Фарғонада ҳайдовчи қамалди
Ҳеч кимнинг мамлакатимиздаги қонун ва белгиланган тартиб-қоидаларни четлаб ўтиш ёки бузишга ҳаққи йўқ.
Ҳеч кимнинг мамлакатимиздаги қонун ва белгиланган тартиб-қоидаларни четлаб ўтиш ёки бузишга ҳаққи йўқ. Акс ҳолда қилмишига яраша тегишли жазо олиши аниқ.
Бугунги кунда айрим фуқаролар карантин қоидаларига амал қилмасдан турли ҳуқуқбузарликларга сабаб бўляпти. Хусусан, бу даврда ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан безорилик содир этиш ҳолатлари кескин кўпайди. Уларнинг аксариятини ёшлар ташкил қилаётгани ачинарлидир.
Марғилон шаҳрилик Ш.Азимов айни 24 ёшни қаршилаётган бўлса-да босар тусарини билмай қолган кўринади. У шериги билан бирга жорий йилнинг 5 май куни соат 17:50 ларда Қува туманидаги Учтол блок постига ўзининг “Спарк” русумли автомашинасида келиб, мақсадсиз тўхтаб олган. Бу ерда хизмат олиб бораётган йўл патрул хизмати инспектори бу ҳолатни кўриб, ҳуқуқбузарлик ҳаракати учун маъмурий баённома расмийлаштирмоқчи бўлади. Аммо Ш.Азимов ниқобини ечиб ташлаган ҳолда инспекторни уятли сўзлар билан сўкади. Бу ҳам етмаганидек, ҳайдовчи ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларини бажармасдан автомашинасида қочиб кетиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этилиши мумкин бўлган ҳаракатларни амалга оширган. Натижада унинг бошқарувидаги автомашинани тўхтатиш учун қўшимча кучлар жалб этилди.
Мазкур ҳуқуқбузарлик иши Қувасой шаҳар маъмурий суди томонидан кўриб чиқилди. Суд жараёнида Ш.Азимов қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, автомашина ҳужжатларида камчилик борлиги сабабли қўрққанидан қочмоқчи бўлганлигини айтиб ўтди. Ҳуқуқбузарга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Аслида мана шу ёшлар халқимизнинг оғир кунларида ёрдам бериб, фарзандлик бурчини бажариш керак эмасмиди? Балки 15 кун давомида буни тушуниб етар.