ЎзА Ўзбек

10.03.2020 Чоп этиш версияси

Энди сарсон бўлиб ўзга юртларда юрмайман

Энди сарсон бўлиб ўзга юртларда юрмайман

Бу Жалақудуқ тумани Қорадарё маҳалласида яшовчи Ойбек Маматхўжаевнинг сўзлари.

–Оилада 8 нафар фарзандмиз, – дейди Ойбек. Қишлоғимизда қиладиган тайинли иш йўқлиги учун ҳар йили эрта баҳордан иш излаб Россия давлатига кетар эдик. Президентимиз ташаббуси билан ёшларга деҳқончилик қилиш учун ер ажратилганидан жуда хурсанд бўлдим. Ўз юртингда, ота-она бағрида бўлиб ишлаганга нима етсин. Бунинг учун Президентимизга, ҳокимларимизга мингдан-минг раҳмат.

Андижон вилояти Хўжаобод ва Жалақудуқ туманларида уюшмаган ёшларга деҳқончилик қилиш учун 20 сотихдан ер ажратилди.

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида: “Биз бу йил хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарамиз” деган фикрни айтиб, қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурган эди. Ана шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, айниқса, уюшмаган ёшлар вакиллари бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. 

2 (1).JPG

Мазкур йўналишда Андижон вилоятида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, иш билан банд бўлмаган ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида туман ҳокимлари қарори асосида боғ ташкил қилиш, деҳқончилик билан шуғулланиш учун ёшларга ер майдонлари ажратилмоқда.

Хонадонларга кириш, сўровномалар ўтказиш орқали вилоятдаги 882 та маҳаллада яшовчи умумтаълим мактабини тамомлаб, олий ўқув юртларига ўқишга кира олмаган ёшларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларнинг қандай фаолият билан шуғулланиш истаги борлиги ўрганилди.

Ўрганишларга кўра, вилоятда 117 минг 272 нафар уюшмаган ёшлар мавжудлиги аниқланди. Шундан 74 минг 51 нафари ишлаш учун хорижий давлатларга чиқиб кетганлиги, айни пайтда 43 минг 221 нафари вилоят ҳудудида истиқомат қилаётганилиги маълум бўлди.

Уюшмаган ёшларнинг қизиқишлари, касбга бўлган хоҳишларидан келиб чиқиб, уларнинг 9 минг 322 нафари тикувчилик ва текстиль соҳасида, 4 минг 688 нафари қурилиш, 5 минг 538 нафари давлат корхоналарида, 7 минг 697 нафари бошқа турли соҳаларда ишламоқчилиги, 4 минг 502 нафари деҳқончилик билан шуғулланиш, 11 минг 474 нафари эса ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагида эканлиги маълум бўлди.

7.JPG

Уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни мувофиқлаштириб бориш мақсадида вилоят штаби ташкил этилди. Ҳар бир йўналишда ишларни самарали ташкил этиш бўйича вилоят ҳокимининг ўринбосарлари масъул этиб тайинланди.

Олиб борилаётган ишлар натижасида ҳозирга қадар уюшмаган ёшларнинг 4 минг 450 нафари доимий иш билан таъминланди.

Хўжаобод туманидаги Иттифоқ массивида Ёшлар боғини барпо этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мазкур массивдан 74 нафар ёшга деҳқончилик қилиш учун 20 сотихдан 14,8 гектар ер майдони ажратиб берилди. Боққа Шаҳрихонсойдан насос ёрдамида лотоклар орқали сув келтириладиган бўлди.

– Коллежни тамомлаганимдан буён иш тополмай бекор юргандим, – дейди Хўжаобод тумани Сўқалоқ маҳалласида яшовчи Абдулатиф Сатимов. – Юртбошимизни ёшларга кўрсатаётган эътибори билан деҳқончилик қилиш учун мен каби кўплаб ёшларга 20 сотихдан ер майдони ажратилди. Энди бекор юрмай, шу ерда деҳқончилик қилиб оиламга даромад, жамиятимизга фойда келтириш учун астойдил ишлайман.

Мазкур ёшлар боғида 5 гектар ёнғоқзор, 4 гектар бодомзор, 2 гектар анорзор, 1,8 гектар олма, 2 гектар гилос боғи барпо этилади. Айни пайтда кўчат экиш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Кўчат ораларида эса нўхат, ловия, мош ҳамда сабзавот экинлари етиштирилади. 

1 (1).JPG

Ер ажратилган ҳудудда шийпон тикланди, ёшлар бу ерда бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун футбол майдони барпо этилиб, спорт билан шуғулланиш имкони яратилди.

Жалақудуқ туманида ҳам уюшмаган ёшларнинг 220 нафарига 20 сотихдан, жами 44 гектар ер майдони ажратилди. Қўртқи массивининг адирлик ҳудудида жойлашган ёшлар боғни суғориш учун зарур чоралар кўрилди.

Деҳқончилик қилиш учун ер ажратишда биринчи навбатда кам таъминланган оилалар фарзандлари, хорижга иш қидириб кетаётган йигит-қизлар танлаб олинди.

Бу каби хайрли ишлар вилоятнинг барча туманларида амалга оширилмоқда.

1 968
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, Зухриддин УМРЗОҚОВ (сурат) ЎзА