ШАРҲ: Ўзбекистонда катта ер ислоҳоти ўтказилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва «Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори юзасидан шарҳ.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва «Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори юзасидан шарҳ.
Ер умуммиллий бойлик, Ўзбекистон халқининг ҳаёти, фаолияти ва фаровонлиги асоси, энг муҳим табиий ресурс ҳисобланади.
Шу сабабли, ерлардан оқилона, самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминлаш давлатнинг энг муҳим вазифаларидан биридир.
Давергеодезкадастр қўмитаси узоқ йиллар давомида ушбу вазифани муайян даражада бажариб келди. Лекин, ерларни ажратиш, уларнинг ҳисобини юритиш, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, ер назоратини амалга ошириш вазифаларининг ягона органда тўплангани ер ресурсларидан оқилона фойдаланишда манфаатлар тўқнашувини юзага келтираётган эди.
Бир тасаввур қилиб кўрайлик: олис ва айни пайтда суғориладиган ерларга бой туманлардан биридасиз. Агар сиз бу ердан ер олмоқчи бўлсангиз, сизга керак бўлган ер участкасини туман ер тузувчиси ўлчаб беради, ҳоким қарорини ҳам ўзи чиқартириб беради, ер ҳисобини ҳам ўзи юритади, қаерга нима экиш кераклигини ҳам у аниқлайди, ерлар ва экинларни ҳам ўзи мониторинг қилади. Агар бу ер тузувчининг нияти тўғри бўлмаса, у истаган ерини истаган кишига ажратиб бериши, ноқонуний эгалланган ерларни исталган одамдан яшириши мумкин. Агар у инсофли, лекин бироз содда инсон бўлса, исталган пайт кимнингдир ноқонуний ишлари қурбонига айланиши мумкин.
Ушбу фармон, биринчи навбатда, мана шу ҳолатларга чек қўйишга қаратилган. Кадастр органлари эндиликда фақат ернинг ҳисобини юритиш билан шуғулланади. Қишлоқ хўжалиги ерларини ривожлантириш, хусусан, тупроқ бонитировкасини ўтказиш, қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматини аниқлаш, геоботаник тадқиқотларни амалга ошириш вазифалари уларнинг ҳақиқий эгаси – Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказилмоқда.
Барча кўчмас мулклар – ер участкалари, уларга бўлган ҳуқуқлар, бино ва иншоотлар 2021 йил охиригача давлат рўйхатидан ўтказилади
Биз неча йиллардан бери ер кадастрини юритишда муаммоларга дуч келмоқдамиз. Нега? Чунки биз пиёда юриб ўтказиладиган хатлов орқали ер ҳисобини юритмоқчи бўляпмиз. Бу йил бир марта айланиб чиқамиз, қанча инсон, қанча техника овора... Лекин биз қоғозга тушуриб чиққан маълумот келаси йилнинг ўзида реал ҳаётга яна тўғри келмай қолади. Кейин яна бошқатдан хатлов ўтказамиз. Хуллас, бу жараён узлуксиз давом этаверади.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Фуқаролик кодекси, Ер кодекси, Солиқ кодексида, яна бошқа ўнлаб қонун ҳужжатларида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилиши шартлиги белгиланган. Кўчмас мулк деганда биринчи навбатда ер участкаси, унга бўлган мулк ҳуқуқи, ижара ҳуқуқи, эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи тушунилади.
Лекин, афсуски, бизда қишлоқ хўжалиги ерларига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан деярли ўтказилмаган. Яъни фермерлар, кластерлар, деҳқон хўжаликлари ва ердан фойдаланувчи бошқа шахслар ер ажратиш ҳақидаги қарорни қўлларига олиш билан чекланадилар. Агар уларнинг ҳар бири ўз ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказганида эди, ер ҳисоби ҳам ўз ўзидан аниқ бўлган, ер кадастрини ҳам шунга қараб юритиш мумкин бўлган бўлар эди.
