Бунёдкорлик одимлари: Тошкент вилояти шаҳарсозлик соҳасида илдамламоқда
Мамлакатимизда шаҳарсозлик, хусусан архитектура ва қурилиш соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада ҳудудларимиз қиёфаси ҳам ўзгариб бормоқда.
Мамлакатимизда шаҳарсозлик, хусусан архитектура ва қурилиш соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада ҳудудларимиз қиёфаси ҳам ўзгариб бормоқда.
Агар бу борада ўтган йили Тошкент вилоятида бажарилган ишларни таҳлил қиладиган бўлсак, бир қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилганининг гувоҳи бўламиз. Айниқса, вилоятдаги бир қатор шаҳар ва туманларнинг қиёфаси ўзгариб, замонавийлик касб этди. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “2018-2022 йилларда аҳоли пунктларини бош режалар билан таъминлаш, лойиҳа ташкилотлари фаолиятини яхшилаш, шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига асосан Ангрен шаҳридаги Нуробод, Зангиота туманидаги Ўртаовул, Бўстонлиқ туманидаги Сойлиқ, Тошкент туманидаги Тўлабе шаҳар посёлкаларининг бош режалари ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2019 йилнинг 1-3 июнь кунлари Тошкент вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириғига асосан барча туман ва шаҳар марказларининг бош режалари, маҳаллий ҳокимлик ва аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, қайта ўзгартирилди ҳамда бугунги кунда амалиётга татбиқ этиляпти.
Айниқса, вилоят ҳудудларида эътибордан четда қолган, лекин аҳамиятга эга бўлган марказларни қайта тиклаш бўйича лойиҳалар тузилгани диққатга сазовордир. Жумладан, Бўка туманидаги “Бўстон”, Қуйи Чирчиқ туманидаги Беруний, Отажонов, “Сурум” ва “Сергели”, Чиноз туманидаги “Аҳиллик” маҳалла фуқаролар йиғинлари, Олмазор қўрғони, Оҳангарон туманидаги “Эйвалек”, “Янги ҳаёт”, Оққўрғон туманидаги “Ҳамзаобод” маҳалла фуқаролар йиғинлари шулар жумласидандир. Эндиликда мазкур жойларда яшовчи аҳолига ҳар томонлама қулайлик яратилади.
Шу билан бирга, Нурафшон шаҳри марказидан ўтган Тошкент йўли кўчасининг режаси ҳам ишлаб чиқилган. Унга кўра, бугунги кунда Тошкент йўли кўчасида жами 172 та объектни қайта қуриш ва реконструкция қилиш тадбирлари олиб бориляпти. Уларнинг 44 таси маъмурий бино, 43 таси кўп қаватли турар жой, 55 таси инвесторлар томонидан қуриладиган турли хилдаги объектлардир. Қолган 30 таси эса қайта реконструкция қилинмоқда.
Шунингдек, ўтган йили “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига мувофиқ, барча туман ва шаҳарлардаги 66 та маҳалланинг бош режаси ишлаб чиқилиб, бугунги кунда бунёдкорлик ишлари олиб бориляпти. Жумладан, 1 минг 911 та уй, 502 километр масофадаги йўл, бир неча чақирим масофадаги кўчалар таъмирланди. 4,8 чақирим масофадаги пиёдалар учун йўлаклар барпо этилди, бир қатор ижтимоий соҳа объектлари таъмирланди, 536 та кўча ёритгич ўрнатилди, гулзорлар барпо этилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар туфайли обод гўшалар янада кенгайди.
– Жорий йилда ҳам бунёдкорлик ишларининг кўлами кенгайиб бормоқда, – дейди вилоят қурилиш бош бошқармасининг туман ва шаҳарлар қурилиши фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Отабек Болабеков. – Хусусан, вилоятда 16 та шаҳар, 97 та шаҳар посёлкаси ва 1 минг 30 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, айни пайтда 16 та шаҳарнинг бош режаси ишлаб чиқилган. Уларнинг 4 таси республика миқёсидаги (Олмалиқ, Ангрен, Чирчиқ, Бекобод) ва 12 та эса вилоят миқёсидаги шаҳарлар ҳисобланади. Бундан ташқари, бугунги кунда Паргос, Саид, Хосс, Гулзоробод шаҳар посёлкаларининг ҳам бош режаларини ишлаб чиқишга киришилган бўлиб, амалга оширилаётган бундай ишлар табиийки, вилоят қиёфасини ўзгартиришда муҳим аҳамият касб этади.
Янгийўл шаҳрида жорий йил қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, 16 та хусусий тиббиёт объекти қуриб, мустақиллик байрамигача фойдаланишга топшириш, темирйўл станциясини Тошкент ва Беруний кўчалари билан боғловчи кўприкни таъмирлаш, Фаравон маҳалласи ҳудудида қурилаётган 10 та кўп қаватли уй атрофини ободонлаштириш, баъзи мактабгача таълим муассасаларида олиб борилаётган қурилиш ишларини тугатиш, Қоракулдок ва Жун каналлари атрофини ободонлаштириш шулар жумласидандир.
Бир сўз билан айтганда, ҳозир вилоятнинг қайси ҳудудига борманг, бунёдкорлик ишларини кўрасиз. Аҳоли учун турар жойлар, ижтимоий-маиший объектлар, корхоналар бунёд этилаётганлигини кўриб, кўзингиз қувонади.