Қибрайда табиий газдан ноқонуний фойдаланаётганлар фош этилди
Жамият томонидан бир неча бор огоҳлантиришларга қарамай ҳудудда яшовчи айрим шахслар табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳалигача давом этмоқда.
Ҳозир замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали табиий газни ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш, йўқотишларни бартараф этиш ва ноқонуний фойдаланишларнинг олдини олиш чоралари кўриляти. Шунингдек, истеъмол қилинган табиий газ учун тўловларнинг ўз вақтида, тўлиқ ундирилишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Президентимизнинг 2020 йил 24 сентябрдаги “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишни тартибга солишда муҳим дастуриламал бўлди.
Шуни инобатга олиб, Тошкент вилояти Қибрай туманида ҳам айрим фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини қонуний бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш бошқармаси мутахассислари, ДХХ Тошкент вилояти бошқармаси туман бўлими ходимлари ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан биргаликда навбатдаги рейд тадбирлари ташкил этилди.
Жамият томонидан бир неча бор огоҳлантиришларга қарамай ҳудудда яшовчи айрим шахслар табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳалигача давом этмоқда. Туманидаги “Қипчоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида ўрганиш натижасида, ҳудудда жойлашган “Тўлқин сув” ширкатидаги У.Қосимовга қарашли дала ҳовоида тармоққа газ ҳисоблагичсиз уланиб, оҳак пишириш цехи ташкил қилингани аниқланди. У ерда 3 дона оҳак пишириш хумдони мавжуд бўлиб, уларга 18 дона қўлбола усулда ясалган ёндиргичлар ўрнатилган. Қайта ҳисоб-китоб қилинганда 98,7 миллион сўмлик зарар етказилгани маълуи бўлди.
Шунга ўхшаш яна бир қонунбузарлик ҳолати Юқори Чирчиқ туманининг “Нурли Замин” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро М.Мақсудовга тегишли ер участкасида аниқланди. Газ тармоғига ноқонуний уланиш “Принц G25” газ ҳисоблаш ускунаси орқали амалга оширилган.
Ўрганиш давомида 45 дона қўлбола усулда ясалган ёндиргич ўрнатилган 3 та оҳак пишириш хумдони топмилди. Ушбу фуқаронинг ноқонуний ҳаракати туфайли газ таъминоти ташкилотларига 75,3 миллион сўмлик зарар етказилган.
Қайд этилган қонунбузарликлар бўйича барча материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тақдим этилди. Айни пайтда бошқа ҳудудларда ҳам табиий газдан ноқонуний фойдаланишни аниқлаш бўйича рейдлар давом этмоқда.