ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

ДХХ томонидан бир қатор коррупцион холатларнинг олди олинди

ДХХ томонидан бир қатор коррупцион холатларнинг олди олинди

Коррупцияга қарши кураш йўналишида ДХХ ходимлари Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирлари давомида бир қатор жиноятлар аниқланиб, уларга чек қўйилди.

Жумладан, Навоий вилоятида ички ишлар органларига ишга киритиб қўйиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатига чек қўйилди. Хусусан, 2016 йилга қадар вилоят ички ишлар бошқармасида ишлаган, истеъфодаги майор маҳаллий фуқарони ички ишлар тизимига ишга киритиб қўйиш учун 6000 АҚШ доллари сўраб, шундан 4000 долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Дастлабки терговолди суриштирув ҳаракатлари давомида, у мазкур пулни собиқ ички ишлар ходими, 1981 йил Тошкент шаҳрида туғилган қариндошига бериши кераклиги маълум бўлди. Шундан сўнг тезкор тадбир Тошкент шаҳрида давом эттирилиб, ушбу фуқаро ҳам 4000 долларни олган вақтида ушланди.

Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбир давомида Ангрен шаҳрида яшовчи, 1962 йилда туғилган, ҳозирда вақтинча ишсиз бўлган фуқаро гўёки Миллий гвардия тизимида ишловчи танишлари орқали 4 нафар маҳаллий ёшларни ишга киритиб қўйишини айтиб, уларнинг ҳар биридан 1500 АҚШ доллари талаб қилади.

Ушбу фирибгар кимса 1971 йилда туғилган, Нурафшон шаҳрида истиқомат қилувчи хозирда ҳеч қаерда ишламайдиган жиноий шериги билан бирга сўралган 6000 АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинди.

Қарши шаҳрида яшовчи, 1974 йилда туғилган, муқаддам судланган фуқаро савдо дўкони қуриш учун 4 сотих ер ажратиш тўғрисида танишлари орқали Қарши шаҳар хокимининг қарорини чиқартириб беришини айтиб, якка тартибдаги тадбиркордан 4500 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ Қашқадарё вилояти бошқармаси ва Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди.

Бухоро вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда 1979 йил Жондор туманида туғилган, 2017 йилгача Бухоро давлат университетида ўқитувчи бўлиб ишлаган фуқаро алдов йўли билан абитуриентнинг ишончига кириб, уни Бухоро давлат университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилади ва эвазига 3500 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, айни бир пайтда Бухоро давлат университети ва тиббиёт коллежида ўқитувчи бўлиб ишловчи шахс Бухоро банк коллежида ишловчи ўзининг ҳамтавоғи билан олдиндан тил бириктириб, 3500 АҚШ доллари эвазига бир абитуриентни Бухоро давлат университетига ҳамда 3000 доллар эвазига иккинчи абитуриентни Бухоро мухандислик-технологиялари институтига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, жами 6500 АҚШ доллари олаётган вақтида жиноят устида қўлга тушди.

Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида, олий таьлим муассасаларидан бирининг талабаси, гўёки таълим соҳасида ишловчи танишлари орқали маҳаллий фуқарони Самарқанд давлат чет тиллар институтига ўқишга киритиб қўйиш учун 6000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда аниқланган барча ҳолатлар бўйича Жиноят Кодексининг 168 ва 211-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов харакатлари олиб борилмоқда.

3 869
ЎзА