Асосан қайси вилоятларда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари кузатилмоқда?
Республикамизда мавжуд ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни асраб-авайлаш ва муҳофаза қилиш, тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича ягона давлат сиёсатини юритиш Давергеодезкадастр қўмитасининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Республикамизда мавжуд ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни асраб-авайлаш ва муҳофаза қилиш, тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича ягона давлат сиёсатини юритиш Давергеодезкадастр қўмитасининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Жорий йилда мамлакатимизда ерлардан самарали ва мақсадли фойдаланишни ташкил этиш, ер муносабатларини тартибга солишда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун, давлат ва жамоат эҳтиёжларига, шунингдек, фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун ер ажратиш механизмларини тубдан такомиллаштириш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилди.
Масалан, соҳада олиб борилган изланишлар натижасида ер муносабатларини тартибга солиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда Жиноят кодексининг 2 та моддасига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 6 та, Фуқаролик кодексининг 1 та, Ер кодексининг 1 та ва Солиқ кодексининг 3 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда янги моддалар киритилиб, қонун билан ерларни асраб-авайлаш, ер қонун бузилиш ҳолатларининг жавобгарлик масалалари кучайтирилди.
Яъни, Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси” 60-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш базавой ставка бўйича иш ҳақининг 30 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш;
Шунингдек, қўшимча 601-модда киритилиб, унда суғориладиган ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича ердан фойдаланувчи томонидан чоралар кўрмаслик ҳолати бўйича энг кам иш ҳақининг 30 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш;
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига 197 1-модда киритилиб, унда суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларига чоралар кўриш масаласи аниқ белгилаб берилди.
Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачи томонидан чоралар кўрмаслик, маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, – энг кам ойлик иш ҳақининг 300 бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолаш,
Жиноятни биринчи маротаба содир қилган шахс, агар ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа, оқибатларини бартараф этса, жавобгарликдан озод этилиши белгиланган.
Шунингдек, қўмитада алоҳида “ТИЗИМ” жорий этилиб, республикамизнинг барча ҳудудларида ер муносабатларини тартибга солиш ва уни муҳофаза қилиш мақсадида тизимдаги 1200 нафарга яқин ер тузувчи (давлат инспектор)лари томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига аралашмаган ҳолда мавжуд ерлардан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳолатлари мониторингдан ўтказилмоқда.
Мониторинг натижасида жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра, республика бўйича 3830 та ҳолатда жами 1717 гектар ер майдонни фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, шундан 242 гектари (14%) га уй-жой ва бошқа қурилишлар қуриб олганлиги ҳамда ерлардан самарасиз фойдаланиб келинаётганлиги аниқланди.
Давергеодезкадастр қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари асосан:
Фарғона вилоятида 349 ҳолатда 344 гектарни;
Сурхондарё вилоятида 414 та ҳолатда 130 гектарни;
Тошкент вилоятида 712 та ҳолатда 370 гектарни;
Жиззах вилоятида 145 та ҳолатда 163 гектарни;
Наманган вилоятида 128 та ҳолатда 77 гектарни;
Бухоро вилоятида 256 та ҳолатда 82 гектарни;
Самарқанд вилоятида 212 та ҳолатда 58 гектарни ташкил этади.
Аниқланган ер қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва чоралар кўриш мақсадида ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат қилиш бўйича давлат инспекторлари томонидан:
- ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган 2117 нафар ердан фойдаланувчиларга, 1223 нафар хўжалик юритувчи субъект раҳбарларига ер қонун бузилиш ҳолатларини зудлик билан бартараф этишларини сўраб бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди;
- чора кўриш ва қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш учун 1199 ҳолат бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб вилоят ва туман прокуратураларига киритилди;
- ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонларини ҳамда қурилган ноқонуний қурилишларни буздириш ва тегишли чоралар кўришни сўраб 426 та ҳолат бўйича судларга даъво аризалар киритилди;
- Ўзбекистон Республикаси “Ер кодекси”нинг 85-моддаси талаби асосида 2091 маротаба вилоят ва туман ҳокимликларига тақдимномалар киритилди.
Президентимиз томонидан соҳага билдирилган эътирозларидан келиб чиқиб, бугунги кунда соҳадаги долзарб ва муаммоли масалаларни ечимини топиш мақсадида тегишли чора тадбирлар белгилаб олинди.
1. “Юридик ва жисмоний шахсларга қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкаларини ижара ҳуқуқи билан фойдаланишга беришнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида“ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қарор лойиҳасидақишлоқ хўжалиги мақсадларида ер бериш тартибини “YER IJARA” ахборот тизими орқали ижарага бериш, мувофиқлаштириш ва ер участкасига ижара ҳуқуқини шаффоф механизмлар орқали амалга оширишни жорий этиш;
- фуқаро ва тадбиркорларга махсус геопортал орқали аукцион савдосига чиқариладиган ер майдонларини танлаш имкониятини яратиш;
- ердан мўл ҳосил олаётган кўп тармоқли фермер хўжаликларига фаолиятини кенгайтириш учун қўшимча ер ажратиш тартибини белгилаш;
- сув танқислиги ва шўрланиши юқорилиги сабабли қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерлардан самарали фойдаланиш тизимини яратиш;
- ижара шартномасини бекор қилишни фақат суд қарори асосида амалга ошириш;
- деҳқон хўжаликларида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда ерларни вақтинча фойдаланиш учун беришни жорий қилиш ва бошқа бир қанча масалалар киритилган.
2. Ерларни назорат қилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, бунда қоғозбозлик ва расмиятчиликка чек қўйиш ҳамда ортиқча ҳужжатлар айланишини янада қисқартириш мақсадида ерга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва кўриб чиқишнинг шаффоф онлайн “E-YER NAZORAT” автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий қилиш мақсадида:
“Ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини ўрнатишда автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб вазирлик ва идоралар билан келишилиб Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида кўриб чиқилмоқда.
Қарор лойиҳасида ерлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш юзасидан давлат назоратини таъминлашни янада йўлга қўйиш мақсадида онлайн режимида кузатиб бориш имконини беради;
- аниқланган ер қонун бузилиш ҳолатларини содир этганлар тўғрисида аниқ маълумотлар базаси яратилиб, ҳар бир аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича қайси органга юборилди, улар томонидан билдирилган муносабат ҳамда бартараф этилди ёки бартараф этилмаганлигини кузатиб бориш имконияти яратилади;
- бартараф этилмасдан турган ҳолатлар бўйича алоҳида назорат ўрнатилиб, бартараф этилиши бўйича тегишли чоралар кўрилади.
- ерлардан самарасиз фойдаланганлик ва қонунга хилоф равишда олиб қўйганлик учун жавобгарлик оширилади;
- ерларни ноқонуний ажратиш ва улардан хўжасизларча фойдаланиш ҳолатларига чек қўйилади.