Бўстонлиқ туманининг сайёҳлар манзилига айланишига ҳар биримиз масъулмиз
Инвесторларга ер участкасига бўлган эгалик ҳуқуқлари истисно тариқасида Тошкент вилояти ҳокимининг алоҳида қарори қабул қилинмасдан расмийлаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 августда "Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда Бўстонлиқ туманида туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари белгилаб берилган.
Фармонда туманда маҳаллий бошқарув тизимидаги муаммолар сабабли ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш борасида манзилли ишлар йўлга қўйилмаганлиги, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, шу жумладан, йўл, ичимлик ва оқова сув тизими, электр тармоғи инфратузилмалари эскирган ва талаб даражасида эмаслиги, ахборот-телекоммуникация тармоқлари етарли даражада ташкил этилмаганлиги алоҳида қайд этилган. Туманнинг бош режаси, батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш якунига етказилмаганлиги ҳам муаммолар ечимини чалкаштирмоқда.
Шу талаблардан келиб чиқиб, Президент фармони билан 2022 йил 31 декабрга қадар Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида алоҳида маъмурий-бошқарув тизими жорий қилинади.
Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида “Чорвоқ” эркин туристик зонаси дирекцияси директори лавозимини эгаллайди, шунингдек, Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Соддароқ қилиб айтганда, Азиз Абдуҳакимов Бўстонлиқ туманида мутлақ ваколатларга эга бўлмоқда.
Туманда жойлашган давлат мулки объекти бўлган дам олиш уйлари, пансионатлар, санаторийлар ва бошқа объектлар, шунингдек, туристик инфратузилмани яратиш имконияти бўлган ер участкалари дирекцияга ўтказилади. Дирекция тумандаги ер участкалари ва давлат мулкларини электрон аукцион орқали сотади. Инвесторларга ер участкасига бўлган эгалик ҳуқуқлари истисно тариқасида Тошкент вилояти ҳокимининг алоҳида қарори қабул қилинмасдан расмийлаштирилади.
Бўстонлиқ тумани ҳокими тўғридан-тўғри ҳукуматга бўйсунади, туман прокуратураси, ички ишлар ва солиқ бўлинмаларининг раҳбарлари эса мақоми, шу жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича тегишлича ушбу давлат органларининг республика даражасидаги раҳбарлари ўринбосарларига тенглаштирилади.
Коронавирус пандемияси бутун дунёдаги каби Ўзбекистонда ҳам туризм соҳасига жиддий зарар келтирди. Мамлакатимизда 1 минг 500 дан ортиқ туроператор, 1 минг 200 та меҳмонхонанинг фаолияти тўхтаб қолди. Бу, соҳага алоқадор савдо, ҳунармандчилик, транспорт, умумий овқатланиш ва бошқа хизмат кўрсатиш тармоқларида минглаб одамларнинг бандлиги ва даромадига салбий таъсир кўрсатди.
Шу боис давлатимиз томонидан соҳани қўллаб-қувватлаш, сайёҳлик масканлари фаолиятини босқичма-босқич тиклаш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, Президентнинг соҳага оид қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларда тармоққа пандемиянинг оқибатларини юмшатиш бўйича қатор енгилликлар берилди. Умуман, бугун юртимизда туризмни пандемия шароитига мослаштирган ҳолда ривожлантиришнинг замонавий имкониятлари ишга солинмоқда.
Маълумотларга кўра, ҳар йили юртдошларимиз чет элда дам олиш учун 1 миллиард 200 миллион доллар атрофида маблағ сарфламоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири Ўзбекистонда барча талабларга жавоб берадиган замонавий туристик мажмуалар сони кам.
Шу мақсадда охирги йилларда республикамизнинг барча ҳудудларида, жумладан, Бўстонлиқ туманида ҳам тўлиқ тадбиркорлар маблағи ҳисобига йирик лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, дунё сайёҳлари эътиборига тушган “Амирсой” мажмуаси қисқа муддатда қуриб фойдаланишга топширилди. Бу ҳудудда йирик ва жозибадор лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлигини исботлади.
Бўстонлиқ туманининг туризм салоҳияти жуда юқори. Лекин узоқ йиллар давомида бундан етарлича фойдаланилмади. Баҳаво табиат, қулай иқлим ва йилнинг барча фаслида мароқли ҳордиқ чиқариш имконияти бўлсада, ҳудудда сайёҳларни жалб этадиган йирик ва замонавий лойиҳалар амалга оширилмади.
