Ангрен шаҳридаги бўш турган, фойдаланилмаган обеъктлар қайта тикланмоқда
Тошкент вилоятининг барча ҳудудларида бўш турган, фойдаланилмаётган ёки самарасиз ишлаётган бино-иншоотлардан унумли фойдаланиш, ташаббускор тадбиркорларга бериш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда
Тошкент вилоятининг барча ҳудудларида бўш турган, фойдаланилмаётган ёки самарасиз ишлаётган бино-иншоотлардан унумли фойдаланиш, ташаббускор тадбиркорларга бериш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ва Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида журналистлар учун Ангрен шаҳрида ташкил этилган медиа-турда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар билан танишилди.
Президентимизнинг 2018 йил 4 сентябрдаги “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бўш турган, фойдаланилмаётган ёки самарасиз ишлаётган бино ва иншоотлар, ишлаб чиқариш объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, электрон базасини яратиш, улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича шаҳарда 656 та объект аниқланган.
Бу турдаги бино ва иншоотларни хўжалик фаолиятига жалб қилиш мақсадида 97 та лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, бунинг учун 180 миллион сўм маҳаллий ва 13 минг 580 доллар хорижий инвестиция киритилиши режалаштирилган. Натижада 1 минг 164 та янги иш ўрни яратилади.
Айни пайтда 162 та давлат мулки объектларидан 75 таси ижтимоий объектлар бўлиб, уларнинг 6 тасида 95 фоиз қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилган ва фойдланишга топшириш режалаштирилган.
Медиа-тур иштирокчилари дастлаб ҳудуддаги “Дельфин” ёпиқ сув ҳавзасида олиб борилган ишлар билан танишди. Мутахассисларнинг таъкиладшича, мазкур мажмуа 1981 йилда қурилган ва ҳозирги кунда Ангрен шаҳар болалар-ўсмирлар спорт мактабига қарашли. Сув ҳавзаси кўп йиллар қаровсиз ҳолда бўлган. Ташаббускорларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида ёпиқ сув ҳавзаси тўлиқ капитал таъмирланди.
– Бу ерда 7 та сузиш, умумий тарзда 19 та спорт турлари бўйича мингдан зиёд аҳоли ва спортчилар шуғулланиши мумкин, – дейди Ангрен шаҳар болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Ўткирбек Абдуллаев. – Мажмуа атрофида енгил ва оғир атлетика, теннис корти ва бошқа спорт комплекслари ҳам бунёд этилган. Бино эса замон талаблари асосида таъмирланган бўлиб энг сўнгги спорт жиҳозлари ўрнатилган. Сув ҳавзасида профессионал спорт мусобақалари ўтказиш мумкин. Унинг атрофида эса томошабинлар учун 260 ўринли жойлар қилинган. Ҳозир кўплаб ангренликлар, ёшлар бу ерда шуғулланиш истгини билдирмоқда. “Дельфин” ёпиқ сув ҳавзаси жорий йил якунига қадар фойдаланишга топширилади.
Бундан ташқари, сув ҳавзасининг ён томонидаги "Кимёгар" спорт ўйингоҳида ҳам қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳанинг биринчи босқичида 3 миллиард сўмдан ортиқ, иккинчи босқичида эса 9 миллиард 300 миллион сўм миқдорида маблағ йўналтирилган бўлиб, 90 фоиз қурилиш ишлари якунига етказилган.
– Ушбу стадион 16 минг томошабинга мўлжалланган, – дейди “Ангрен инвест строй” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Некруз Мирзаматов. – Унинг ҳудуди 4,5 гектарга тенг бўлиб бир вақтда 2 минг спортчи шуғулланиши мумкин. Спортнинг 14 та олимпия, миллий ва оммавий тури билан шуғулланиш, мусобақаларга тайёрланиш имкони мавжуд. Айни пайтда қурилиш ишларининг якуний босқичи амалга оширилмоқда. Ишлатилаётган қурилиш маҳсулотлари корхонамизда тайёрланади. Бу эса бизга қулайлик яратмоқда. Спорт иншоотида ёшлар футбол ҳамда енгил атлетиканинг кўплаб турлари билан шуғулланиши учун барча шароит яратилмоқда.
Тадбир давомида журналистлар бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.
Навбатдаги манзил “Таррақиёт” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган, 1979 йилда қурилган қуввати 1 минг 176 ўринли 4-умумтаълим мактаби бўлди. Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг 2019 йил 3 июнь куни Ангрен шаҳрига ташрифи доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ушбу таълим даргоҳининг таъмирталаб биноларини мукаммал таъмирлаш учун саъй-ҳаракатлар бошланган. Бунинг учун 2 миллиард 500 миллион сўм кредит ажратилган.
Ангрен шаҳар халқ таълими бўлими мудири Роҳила Абдуқодированинг таъкидлашича, ҳозир ушбу мактабнинг битта биноси тўлиқ тамирланди. Барча синф хоналарига зарур жиҳозлар олиб келинди. Қолган биноларда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Режага кўра, йил якунига қадар фойдаланишга топширилади.
Шундан сўнг медиа-тур иштирокчилари айни пайтда фойдаланилмаётган, қаровсиз ҳолатга келиб қолган объектларни кўздан кечирди. Жумладан, Ангрен шаҳар марказида жойлашган “Алишер Навоий” номидаги истироҳат боғи мана 5 йилдирки ташландиқ, харобага айланган. Ўз навбатида бу салбий ҳолат шаҳар кўркини бузиб туради. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда шаҳар мамурияти томонидан 36 гектар майдонни эгаллаган ушбу паркнинг замонавий бош режаси ишлаб чиқилган. Шу асосида инвестиция таклифлари тадбиркорлар томонидан ўрганилмоқда.
Ҳудуднинг катталиги туфайли янги лойиҳаларни амалга ошириш, зарур маблағларни жалб этишдаги мавжуд қийинчиликлар тез фурсатда бартараф этилади. Бунинг учун масъул ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, зарур чоралар кўрилмоқда.