ЭЛ БОШИГА ИШ ТУШГАНДА
Бутун дунёда, жумладан юртимизда хавфли коронавирус пандемиясига қарши кескин кураш чора-тадбирлари белгиланган, фавқулодда ҳолат муносабати билан халқ хўжалиги, чунончи, молия ва иқтисодиётда қатор чекловлар жорий қилинганига қарамасдан, аграр соҳада эртанги ҳосилга тараддуд кўриш бир кун бўлсин, тўхтагани йўқ.
Деҳқон рисқи ер билан
Бутун дунёда, жумладан юртимизда хавфли коронавирус пандемиясига қарши кескин кураш чора-тадбирлари белгиланган, фавқулодда ҳолат муносабати билан халқ хўжалиги, чунончи, молия ва иқтисодиётда қатор чекловлар жорий қилинганига қарамасдан, аграр соҳада эртанги ҳосилга тараддуд кўриш бир кун бўлсин, тўхтагани йўқ.
Бухоро вилоятининг ҳудудларида тўртта сектор раҳбарлари, мутасаддилар, бевосита соҳага дахлдор ташкилот ва корхоналар, қолаверса, фермер хўжаликлари томонидан қишлоқ хўжалигида амалга оширилиши лозим бўлган ишларга алоҳида эътибор берилмоқда.
Ҳаммага маълумки, табиий иқлими ўзгарувчан ва мураккаб тупроқ шароитига эга воҳада жорий йилда 97 минг 900 гектарга чигит экиш режалаштирилган. Баҳор мавсумининг кечиктириб бўлмас агротехник тадбири учун 248 та отряд шакллантирилган. Мазкур жараёнда ерни тайёрлаш билан бирга маҳаллий иқлимга мос навларни тўғри танлаш ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Шуни инобатга олган ҳолда, соҳа мутахассислари томонидан пахтачиликда янгича тажриба сифатида қўлланилаётган йиллар давомида синовдан ўтган серҳосил, касалликка ва ҳар қандай шароитга чидамли, “Бухоро-6”, “Бухоро-10”, “Бухоро-102” навларини сифатли экиш мақсадида 4 минг тонна сара уруғлик жамғарилди. Жамғарилган уруғни экишга жалб қилиш мақсадида 800 та юқори унумли техника воситалари шай ҳолатга келтирилган. Шунингдек, 7 минг 800 тонна ёқилғи, қолаверса, ялпи гектарларни тўйинтириш ҳамда вегетация даври учун 22 минг тонна фосфорли ўғит сарфланмоқда.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, чигит экиш ишларида қатнашаётган механизаторлар, фермер хўжаликлари аъзолари мамлакатимизда эълон қилинган карантин ҳамда шахсий гигиена тартиб-қоидаларига амал қилган ҳолда фаолиятларини олиб бормоқда. Улар ҳимоя ниқоблари, антисептик воситалар билан доимий таъминланиб борилмоқда.
Вилоят давлат санитария эпидемология осойишталик маркази мутахассислари дезинфекция қилиш билан бирга ишчиларга зарур тушунтириш-тарғибот ишларини ҳам олиб бормоқда.
Бир сўз билан айтганда воҳада дала-деҳқончилик ишлари қизғин олиб борилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ҳар бир саъй-ҳаракат халқимизнинг эртанги куни, фаровон турмуши, баракали ризқ-рўзига хизмат қилади.