Фармонда ушбу масалага биринчи маротаба тизимли ёндашилган. Яъни, бундан буён ер участкасига бўлган ҳуқуқларни Миллий геоахборот тизимида тўғридан тўғри рўйхатдан ўтказиш тизими жорий этилмоқда. Бу худди сал олдинроқ бино-иншоотларни нотариал тасдиқлашда жорий этилган амалиётга ўхшайди. Нотариус бирор бир бинони сизга ўтиши ҳақидаги шартномани тасдиқлаб, уни бир вақтнинг ўзида онлайн режимда кадастрдан давлат рўйхатидан ўтказиб беради. Фармонда ер участкасига бўлган ҳуқуқ ҳам, у вужудга келган пайтнинг ўзида рўйхатдан ўтиши лозимлиги белгиланмоқда.
Лекин ушбу фармон қабул қилинганига қадар олинган ер участкаларичи? Уларнинг эгалари қўлида ҳоким қарори бор, лекин ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилмаган. Бундай ҳуқуқ эгалари ҳам, улар хоҳ давлат бўлсин, хоҳ нодавлат ўз маблағлари ҳисобига кадастр йиғма жилди тайёрлаб, ўзларига тегишли ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишлари шартлиги белгиланмоқда. Тўғри, бу осон иш эмас, лекин қачондир барибир шу йўлдан боришимиз керак. Фармон ушбу мураккаб, лекин тўғри йўлга барчамизни бошлаб беради.
Кадастр органлари Давлат солиқ қўмитаси тизимига ўтказилди
Фармонни биринчи ўқиган одамда шу пайтгача мавжуд бўлган Давергеодезкадастр қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси ўртасида қандай боғлиқлик, қандай умумийлик бор деган савол пайдо бўлади. Ҳақиқатдан ҳам ўринли савол. Лекин, агар масаланинг ичига чуқурроқ кириб борилса, бу қарорга бекорга келинмагани маълум бўлади.
Кадастр идорасининг асосий вазифаси нима?
Давлат кадастрлари ягона тизимига кирувчи 21 та давлат кадастрининг тўлиқ ва ишончли юритилишини таъминлаш. Оддий сўз билан айтганда, юртимиздаги барча ерлар, уларнинг остида ва устида қандай объектлар борлиги ҳақида ягона базани шакллантириш.
Савол: бу базанинг тўлиқ юритилишидан энг биринчи навбатда ким манфаатдор? Солиқ идоралари! Чунки ҳар қандай объект – у ёки бу маънода солиқ солиш объекти ҳисобланади. Унинг солиқ солиш объектига кирмаслигини, масалан тарихий-маданий объект, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудуд эканлиги тасдиқлаш учун ҳам кадастр маълумотлари керак бўлади.
Демак, биз ерлар, бино ва иншоотлар, бошқа кадастр объектларининг ҳақиқий ҳисобини билишимиз учун кадастр ва солиқ идораларининг ресурсларини бирлаштиришимиз керак, уларнинг ахборот тизимларини интеграция қилишимиз керак, оддийроқ айтганда, уларнинг бирини ўнг, иккинчисини чап кўзга айлантириб, битта объектни бир пайтда кўрадиган ва биргаликдан «синхрон» ҳаракат қиладиган қилишимиз керак.
Эҳтимол орадан яна йиллар ўтиб, барча объектлар ҳисоби тўлиқ қўлимизда бўлгач, сунъий йўлдош орқали ҳар бир ўзгаришни дарҳол аниқлаш имконияти яратилгач, барча давлат органларининг ахборот тизимлари реал вақт режимида бир-бири билан ахборот алмашишни бошлагач кадастр ва солиқ органлари яна ўз мустақил йўналишларида фаолиятларини давом эттиришар, буни вақт кўрсатади. Лекин ҳозирги босқичда бу икки идора фаолиятини биргаликда олиб бориши давлат, жамият, солиқ тўловчилар ва мулкдорлар учун фақат фойда, қулайлик ва қўшимча имкониятлар яратади, бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ.
