Эпилепсия касаллигида парҳез муҳим
Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида болалар неврологлари иштирокида “Болалар резистент эпилепсия касаллигида кетоген парҳезни қўллаш” интерфаол таълим курси бўлиб ўтди.
Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида болалар неврологлари иштирокида “Болалар резистент эпилепсия касаллигида кетоген парҳезни қўллаш” интерфаол таълим курси бўлиб ўтди. Семинар Жанубий Кореянинг эпилепсияга қарши кураш жамияти ва Эпилепсияга қарши кураш халқаро лигаси томонидан ташкил этилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг статистик маълумотларига кўра тутқаноқ касаллиги ер шарининг турли ёшда бўлган 0,5 фоиз аҳолисида учрайди. Унга хос белгилар хуруж ҳолида кузатилувчи ҳушдан кетиш ва тана мушакларининг айрим гуруҳларида титраш рўй беришидир. Баъзи ҳолларда тутқаноқ бемор танасининг ҳамма мушакларида ёки диффуз (тарқоқ) ҳолда рўй бериши мумкин. Бу касалликнинг келиб чиқиши баъзан ирсият билан ҳам боғлиқ бўлади. Илгари бу гуруҳга кирувчи тутқаноқ касаллиги гениун эпилепсия деб аталган.
Тутқаноқ ривожланиши ёшларда кўп учрашининг сабабларидан бири, улар миясининг пўстлоқ қисмида асаб ҳужайралари (нейронлар) сони катталарникига нисбатан уч маротаба кўп бўлади. Демак болалар миясининг қўзғалиш хусусияти ҳам ўрта ёшли кишиларникига нисбатан уч маротаба каттадир.
– Болаларда эпилепсия касаллигида кетоген парҳези муҳимдир, дейди дейди невролог Луиза Ҳусанбоева. – Бу касаллик билан касалланганлар овқат рационида қовурилган гўшт кўп, углеводлар кам бўлиши керак. Чунки организмга тушган қовурилган гўшт парчаланганда кетон таначалари ажралиб чиқади ва бош миядаги эпилептоген ўчоқларини сўндиради. Шу боис халқаро эпилептологлар ассоциацияси томонидан бу касалликда кетоген парҳез тартиб-қоидалари ишлаб чиқилган. Демак, юрак қон-томир касалликларида истеъмол қилиш мумкин бўлмаган қовурилган гўштли овқатлар эпилепсияда тавсия этилади.
Углеводлар (шакар) ёки таркибида углеводни кўп сақловчи озиқ-овқатлар, яъни турли хил ширин пишириқлар, асал, гуруч, картошка мазкур касалликда жуда кам истеъмол қилиниши керак. Болаларнинг овқат рационида қовурилган ёғли гўштлар, жигар, тухум кўп бўлиши лозим.Шунингдек, сут, сариёғ, пишлоқ, ёнғоқ, мева-сабзовотлар ҳам кўп тановвул қилиниши лозим.