Халқ қабулхонаси: мурожаатлар ижобий ечим топмоқда
Келиб тушган мурожаатларни таснифи бўйича таҳлил қилинганда аксариятини уй-жой, ер билан таъминлаш, ишга жойлаштириш, алимент, соғлиқни сақлаш, газ, электр, сув, иссиқлик масалалари ташкил қилади.
Президентимизнинг Бухоро шаҳридаги Халқ қабулхонасига жорий йилнинг 9 ойи давомида 719 та мурожаат келиб тушган. Шундан 449 та мурожаат оғзаки, 270 та мурожаат ёзма шаклда қабул қилинган.
– Мурожаатларнинг 519 таси ҳудуддаги, 200 таси юқори ташкилотларга юборилган, – дейди шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Азамат Бекмуродов. – Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича таҳлил қилинганда жами 245 та мурожаат қаноатлантирилган. 156 та мурожаат ижобий ечимини топган бўлса, 180 таси ҳуқуқий маслаҳат ва маълумот бериш орқали ҳал қилинди. 182 тасига тушунтиришлар берилди. 8 та мурожаат рад қилинди.
Келиб тушган мурожаатларни таснифи бўйича таҳлил қилинганда аксариятини уй-жой, ер билан таъминлаш, ишга жойлаштириш, алимент, соғлиқни сақлаш, газ, электр, сув, иссиқлик масалалари ташкил қилади.
Ўтказилган таҳлилларга кўра, айрим ҳолларда мурожаатларни кўриб чиқишда масъул идоралар томонидан улардаги важлар тўлиқ ўрганилмасдан, мурожаатнинг ижобий ечимини топиш чоралари кўрилмасдан тушунтириш бериш билан чекланиб қолишади.

Масалан, фуқаро Феруза Қодирова 2020 йилнинг 13 август куни Бухоро шаҳар “Шейхон” маҳалла фуқаролар йиғини “Шейхон” кўчасида ободончилик борасида юзага келган тартибсизликлар, маҳалла раиси хатти-ҳаракатидан норозилик билдириб қилган мурожаати юзасидан шаҳар ҳокимлиги мутахассислари томонидан ўрганишлар олиб борилган. Масала жойида фуқаро иштирокида ўрганиб чиқилмасдан, мурожаатдаги важларни келиб чиқиш сабабларини қонуний таҳлил қилинмасдан, умумий тарзда фуқаролик судига мурожаат қилиш бўйича тушунтириш билан чекланган. Натижада фуқаро ушбу масала юзасидан такрорий мурожаат қилган.
Фуқаро Жаҳонгир Ражабов 2020 йилнинг 17 августдаги мурожаатида ўз мутахассислиги бўйича ишга киришга амалий ёрдам сўраган. Мазкур мурожаат шаҳар 3-сектор раҳбари томонидан ўрганилиб, ариза муаллифига мурожаати меҳнат бандлиги бўлимига юборилганлиги хусусида тушунтириш бериш билан чекланган.
Мурожаатларни ўрганиб чиқиш борасида бу каби ҳолатлар фуқароларнинг сарсон-саргардончиликда овора бўлиб юришларига, норозичилик кайфиятини туғилишига ҳамда уларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.
Мурожаатлар билан ишлаш, кўриб чиқиш ва ҳал этилиши даражаси юзасидан доимий мониторинг ва таҳлиллар олиб борилади. Шунга кўра жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида мурожаатларни кўриб чиқиш борасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ва уларни бартараф этиш юзасидан шаҳар Халқ қабулхонаси томонидан 48 та тақдимнома киритилди.
Киритилган тақдимномалар натижасига кўра, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган 3 нафар масъул ходимларнинг меҳнат шартномаси бекор қилиниб, хизмат вазифасидан озод қилинди. 5 нафар масъул ходимларга “ҳайфсан” интизомий чораси қўлланилди. 10 нафар масъул ходимлар интизомий жавобгарликка тортилиши хусусида расман огоҳлантирилди.
Шаҳар Халқ қабулхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрациясининг топшириғи асосида ҳудудларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари аҳволини ўрганиш борасида штаб аъзолари ҳамда ишчи гуруҳи таркиби шакллантирди. Ишчи гуруҳи аъзолари билан ўрганиш ишлари доимий амалга оширилмоқда.
Шаҳарда 65 та маҳалла фуқаролар йиғини, 50 минг 878 та якка тартибдаги хонадонлар, 1 минг 621 та кўп қаватли уйлар мавжуд. Уларда жами 115 минг 569 та хонадонлар бўлиб, 278 минг 296 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Ҳудудда 42 та мактаб, 80 та мактабгача таълим муассасалари, 14 та касб-ҳунар коллежлари, 3 та лицей, 4 та олий ўқув юрти, 81 та тиббиёт тизимидаги муассасалар, 86 та бошқа ижтимоий объектлар фаолият олиб бормоқда.
Ишчи гуруҳи томонидан ижтимоий объектларда шу кунга қадар жами 82 та ижтимоий ва бошқа объектларда ўрганишлар ўтказилди. Мазкур объектларда муаммоли масалалар аниқланди. Муаммоларнинг 36 таси жойида бартараф этилди.

Ўрганишлар давомида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш хусусида масъул идоралар раҳбарлари номига 6 та тақдимномалар киритилди.
– Кўчамиз ёғингарчилик кунлари доимо сув билан тўларди, – дейди шаҳардаги Афросиёб кўчаси 2-муюлишдаги уйда яшовчи фуқаро Бафо Қодиров. – Болалар қиш кунлари лойга ботиб мактабга боришарди. Айрим кўчалар ёмғир сувидан тўлиб тошарди. Аҳвол жуда ҳам ачинарли эди. Маҳалла аҳолиси билан сайёр қабулда мурожаат қилган эдик. Мурожаатимиз эътибордан четда қолмади. Уч кун ичида шағал ётқизилди. Эндиликда асфальт ётқизиш ишлари олиб борилади.
– 2018 йилда “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида маҳалламизда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, – дейди Хўжа Ғунжорий МФЙ раиси Рашид Саидов. – Лекин йўлларимиз абгор ҳолатда эди. Айрим сабабларга кўра, асфальт қилиш ишлари амалга ошмай қолганди. Халқ қабулхонасига қилган мурожаатларимиз бесамар кетмади. Ҳудудимиздаги Шафтолизор кўчасидаги 1 минг 135 километр, Таги Қалъа кўчасидан 530 метр ички йўллар асфальтлаштирилди.
– Кўп қаватли уйларимиз куз-қиш мавсумига тайёрмаслиги сабабли шаҳар халқ қабулхонасига мурожаат қилдик, – дейди Намозгоҳ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги А. Жомий 3/1, 3/2-уйларда яшовчи аҳоли номидан фуқаро Жамила Самиева. – Мурожаатимиз мутасаддилар томонидан атрофлича ўрганилди. Айни кунда тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Йўлакларда кечки пайт чироқлар ёнмоқда. Йўлак (подъезд)ларнинг ойналари янгисига алмаштирилмоқда. Томлар жорий таъмирланмоқда. Электр щитлари янгиланиб, фойдаланишга топширилмоқда. Кучли ҳаво босими орқали ер тўла қувурлари ювилди.