ЎзА Ўзбек

20.04.2020 Чоп этиш версияси

Карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун уларни жарима майдончасига жойлаштириш масаласи юзасидан маълумот

Карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун уларни жарима майдончасига жойлаштириш масаласи юзасидан маълумот
1. Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуни 31-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг санитария муҳофазаси санитария-карантин назоратини амалга ошириш ва чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиш йўли билан таъминланиши белгиланган.

Шунингдек, юқумли ва паразитар касалликларнинг пайдо бўлиш ёки тарқалиш хавфи юзага келган тақдирда тегишли ҳудудларда ёки объектларда белгиланган тартибда чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиши мумкин.

Чекловчи тадбирлар (карантин) тушунчасининг бевосита мазкур Қонуннинг ўзида аниқ маъноси ва мазмуни очиб берилган бўлиб, у ўз ичига хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутади.

2. Юқоридагиларга асосан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги Ф–5537-сон фармойиши билан чекловчи тадбирларни (карантин) тезкор тарзда жорий этиш ва амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси (кейинги ўринларда Махсус комиссия деб юритилади) ташкил этилган.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори 12-бандида Махсус комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий эканлиги белгиланди.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 1-моддасига асосан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодекс, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа ҳужжатлардан иборатлигини унутмаслик лозим.

3. Шунга асосан, Махсус комиссиянинг 2020 йил 4 апрелдаги қарорида транспорт воситаларининг ҳайдовчилари автотранспорт воситаларининг махсус рухсатнома (стикер)сиз ҳаракатланишига йўл қўйилганда, транспорт воситалари коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартибнинг амал қилиш даврида ички ишлар органлари йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилиши тўғридан-тўғри белгиланган.

4. Айрим фуқаролар ва экспертлар автотранспорт воситаларининг махсус рухсатнома (стикер)сиз ҳаракатланиши билан боғлиқ масалалар йўл ҳаракати қоидалари доирасидаги ҳуқуқбузарлик деб нотўғри фикр юритишяпти.

Ушбу ҳолат йўл ҳаракати эмас, балки қарантин қоидаларини бузиш деб малакаланади. Мазкур талабларни, яъни карантин чекловларини бузган шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қодекснинг 54-моддасида белгиланган карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузган шахс сифатида жавобгарликка тортилади.

Шу муносабат билан, Кодекснинг 54-моддасидаги ҳуқуқбузарлик юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузувчи ва маъмурий ишни мазмунан кўриб чиқувчи ваколатли орган бу давлат санитария назорати органларидир.

5. Карантин қоидаларини бузувчи шахслар томонидан, жумладан тегишли ҳуқуқи мавжуд бўлмаган тақдирда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларининг ҳуқуқбузарликни давом эттирилишига йўл қўймаслик мақсадида, мазкур автотранспорт воситалари ички ишлар органлари томонидан жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилади.

Чунки акс ҳолда, мазкур шахслар томонидан карантин билан боғлиқ чекловларга риоя қилмаслик давом эттирилишига йўл очиб берилади. Ҳар қандай ҳуқуқбузарлик, аниқлангандан сўнг, унга дарҳол барҳам берилиши лозим, яъни ҳуқуқбузарлик давом эттирилиши тўлиқ тўхтатилиши шарт. Автотранспорт воситасининг ҳаракатланиши учун карантин шароитида асос бўлмаган ҳолатда ҳам ушбу қоида татбиқ этилади ва унинг кейинги ҳаракатига чек қўйилади, бу билан карантин қоидаларига риоя этиш таъминланади.

Давлат санитария назорати органлари томонидан тегишли баённомалар бевосита жарима майдончаларида расмийлаштирилиши йўлга қўйилган, чунки ҳар бир постда ушбу органлар масъул ходимлари иштирокини ва назоратини таъминлашнинг иложи йўқ. Юқоридаги механизм эса ҳуқуқбузарликнинг бугунги кундаги мураккаб эпидемиологик шароитда дарҳол тўхтатилишини ҳамда жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлайди.

Маълумот тариқасида келтириш мумкинки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 287-моддасига асосан ички ишлар органлари кодекснинг юқорида кўрсатилган 54-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилганда ҳуқуқбузарни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ваколатини ҳам қўллаши мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун уларни вақтинча жарима майдончасига жойлаштириш қонуний ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси 
Ички ишлар вазирлиги

4 397
ЎзА