ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

БМТда Афғонистон бўйича алоҳида қўмита тузиш таклиф қилинди

БМТда Афғонистон бўйича алоҳида қўмита тузиш таклиф қилинди

Ўзбекистон қўшни Афғонистондаги можарони бартараф этишга катта эътибор қаратиб келяпти. 

Ушбу муаммо Ўзбекистон раҳбарининг халқаро кун тартибидаги энг устувор масала десак, асло муболаға бўлмайди.

Президентимиз куни кеча БМТ Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясидаги нутқида ҳам Афғонистон муаммосига яна бир бор тўхталиб, «Фақат биргаликда ва яқин ҳамкорлик орқали биз афғон халқининг эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқаришимиз мумкин. Бу борада “Беқарор ва вайронкор вазиятдан – тинчлик ва бунёдкорлик сари” деган тамойил асосида иш олиб бориш муҳимдир», деб алоҳида таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев ўз чиқишида Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш масалалари БМТнинг доимий эътибор марказида бўлиб қолиши зарурлигини таъкидлаб, БМТ ҳузурида Афғонистон бўйича алоҳида қўмита ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Доимий фаолият олиб борадиган ушбу қўмитанинг асосий вазифаси ушбу мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмак беришдан иборат бўлиши зарур.

Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда бундай тузилмани ташкил қилишга зарурат жуда юқори. Тўғри, Афғонистон муаммосининг ечими билан шуғулланувчи турли халқаро ва минтақавий идоралар бор, бироқ на БМТда, на унинг бирор бир ихтисослашган муассасасида доимий фаолият олиб борувчи институционал тузилма мавжуд эмас. Қолаверса, БМТда Афғонистон бўйича аъзо давлатларнинг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириб туриш ҳар доим муаммо бўлиб келган.

Шу боис, давлатимиз раҳбарининг ушбу таклифи жуда долзарб. Агар БМТ ҳузурида шундай қўмита ташкил қилинадиган бўлса, у бир томондан, аъзо давлатларнинг Афғонистон масаласидаги бир ёқлама ёндашувларини ягона платформага солиб, нейтараллаштириб туради. Иккинчи томондан эса, давлатларнинг саъй-ҳаракатларини ягона ўзанга солиб, уларнинг бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишини таъминлайди.

Таклиф этилаётган қўмита жафокаш афғон халқининг қаддини тиклашга, Афғонистонда миллий тикланиш ва ривожланишга қаратилган ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Президентимиз бундан 3 йил олдин, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида (2017 йил сентябрь) ҳам Афғонистон масаласига тўхталиб ўтган ва бу ердаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича муҳим таклиф билдирган эди. Ана шу таклиф асосида 2018 йил 26-27 март кунлари БМТ шафелигида “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси ташкил этилган эди.

Мазкур анжуман Афғонистонда ўзаро курашаётган кучлар ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни бошлаш зарурлиги тўғрисида минтақавий ва глобал даражада консенсусни шакллантириб берди. Конференция якунлари натижасида қабул қилинган Тошкент декларацияси эса Афғонистонда тинчлик ўрнатишнинг ўзига хос стратегиясига айланди.

Ҳозир Афғонистондаги кескин вазият анча юмшаган бўлиб, сиёсий риторика ҳам ижобий томонга ўзгарди. 12 сентябрь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида афғон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри тинчлик музокаралари бошланган бўлиб, томонлар, жуда эҳтиёткорлик билан бўлса-да, эҳтимолдан ҳоли бўлмаган сулҳ келишуви тўғрисида гапира бошладилар. Демак, Афғонистонда ҳар қачонгидан кўра тинчликка яқин, бу ерда осуда ҳаётни ўрнатиш имконияти пайдо бўлмоқда.

Ўзбекистон ички афғон ярашуви жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бу мамлакатимиз миллий манфаатларига ҳар томонлама мос келади. Зеро, Афғонистондаги осуда ҳаёт Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги кооперация учун улкан имкониятлар очиб беради.

Қодир Жўраев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

1 512
ЎзА