ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

Фаолиятимизда бош мезон – сифат

Фаолиятимизда бош мезон – сифат

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан Хўжайли пахта тозалаш заводи қошидаги пахта қабул қилиш масканида фермер хўжаликлари томонидан топширилаётган пахта хомашёсини қабул қилиш, миқдори ва сифатини аниқлашда вужудга келадиган муаммоларни ҳал этиш каби масалаларига бағишланган ўқув семинари бӱлиб ӱтди.

Тадбирда пахтани қабул қилиш, миқдори ва сифатини аниқлаш, вужудга келадиган муаммоларни ҳал этиш бўйича тузилган ишчи гуруҳи аъзолари иштирок этди.

Таъкидланганидек, 2020 йил етиштирилган пахта хомашёси тўлиқ пахта тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперациялари таркибидаги пахта тозалаш корхоналарида қайта ишланади. Тўқимачилик саноатида муҳим хомашё ҳисобланган пахта толаси сифати нафақат уни пахта тозалаш корхоналарида сақлаш, қайта ишлаш жараёнини тўғри ташкил этилишига, балки далаларда сифатли териб олиш, уларни пахта тайёрлов масканларида тўғри қабул қилиш ва ғарамларга нави, намлик ва ифлослик кўрсаткичи бўйича тўғри жамлашга ҳам боғлиқ.

Шу билан бирга пахтани қабул қилишда нави, ифлослиги, намлиги ва миқдорини тўғри аниқлаш фермер хўжалиги томонидан топширилаётган пахтанинг харид нархларини ҳаққоний белгилаш, пахтанинг кондицион вазни бўйича адолатли устама ва чегирмалар қўллашда ҳам муҳим ўрин тутади. Пахтанинг сифати ва миқдорини аниқлаш натижалари тайёрлов маскани лабораториялари ходимларининг синовларни ўтказиш малакаси, стандарт талабларини билиши, қўлланиладиган синов воситалари ва жиҳозларнинг талабларга жавоб беришига боғлиқ. Чунки уни қабул қилиш, синовларни ўтказиш тартибини ўрганиш ноўрин низоли ҳолатларни келиб чиқишини олдини олади, пахтани тоза ва қуриқ териш орқали устамалар олишни рағбатлантиради.

–Бу йил Оролбӱйи пахтакорлари томонидан 86 минг 291 гектар майдонга уруғ қадаб, 196 минг тонна сифатли пахта хомашёсини йиғиштириб олиш режалаштирилган, – дейди "Ўзагроинспекция"нинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Пахта хомашёси, дон, уруғлар ва уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори Мақсет Джумамуратов. – Айни вақтда ҳудудда фаолият юритиб келаётган «Amudaryotex» хусусий корхонаси, «Agro To'rtko'l tekstil cluster», «Beruniy Cluster», «Bo'ston Cluster» ҳамда «Таqiatas tex» масъулияти чекланган жамиятлари пахта тўқимачилик кластери ва “Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш кооперацияси”га қарашли 2 та пахта тозалаш корхонаси томонидан ҳосилни қабул қилиб олиш учун 39 та пахта қабул қилиш маскани мавсумга тайёрланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги “2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, пахта қабул қилиш масканларидаги лабораторияларда пахта хомашёсини қабул қилишда соф (физик) вазн билан кондицион вазн ўртасидаги фарқларнинг ҳаққонийлиги ва чегирмаларнинг қўлланилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатиш ҳамда тарафлар ўртасида юзага келадиган низоларни ҳал этиш мақсадида ҳудудларда малакали мутахассислардан иборат “Арбитраж” гуруҳлари ташкил этилди.

Семинарда лабораторияда пахта хом-ашёсини синов жараёнларида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар сабабли келиб чиқиши мумкин бўлган низоли ҳолатлар юзасидан тушунчалар берилди ва эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди. Қабул масканларига келтирилган ҳосилнинг намлиги, ифлослилик даражасини аниқлаш, лаборатория текширувларини ўтказиш, ишни меъёрий ҳужжатлар асосида ташкил этиш каби масалалар алоҳида қайд этилди.

1 650
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА