Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёшлар билан учрашув ўтказди

Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасида бир гуруҳ ёшлар билан бошқарма раҳбар ходимлари ўртасида учрашув ташкил этилди.
Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасида бир гуруҳ ёшлар билан бошқарма раҳбар ходимлари ўртасида учрашув ташкил этилди.
Дастлаб раҳбар ва ёшлар ўртасида эркин мулоқот ташкил этилиб, бунда раҳбар ўз ҳаёт фаолияти давомида бошидан ўтказган машаққатлари тўғрисида сўзлаб берди, фикр ва мулоҳазаларини билдириб, ёшларни қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтарди.
Шу билан бирга ўқувларни соҳага доир қизиқтирган айниқса ўғил болаларнинг фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида фаолият юритиш билан боғлиқ саволларига мутахассислар томонидан тўлақонли жавоблар берилди.

Учрашувда Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Фарход Мирзаев ёшлар билан учрашар экан, ёшлар учун яратилган имкониятлар, таълим соҳасидаги янгиланишлар ҳақида айтиб берди.
Шунингдек,учрашувда фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида кўп йиллар хизмат қилиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлган ва ўз вазифасига садоқат билан ёндашганлиги учун вазирлик раҳбарияти томонидан муносиб тақдирланган, давлат мукофоти, кўкрак нишонларига эга бўлган қутқарувчилар томонидан ушбу касб масъулияти борасида ҳаётий ҳикоялар сўзлаб берилди.
Шундан сўнг, дастур бўйича мавсумий содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди ва мавзуларга оид эслатма, буклетлар тарқатилди.

Тадбирнинг амалий қисмида Фавқулодда вазиятлар бошқармаси тасарруфидаги жанговар автотехникалар намойиши ва уларнинг тактик-техник хусусиятлари ҳамда мавжуд асбоб-анжомлар кўргазмаси ташкил этилиб, ёшларга тушунтириш ишлари олиб борилди.
Тадбир сўнгида ўтган 2019 йил давомида “Қутқарувчи касби нуфузини ошириш ва ёшлар ўртасида ҳаёт фаолияти хавфсизлиги асосларини тарғиб қилиш” мақсадида тарғибот-ташвиқот тадбирларини юқори савияда ташкил этиб, вилоят ҳудудидаги бошқа таълим муассасаларига ўрнак бўлиб келаётган Қарши шаҳридаги 8, 34 ва 43-сонли умумий ўрта таълим мактаблари жамоасига Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ташаккурномаси ҳамда учрашув давомида фаол иштирок этган ўқувчи ёшларга эсдалик учун китоблар топширилди.



