Бўстонлиққа қанот бўлган эзгу ташаббус
Болалигимда Чимёнга дам олишга боргандик.
Болалигимда Чимёнга дам олишга боргандик. Табиат манзарасини таърифлашга сўз ожиз эди. Сайёҳлик-сервис хизматининг ҳаминқадарлиги ҳам кўзга кўринмасди. Бениҳоя гўзал манзара, пурвиқор чўққилар, зилол чашмаю сойлар, дов-дарахту тоғ гуллари табиатнинг бор маҳорати, қудратидан сўзларди.
Орадан йиллар ўтиб, Бўстонлиқ туманига иш юзасидан – гоҳи болалар оромгоҳининг очилиши, баъзан эса ўқув- семинарлар баҳонасида бир кунга боришга тўғри келади. Ҳали-ҳамон ўша тароватли, мафтункор манзара. Бу ерларда ким қандай хоҳласа, шу тарзда ҳордиқ чиқариш урфга кирган. Кимдир яккам-дуккам дам олиш масканида, биров хонадонларда ижарачи сифатида пул тўлаб дам олади. Айримлар одамлар тўпланишиб, гуруҳ бўлиб дам оладиган манзилгоҳларда супа-каравотларга соатига пул тўлаб, бола-чақаси билан тоғ ҳавосидан баҳраманд бўлади. Имкони бундайроқлар эса дов-дарахт тагида, бировлар сувга яқин жойнинг ўзида чодир тўшаб, ҳордиқ чиқараверади. Ён-атрофга қараган инсонда эса бу ерларнинг масъул мутасаддиси борми ўзи, деган фикр уйғониши табиий. Негаки, айрим ташландиқ бинолар, қурилмалар одамда шундай таассурот уйғотади.
Бўстонлиқнинг хуш ҳавоси ҳар қандай тунд, асаби таранг, тажанг одамниям бор муаммоларини унутишга, табиатнинг мафтункор тароватидан баҳра олишга "мажбурлаши" аниқ. Фақатгина баъзи дам олувчиларнинг табиатга виждонсизларча муносабати кишини ранжитмай қўймайди. Табиатдан баҳра олиб , унга "миннатдорлик" тарзида турли елим идишлар, баклажкалару, егулик қолди-қуттиларини “эсдалик” тарзида ташлаб кетгани кайфиятга кўланка солмай қўймайди. Авваллари оёқ тагида учрагучи тоғ жамбили, дала чой, кийик ўти каби шифобахш ўсимликлар ҳам энди табиат шайдоларининг дастидан дод дегандек фақатгина баланд-баландликларда, ҳеч кимнинг қўли етмас қалтис қияликлардагина учрайди.
Тошкентнинг ўзида яшаб ҳам ҳали-ҳамон Бўстонлиқдек сўлим масканга келмаган, турмуш, рўзғор, кундалик ташвишлар гирдобида бу жойларга келиш орзусини ҳам ўзига эп билмаган қанча ҳамюртларимиз борлиги, шубҳасиз. Бу эса ички сайёҳлик, транспорт, хизмат кўрсатиш, инфратузилма борасида ечимини кутаётган долзарб масалалар кўплигини англатади.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 14 август куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида туризм салоҳиятини кенгайтиришга доир лойиҳалар тақдимоти билан танишиш чоғида билдирган амалий таклиф ва тавсиялари соҳада тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этади, янги ташаббусларга қанот беради,деб ўйлаймиз.