ЎзА Ўзбек

02.06.2020 Чоп этиш версияси

Камбағалликдан чиқиш учун нима қилиш керак?

Камбағалликдан чиқиш учун нима қилиш керак?
Президент ташрифидан сўнг... 

Президентимиз жорий йилнинг 21-22 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида қийин шароитда яшаётган 40 мингдан зиёд оилаларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини, яъни доимий даромад манбаи билан таъминлаш орқали камбағалликдан чиқариш бўйича топшириқлар берган эди. Айни пайтда давлатимиз раҳбарининг топшириғи бўйича муайян ишлар олиб борилмоқда.

Аҳолини камбағалликдан чиқариш, кам таъминланганлар учун уй шароитида ўзини-ўзи банд қилиш борасида дастлабки ишлар бажарилди. Жумладан, эчкичилик, паррандачилик ва қуёнчилик йўналишида вилоятда 62 та кластер корхонаси тузилди. Уларга тижорат банклари томонидан кредитлар берилиши, кластер корхоналар эса ана шу кредит ҳисобидан имконияти ва хоҳишидан келиб чиқиб, эҳтиёжманд хонадонларга жўжа, қуён, эчки ҳамда уларни боқиш учун зарур ем-озуқа тарқатиши кўзда тутилган.

8.jpg

Асака туманидаги Баҳрин ва Ниёзботир маҳаллаларидаги 80 та хонадонга 20 мингта жўжа озуқаси билан тарқатилди.

– Оила бошлиғиман, – дейди Баҳрин маҳалласи Ҳуррият кўчасида яшовчи Баҳромжон Муҳаммадиев. – Асосан, мавсумий ишларни бажариш орқали даромад топардим. Афсуски, коронавирус туфайли жорий этилган карантин даврида мавсумий ишлар ҳам у қадар кўп бўлмаяпти. 

14.jpg

Оилани боқиш, тирикчилик ўтказишга анча қийналиб қолгандим. Президентимизга раҳмат, у кишининг ташаббуси билан мен каби инсонларга уйда иш билан банд бўлиш, даромад топиш имкони берилди.

Кластер корхона томонидан 250 та бройлер жўжа озуқаси билан берилди. Оиламиз билан боқяпмиз. Маълум вақт ўтиб, жўжалар катта бўлгач, уларни кластернинг ўзи сотиб оладиган бўлди. Харажатлардан қоладиган пул эса тирикчилик ўтказишимизга ёрдам бўлади.

11.jpg

"Баҳрин" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Умиджон Назаровнинг айтишича, ҳудуддаги 20 дан зиёд оила бройлер жўжаларини парваришламоқда.

Режага кўра, вилоятдаги чорвачилик ва паррандачиликка ихтисослашган кластер корхоналар томонидан 10 минг хонадонга 20 мингта эчки, 20 минг хонадонга 5 миллион дона жўжа, 7 минг хонадонга 70 мингта қуён берилиши мўлжалланган.

4.JPG

Юқорида таъкидланганидек, жўжа, эчки ва қуён эҳтиёжманд оилаларга бепул берилади. Масалан, бройлер жўжалар 1-1,5 ойда етилади. Етилган жўжаларни кластер бозор нархларида қайта сотиб олади. Бунда жўжа ва ем нархи чегириб ташланади. Эчкичилик йўналишида эса кластер корхона унинг сутини сотиб олади. Бир кунда битта эчкидан 3 литр сут соғиб олинса, икки бош эчкидан бир ойда 180 литр сут олинади. 

Бир литр сутнинг ўртача нархини 8 минг сўм десак, бир ойда 1 миллион 440 минг сўм бўлади. Бу даромаддан эчки нархининг маълум қисми ва озуқа нархи чегириб ташланади. Қуёнчилик йўналишида ҳам ана шундай тартиб асосида иш олиб борилади.

3.JPG

Заруратга қараб жўжа ва қуён боқувчилар учун махсус катаклар ҳам тақдим этилади. Албатта, бундай содда усул ўз самарасини беради. Энг асосийси, берилаётган парранда ва чорва ҳайвонлари учун бирор ҳужжат ёки кафолат талаб этилмайди.

Қийин шароитларда яшаётган аҳолини камбағалликдан чиқариш учун берилаётган маҳсулотлар, биринчи навбатда шу тоифадаги оилалар, ишсизларга тақдим этилади. Маҳсулот олувчиларнинг рўйхати маҳалла фуқаролар йиғини ва ҳокимликлар томонидан шакллантирилади.

4 872
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА