ЎзА Ўзбек

10.03.2020 Чоп этиш версияси

Дилингдаги ниятлар ижобат бўлсин, Зулфира!

Дилингдаги ниятлар ижобат бўлсин, Зулфира!

Гулларга кон – хушбўй райҳон

Ифорлари тўлган кенг ҳовли.

Жаннат ҳиди уфуриб турган

Тандирлари доим оловли.

Меҳр тўла, файзли қўшайвон

Ҳар меҳмонга очар қучоғин.

Тангрим, фақат ўчирма асло

Бу ҳовлининг чўғли ўчоғин.

Икки устун – мустаҳкам қўрғон,

Руҳи эрур — меҳр ила тан.

Полапони чуғурлаб юрган

Бу мўъжаз уй аталур Ватан.

Зулфира Нўъмонова мактабда ўқиб юрган чоғларидаёқ ўзининг юқоридаги каби чиройли шеърлари билан кўпчилик эътиборини қозона олган истеъдодли қишлоқ ёшларидан бири эди. Ёш истеъдод соҳибасининг ижоди йилдан-йилга бўй кўрсатиб борди.

Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Президентимиз қарори билан Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган қизлар орасида Андижоннинг Пахтаобод туманида туғилиб ўсган, ҳозирда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 4-босқич талабаси бўлган Зулфира Нўъмонова ҳам бор.

Мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, ўз истеъдод ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариши борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Юртимизда ўтказилаётган қатор кўрик-танловлар, санъат, спорт фестиваллари эса ёш истеъдод соҳибларининг камол топишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, Зулфия номидаги Давлат мукофоти танлови маданият, санъат, фан, таълим, спорт ва адабиёт йўналишларида юзлаб иқтидор соҳибаларини кашф этмоқда. Жумладан, ўтган йиллар давомида Андижон вилоятидан ҳам 24 нафар қиз ана шу юксак мукофотга сазовор бўлди.

Жорий йилда адабиёт йўналиши бўйича Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлган Зулфира Нўъмонова ҳам юртимизнинг изланувчан, ташаббускор, фидойи ёшларидан, қолаверса, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг энг фаол ва ижодкор талабаларидан бири. Юқорида таъкидланганидек, у мактабда ўқиб юрган даврларидаёқ ўзининг табиат гўзалликлари, она юрт ҳақида чиройли шеърлари, кичик ҳикоя, лавҳа ва қатралари билан матбуот нашрларида фаол иштирок этиб, устозлар эътирофига сазовор бўлган. Қатор ижодий танловларда, фан олимпиадаларида фаол қатнашиб, ғолибликни қўлга киритган. Айниқса, унинг адабиётга ихлоси баланд, болалигиданоқ мурғак қалбига ижодга бўлган муҳаббатни жойлаб улгурган. Ундаги истеъдод йиллар давомида ўсиб, тобланиб борди.

2015 йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди томонидан “Биринчи китобим” лойиҳаси асосида “Осмоннинг фанори” номли илк тўплами 20 минг нусхада нашр этилди. Ушбу китобда ёш ижодкор қалб кечинмаларини гўзал ташбеҳлар, самимий сатрлар орқали ўзига хос тарзда тасвирлаган.

Зулфира нафақат мамлакатимизда, балки Россия, Қозоғистон давлатларида ўтказилган ёш тилшунос ва адабиётшуносларнинг илмий анжуманлари ҳамда ёшлар форумларида ҳам фаол иштирок этиб келади. Ҳозирда у педагогика фанлари доктори, профессор Рўза Ниёзметова раҳбарлигида “Болалар адабиётини ўқитишда инновацион технологиялардан фойдаланиш” мавзусида илмий изланишлар олиб бормоқда. Шу билан бирга, юртимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолият билан шуғулланувчи “Зулфияхоним издошлари” хайрия фонди лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.

– Мен юртимнинг энг бахтли қизларидан бириман, – дейди Зулфира Нўъмонова. – Чунки интилишларим, мўъжаз ижодим юксак баҳоланиб, Зулфия номидаги Давлат мукофотига муносиб топилганимдан беҳад бахтиёрман. Эътироф ва юксак мукофот учун мен ва мен каби юртимиз ёшларини қўллаб-қувватлаётган, улкан ғамхўрликлар кўрсатаётган Юртбошимиздан миннатдорман. Келажакда ўз ижодим, меҳнатим билан она Ватанимиз равнақи учун хизмат қиладиган фидойи инсон бўлишга сўз бераман.

Зулфиранинг дилидаги самимий ниятлари, албатта, ижобат бўлади. Чунки унда ғайрат, шижоат, интилиш бор, қалбида эса она Ватанга муҳаббат, садоқат, эртанги кунга ишонч ва умид туйғулари жўш урмоқда.

2 205
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА