, деган гапи ёдга тушади. Масалан, сиз қўл, тирноқларингиз орасини тез-тез, совунлаб, камида 20 дақиқа давомида, яхшилаб ювиш кераклигини биласиз. Лекин ювмайсиз. Натижада сиздаги билимнинг фойдаси нолга тенг бўлади. Амал қилсангиз, билимдан келган фойда сизни ҳимоя қилади.
Япон ҳимояси японча саломлашиш, шахсий масофани сақлаш, тез-тез кийим алмаштириш, юз-қўлни ювиш, тўла ювиниш, тўғри овқатланиш, фаол турмуш тарзи ва спорт каби 13 қоида ва урф-одатларни сақлаб қолганида бўлиб чиқди. “Бу эса бизда ҳам азал-азалдан мавжуд – қўлини кўксига қўйиб саломлашиш, уйга меҳмон келганда қўлга сув қуйиш, жамоат жойларида масофани ушлаш, мева-сабзавотларни кўп истеъмол қилиш каби урфларимизни янада мустаҳкамлашни тақозо этади”, деди Президентимиз.
Коронавирус бизга ота-боболар удумларини қадрлаш, уларга амал қилиш кераклигини ҳам эслатди. Дарҳақиқат, уйга меҳмон келса, шаҳару қишлоқларимизда елкасига сочиқ ташлаган ўсмирларимиз илиқ сувли офтобада қўлимизга сув қуйишар эди. Овқатланиб бўлингач, яна бир бор, меҳмонлар ўтирган ҳолатида дастшўй ва офтоба билан қўл ювилар эди. Бу маданият, оммавий русум эди. Ҳа демай коронавирус ўтиб кетади. Миллий тарбиямиз удумларини тикласак, бошқа халқлар бизга ҳавас қилажак.
Коронавирус нафақат тиббий офат. У иқтисодий офатни ҳам бошлаб келади. Бу борада ҳам Президентимиз келиб чиқиши мумкин бўлган иқтисодий муаммоларнинг эрта олдини олишда жонкуярлик кўрсатмоқда. Тадбиркорлар, ҳунарманд ва фермерларимиз, корхоналарни қўллаб-қувватлаш борасида ўта муҳим фармон, қарорлар қабул қилинди. Раҳбарларга корхоналар, тадбиркорларнинг муаммосига алоҳида ёндашиб, уларни ҳал қилишда “бевосита бошқарув” режимига ўтиши кераклигини таъкидлади. Ҳар бир тадбиркор аҳволидан хабардор бўлишга чақирди.
Президентимиз маънавият, ахлоқ, хулқ масаласига алоҳида тўхталди. Бу бежиз эмас. Чунки мана шундай синов палласида одамлар хулқи қандай бўлади, қандай бўлиши керак, бизда қандай намоён бўлаяпти, деган саволлар ижтимоий тармоқларда кўп муҳокама қилиняпти. Чунки одамлар фойда учун инсофдан кечганларни ноинсоф, очкўз, хоин, деб лаънатламоқда. Инсоф учун фойдадан кечган марду майдонларимизни олқишларга, дуоларга кўмишяпти. Бу лаънат ва олқишларнинг сабаби бир қараганда уларнинг қилган ишларида кўринади. Ишдан олдинда нима туради? Ният. Ният нимадан? Маънавият, тарбиядан. Демак, ҳар бир иш, қилмиш одам маънавияти, тарбиясининг юзага чиқиши, кўринишидир. Яъни уларни инсофсиз ё инсофли қилган, бундан 20-30 йил олдин олган тарбиясига бориб тўхтайди.
Шу сабабли Президент мурожаатида тилга олинган “интизом”, “сабр-тоқат”, “масъулият” каби фазилатлар маъносини аввало ўзимиз тушуниб, сўнг болаларимизга етказайлик. Чунки: “Бу курашда тиббий чоралар билан бирга юксак тафаккур, қатъий интизом, сабр-тоқат ва улкан масъулият кўрсатишимиз лозим. Бу сифатлар бизнинг энг асосий ва энг таъсирчан қуролимизга айланиши шарт”.
Эътибор беринг, юксак тафаккур, қатъий интизом, сабр тоқат, улкан масъулият. Нима учун? Чунки бугун бизга тепловизорлар, ниқоблар, дори дармонлар керак. Айни вақтда агар бизда юқоридаги маънавий-ахлоқий фазилатлар етишмаса, интизом, масъулият, сабр-қаноат бўлмаса, дори-дармон ҳам кор қилмайди. Яъни халқнинг бир қисми ўз эртанги кунига, куч-қудратига ишонган, вазмин, донишманд, мард, матонатли, меҳр-оқибатли, ақл-заковатли, метин иродали ва қатъиятли бўлса-ю, бир қисмида бу фазилатлар етишмаса, коронавирусни енгиш қийин бўлади.
Президентимиз ҳар биримизга мурожаат қилиб, “Кўпга келган ва жаҳон аҳли азият чекаётган бу қийин кунлар, албатта, ўтади. Бизнинг буюк ва танти халқимиз кўп асрлик тарихида не-не бало-қазоларни, урушлар ва очарчиликларни мардонавор енгиб ўтган. Бу синовдан ҳам муносиб ўтиб олишимизга қатъий ишонаман. Ҳаммамиз янада жипслашиб, сабр-матонатли бўлсак, шифокорлар тавсияларига тўлиқ амал қилсак, албатта, бу касалликни тезроқ енгиб ўтамиз!” деди.
Худога шукрки, Ўзбекистонда касалликка чалинганлар сони дунё давлатлари орасида жуда камни ташкил қилади. Беморлар соғайиб, реабилитацияга ўтказилмоқда. Бу ўзбек тиббиётининг ғалабаси, десак, кам бўлади, бу қудрат ва имкониятларимизни халқ саломатлигига сафарбар қилган давлатимизнинг буюк салоҳиятидан хушхабар. Ҳа. Биз енгганмиз. Биз енгаяпмиз. Биз албатта енгамиз!
Муҳаммаджон Қуронов,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
раҳбарининг биринчи ўринбосари.