ЎзА Ўзбек

09.12.2019 Чоп этиш версияси

Бешта муҳим ташаббус ижроси доирасида

Бешта муҳим ташаббус ижроси доирасида

Андижон шаҳридаги Олимпия захиралари ихтисослаштирилган мактаб-интернат ёпиқ манежида Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижроси доирасида ҳафталик ўтказилди.

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилган ҳафталикда барча туман ва шаҳарлар томонидан беш кун давомида ташаббуснинг ҳар бир йўналиши бўйича амалга оширилган ишлар намойиш этилди. Бу борадаги ишлар тақдимотлари, ташкил этилган кўргазма ва чиқишлар вилоят ишчи гуруҳи томонидан баҳолаб борилди.

Хотин-қизларни иш билан таъминлаш, яъни ташаббуснинг бешинчи йўналиши бўйича ўтказилган тадбир опа-сингилларимизнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини оширишга қаратилди. Унда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг намунаси сифатида шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, хотин-қизлар қўмиталари ташаббуси билан яратилган иш ўринлари, тадбиркор аёллар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазма-савдоси ташкил этилди.

Кўргазма-савдода 150 дан ортиқ тадбиркор ва ҳунарманд аёл иштирок этиб, ишлаб чиқараётган, тайёр маҳсулотларини намойиш этди.

– Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизда хотин-қизларни иқтисодий ислоҳотларга кенг жалб этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, чекка, ишлаб чиқариш у қадар ривожланмаган маҳалла фуқаролар йиғинларида янги иш ўринлари барпо этиш, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, “Уста-шогирд” анъанасини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди, – дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. – Тижорат банклари, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ажратилган кредит маблағлари, қолаверса, амалга оширилган кўплаб лойиҳалар доирасида хотин-қизлар учун 30 минг 343 янги иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, пиллачилик соҳасида, яъни ипак қурти боқишни ташкил этиш орқали 43 минг 606 хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 майдаги “Республика ҳудудларида тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги “Андижон минтақавий пахта терминали” масъулияти чекланган жамияти ҳамда хотин-қизлар қўмиталари томонидан Бўз, Улуғнор, Марҳамат, Шаҳрихон, Андижон туманларида енгил конструкцияли тикув-трикотаж йўналишида янги иш ўринлари яратиш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Ҳозирга қадар Улуғнор, Бўз, Марҳамат туманларида ана шундай енгил конструкцияли тикувчилик мажмуалари фойдаланишга топширилди. Натижада 1 мингга яқин хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди.

Биргина Хонобод шаҳрининг ўзида 20 га яқин трикотаж корхонасининг ишга туширилиши ва бошқа лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида хотин-қизлар учун 514 янги иш ўрни яратилди.

Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, тадбиркор хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларни зарур кредит маблағлари билан таъминлаш устидан жамоатчилик назорати йўлга қўйилган. Жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи ва ривожлантирмоқчи бўлган 2 минг 646 аёлга тижорат банклари томонидан 179 миллиард 765 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Шунингдек, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 11 минг 175 аёлга 129 миллиард 857 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.

Ҳафталик давомида ўтказилган тадбирларда турли кўнгилочар, бадиий дастурлар, спортчилар, ёш санъаткорлар, эстрада юлдузларининг чиқишлари барчага хуш кайфият улашди. Айниқса, бешинчи ташаббус доирасида “Либос – маънавият кўзгуси” мавзусида вилоятдаги олий таълим муассасалари ҳамда касб-ҳунар коллежларининг ёш дизайнерлари томонидан қизлар ва аёлларга мўлжалланган замонавий либослар тақдимоти барчада катта қизиқиш уйғотди.

Якунда бешта муҳим ташаббуснинг барча йўналишлари бўйича туман ва шаҳарларда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, вилоят ишчи гуруҳи хулосасига кўра, Избоскан тумани ғолиб деб топилди. Марҳамат тумани иккинчи ўринга, Хонобод шаҳри эса учинчи ўринга сазовор бўлди. Ҳафталикнинг ғолиб ва совриндорлари диплом ҳамда эсдалик совғалари, қолган иштирокчилар рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирланди.

Тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўзга чиқди.

8 191
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА