Карантин рухсатномасига эга бўлмаган дарахт кўчатлари йўқ қилинди
Шунингдек, юртимиз ҳудудига олиб кирилувчи импорт маҳсулотларнинг сифати, фитосанитар ҳолати юзасидан тегишли тартибда назорат кучайтирилмоқда.
Ўзбекистонни зарарли ва бошқа хавфли зараркунандалардан сақлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун қатор қулайликлар яратилмоқда. Шунингдек, юртимиз ҳудудига олиб кирилувчи импорт маҳсулотларнинг сифати, фитосанитар ҳолати юзасидан тегишли тартибда назорат кучайтирилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонунига асосан ишлаб чиқилган йўриқномага кўра, хориждан Ўзбекистонда яшовчи фуқароларга юқори даражадаги фитосанитар хавфга эга бўлган карантин остидаги маҳсулотни почта жўнатмаларида юборилиши таъқиқланиши, почта жўнатмаларида юқори даражадаги фитосанитар хавфга эга бўлган карантин остидаги маҳсулотлар келган тақдирда далолатнома тузилиши ва маҳсулот дарҳол йўқ қилиниши кўрсатилган. Маълумот ўрнида айтиш керакки, юқори фитосанитар хавфга эга карантин ости маҳсулотларига экиш материаллари, хусусан, кўчат, уруғ, пиёзбошлар,туганаклар кабилар киради.

Давлат чегарасидан турли маҳсулотларни олиб ўтаётган аксарият фуқаролар карантин рухсатномаси ва фитосанитария сертификати ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаганлиги учун ҳам турли муаммолар юзага келмоқда. Таъкидлаш ўринлики, кафолатсиз карантин объектлари билан мамлакат ҳудудига кирган зарарли организмлар худди коронавирус сингари кенг масштабда тарқалиб, иқтисодиётга жиддий зарар етказади! Ана шундай хавфни бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ходимлари қатор тадбирларни амалга оширмоқда.
“Ўздавкарантин” инспекциясининг ахборот хизматидан маълум қилишларича, Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини инспекцияси инспекторлари хорижий давлатлардан мамлакатимизга уруғликларни ва экиш материалларини олиб келиш билан боғлиқ бир нечта қонунбузарлик ҳолатларни аниқлади. Хусусан, импорт карантин рухсатномаси ва экспортёр давлатнинг фитосанитария сертификатисиз Япония давлатидан 200 туп чой дарахти кўчатлари, Озарбайжон давлатидан 3000 туп малина кўчатлари, Миср давлатидан 27 кг сидр барги, Туркия давлатидан 400 туп қулупнай кўчатлари, 41 туп олхўри, 150 туп анор ва 150 туп олма кўчатлари, Қозоғистон Республикасидан 6 кг пальма уруғи ва 10 туп зайтун кўчати, Россия Федерациясидан 5 туп арча ва 12 туп пальма кўчатлари Ўсимликлар карантини чегара маскани инспекторлари томонидан тўхтатиб қолинди.

Маҳсулотлардан намуналар олиниб, Марказий карантин лабораториясига юборилди. Текширув хулосалари ушбу карантин остидаги маҳсулотларда Республика ҳудуди учун зарарли ҳисобланган карантин объектлари мавжудлигини кўрсатди.
Амалдаги қонунчиликка асосан, маҳсулотлар “Ўздавкарантин” инспекцияси инспекторлари ҳамда тегишли ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирокида ёқиш йўли билан йўқ қилинди.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, бугунги кунда 24 та давлатдан юртимизга экиш материалларини импорт қилса бўладиган 109 та питомник реестри шакллантирилган. Италия, Туркия, Франция, Хитой, Жанубий Корея, Россия, Голландия, Нидерланlия каби давлатлар шулар жумласидандир. Тўлиқ рўйхат билан www.karantin.uz расмий сайти орқали танишиш мумкин.
Жорий йилнинг биринчи чорагида 1,5 миллион донадан ортиқ кўчат, 2 минг тоннадан ортиқ турли хилдаги уруғликлар импорт қилинди. Йил бошидан буён 6041 та карантин рухсатномаси, экспортёрлар учун эса 34424 та фитосанитария сертификатлари расмийлаштириб берилди. Асосийси, тадбиркорлар билан мулоқот қилишда тўлиқ электрон “онлайн” тизимига ўтилган бўлиб, юқоридаги каби масалаларда фуқароларга кўмак бериш ҳамда экспорт-импорт жараёнлари юзасидан муаммоларни ўрганиш учун телеграм ижтимоий тармоғида “uzdavkarantin_bot” ишга туширилди.
“Ўздавкарантин” инспекцияси тадбиркорларга бу каби кўплаб имкониятлар яратиб, янада қўллаб-қувватламоқда. Ҳар томонлама кўмак кўрсатилаётган айни пайтда, улар экспорт-импорт билан боғлиқ фаолиятини қонунчиликда белгиланган меъёрлар асосида амалга оширса, нафақат ўзи, балки мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланишига ҳам ҳисса қўшган бўлади.
“Ўздавкарантин” инспекцияси тадбиркорларга бу каби кўплаб имкониятлар яратиб, янада қўллаб-қувватламоқда. Ҳар томонлама кўмак кўрсатилаётган айни пайтда, улар экспорт-импорт билан боғлиқ фаолиятини қонунчиликда белгиланган меъёрлар асосида амалга оширса, нафақат ўзи, балки мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланишига ҳам ҳисса қўшган бўлади.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддасига мувофиқ, тадбиркорлар карантин остидаги маҳсулотларни олиб киришда карантин рухсатномаси, экспорт қилувчи мамлакатнинг ўсимликлар карантини ва уларни ҳимоя қилиш бўйича давлат органлари томонидан бериладиган фитосанитария сертификати ёки гувоҳномасини олишлари шарт.
Карантин рухсатномаси – бу карантин остидаги маҳсулотни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришга ёки унинг ҳудудидан транзит тарзида олиб ўтишга рухсат берилганлигини тасдиқлайдиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспексияси томонидан бериладиган ҳужжатдир. Унда экспорnёр давлат учун Ўзбекистон Республикасининг фитосанитар талаблари белгиланади.
Фитосанитария сертификати – карантин остидаги маҳсулотда ўсимликлар карантини объектлари мавжуд эмаслигини тасдиқловчи экспортёр давлатнинг тегишли ўсимликлар карантини ташкилоти томонидан бериладиган халқаро намунадаги ҳужжат.