«БТИ»лар ўрнида янги орган ташкил этилди
Ҳар бир вилоятдаги «Ермулккадастр» давлат корхонаси, уларнинг туман (шаҳар) филиаллари ҳақида эшитмаган ёки уларга иши тушмаган одам деярли бўлмаса керак. Ҳа, бу ўша, халқ тилида «БТИ» деб аталадиган ташкилот. Бу ташкилотнинг номи охирги ўн йилликларда бир неча бор ўзгарсада, унинг халқ орасидаги номи деярли ўзгармаганига сабаб бор, албатта. Тўғри, улар фаолиятига замонавий технологиялар жорий этилди, давлат хизматлари марказлари орқали хизмат кўрсатишга ўтилди, одамлар учун қанчадан қанча қулайликлар яратилди. Лекин уларнинг асосий фаолияти ҳалиям ўша-ўшалигича қолаётган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ушбу корхоналар негизида Давлат кадастрлари палатаси ташкил этилмоқда. Ушбу палатанинг олдинги корхоналар иш услубидан энг асосий фарқи – бу кўчмас мулкка кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ва уни давлат рўйхатидан ўтказиш билан битта идора шуғулланмайди.
Яъни, ҳозирга қадар агар сиз ўз мулкингизни рўйхатдан ўтказаман деб борсангиз, қўлингизга аввал шартнома тутқазишади: кадастр ишларини бажариш, техник инвентаризациядан ўтказиш ҳақида. Бу иш якунлангач, сиз яна ариза билан мурожаат қиласиз: кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш ҳақида. Филиалнинг битта ходими тайёрлаб сизнинг қўлингизга берган йиғмажилдни унинг иккинчи ходими текшириб қабул қилади. Жуда қизиқ.
Аслида аниқлаштириб олиш керак эди: давлатнинг бу жараёндаги вазифаси қаердан бошланиб қаерда тугаши керак? Жавоб аниқ: давлат фақат кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланиши керак, шартнома асосида, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиладиган соҳалардан давлат аста-секин чиқиб кетиши керак.
Ва ниҳоят, биз ҳам ана шу оддий ҳақиқатни англаб, тўғри ўзанга тушиб оляпмиз: эндиликда Давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари фақат регистрация билан регистрация орқали олган маълумотлари асосида давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш билан, ўзлари тўплаган маълумотларни ваколатлари органлардан олган ахборотлар билан бирлаштириб, Давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш билан шуғулланади!
Кўчмас мулкка кадастр йиғмажилдини тайёрлаш, шу мақсадда уни техник инвентаризациядан ўтказиш вазифасини эса давлат ташкилотларидан тадбиркорлик субъектларига ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда. Фикримизча, тез орада тадбиркорларга ушбу ишларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ҳужжат ҳам қабул қилинса керак. Унгача эса, Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиаллари бу вазифани бажариб туради. Бозор ўз эгаларига топширилгач бу филиаллар ҳам босқичма-босқич тугатиб борилади ва фақат олис, бориш қийин бўлган ҳудудларда қолдирилади.
Кадастр органлари энди ҳокимга эмас, юқори турувчи органга бўйсунади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ташкил этилди.
Фармонга кўра Кадастр агентлиги кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия ва картография ҳамда давлат кадастрларини юритиш соҳасида ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Ушбу Агентлик ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳамда давлат кадастрларини юритиш тартибини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни ҳам кўриб чиқади.
Фармон билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам қабул қилинди. Ушбу қарорга кўра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари негизида Кадастр агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ташкил этилди. Уларнинг бошлиқлари Кадастр агентлиги директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади. Бундан келиб чиқадики, энди улар фақат Кадастр агентлигига бўйсунади.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирга қадар «Давергеодезкадастр» қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ушбу Қўмитага, шунингдек, тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига ҳисобот берар, уларнинг бошлиқлари эса «Давергеодезкадастр» қўмитаси раиси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланар эди.