Бўстонлиқда туризмни ривожлантириш учун янги қулайликлар яратиляпти
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани хамиша сайёҳларни ўзига чорлаши ҳеч кимга сир емас.
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани хамиша сайёҳларни ўзига чорлаши ҳеч кимга сир емас. Ҳозирги карантин даврида сайёҳларга янада қулайлик яратиш мақсадида Туризм қўмитаси бошчилигида штаб тузилиб, кенг кўламли ишлар олиб бориляпти.
Президентимизнинг 2020 йил 27 августдаги “Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазкур туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, туристик салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ҳудудга хорижий ва маҳаллий туристларни кенг жалб қилиш учун қулай шароитлар яратишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, кўрсатилаётган туристик, меҳмонхона, транспорт ва бошқа хизматлар турлари кенгайтирилиб, сифати оширилади.
Тошкент вилояти туризмни ривожлантириш департаменти маълумотига кўра, ҳудудда чиқиндилардан тозалаш ишлари олиб борилиб, ҳозиргача 1 минг 382 метр квадрат ерлар тозаланди, 23 минг 200га яқин дарахт ва гул кўчатлари экилди. Ҳимоя тўсиқларининг 4 минг 275 метри оқланди. Қолаверса, бу ерга келувчиларга янада қулай бўлиши учун магистрал автомобил йўлларининг 1300 кв метр майдонида таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, пиёдалар учун мўжалланган 2201 метр йўлаклар қурилди.
Бугунги кунда меҳмонхона ва дам олиш зоналари “Хавфсиз туризм” дастури асосида сайёҳларни қабул қилишга тайёр ҳолга келтирилди. Ҳозир шундай объектлар сони 132 тани ташкил етмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан 455 та “Оилавий меҳмон уйлари" хизмат кўрсатмоқда.
Мазкур саъй-ҳаракатлар ҳудуд аҳолисининг бандлигини таъминлаб, даромадини оширишга ёрдам беради.