"Асосий мақсадимиз, энг аввало, туризм соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, одамларнинг манфаатини инобатга олиб, халқимиз учун баҳаво, арзон, хавфсиз ва 12 ой давомида қулай дам олиш шароитларини яратишдир. Бўстонлиқ каби масканларга Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан юртдошларимиз келиб ҳордиқ чиқариши, бу ерда амалга оширилаётган лойиҳалар бошқа ҳудудларимиз учун ҳам намуна бўлиши керак" деганди Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 14 августида туризм салоҳиятини кенгайтиришга доир ўтказилган лойиҳалар тақдимотида.
Энг муҳими, тадбирда Бўстонлиқ туманида 10 минг ўринга мўлжалланган кўчма дам олиш масканлари ташкил этиш орқали 8 мингга яқин киши иш билан таъминланиши мумкинлиги алоҳида таъкидланганди.
Ҳозир Бўстонлиқ тумани, Юсуфхона қишлоғидаги “Иқтисодчи” дам олиш зонасида жойлашган бўш ер майдонларида сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида 3 қаватли меҳмонхоналар, сайилгоҳлар, аҳоли дам олиш масканларини ташкил этиш бўйича ишлар бошлаб юборилди.
Шунингдек, Бўстонлиқ – Тошкент – Бўстонлиқ оралиғида йўналишли автобус қатновини йўлга қўйиш вазифаси юклатилган эди. Бугунги кунда автобуслар қатнови ҳам йўлга қўйилди. Пойтахтимиздаги “Машинасозлар метро бекати” – Бўстонлиқ – “Юсуфхона қўрғони” йўналишида аҳолига хизмат кўрсатиш бошланди.
Мақсадимиз туризмни ривожлантиришдаги муҳим омил бўлган транспорт қатновини жаҳон андозаларига мос равишда ташкил этишдан иборатдир. Шу мақсадда Хитой давлатидан 10 та “Ютонг” русумли автобус сотиб олдик. Ҳар бирининг нархи бир миллиарддан ортиқ. Шундай экан, унинг афзалликлари ҳам бор. Автобус замонавий, қулай, барча шароитга эга. Яъни монитор, видеорегистратор, катта ҳажмдаги юкхоналар, совутгич, иссиқ ва совуқ ҳароратли салон, техник қувватлагичлар каби жиҳатлари йўловчилар учун маъқул бўлади, деган ниятдамиз. 55 ўриндиққа эга бўлган автобуснинг учтаси “Тошкент – Бўстонлиқ – 625” йўналишида хизмат кўрсатишни бошлади. Йўловчилар оқимига қараб автобуслар сонини ошириб борамиз.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Юсуфхона ҳудудига бориб дам олиш истагида бўлган юртдошларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Шундай экан, бу янгилик сайёҳлар учун жуда қулай имконият яратди.
Ҳозирги кунда Юсуфхона қўрғони, яъни “Навобод” МФЙда 2 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Биз ҳудудимизга меҳмонлар кўп келишидан манфаатдормиз. Қолаверса, янги транспорт қатнови қишлоғимиздан пойтахтга бориб ишловчи фуқаролар, таълим муассасаларида ўқиётган талабалар учун жуда ҳам қўл келади.
Айтиш жоизки, янги йўналиш нафақат Юсуфхона, балки Бурчмулла, Чимён ҳудудига, шунингдек, “Белдирсой” дам олиш оромгоҳига бориш истагида бўлган йўловчиларнинг ҳам узоғини яқин қилади.
Бўстонлиқ туманидаги жозибадор ва манзарали ҳудудларда камида 50 тагача экотуризм масканларини ташкил этиш жойлари аниқланмоқда. “Чорвоқ” эркин туристик зонаси ҳудудида эса сайёҳлар учун майдончалар ташкил этиш хусусий корхоналар томонидан ишлаб чиқилган намунавий лойиҳалар асосида бажарилиши кўзда тутилган.
Албатта, юқорида қайд этилган самаралар ҳали олдимизда турган улкан ишларнинг дебочасидир. Президент фармонида қўйилган устувор вазифалар ижроси эзгу ишлар учун муҳим дастуриламал бўлади.
Искандар ҲОТАМОВ,
Тошкент вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти директори вазифасини бажарувчи.