ЎзА Ўзбек

20.08.2020 Чоп этиш версияси

Ҳамид Олимжоннинг илк ҳайкали қаерга ўрнатилган?

Ҳамид Олимжоннинг илк ҳайкали қаерга ўрнатилган?

Атоқли шоир, бахт куйчиси, жамоат арбоби Ҳамид Олимжон хотирасига бугун эътибор кучаймоқда. Кўпчилик юртдошларимиз шоирнинг Ҳамид Олимжон метро бекати ёнига ўрнатилган ҳайкалини кўрган, эшитган, албатта. Бу ҳайкал Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган Адиблар хиёбонига кўчирилгач, уни зиёрат қилувчилар сони кўпайди. Хиёбонга шунингдек, шоирнинг суюкли рафиқаси Зулфияхоним ҳайкали ҳам ўрнатилганидан барча адабиёт шинавандаларининг хабари бор. Турли тадбирлар, шеърият гурунглари, хотира маросимлари айнан шу хиёбонда ўтказиб келинади, ҳайкаллар пойига гуллар қўйилади.

Бундан ташқари, 2017 йилда Ҳ.Олимжон туғилган замин - Жиззахда ҳам икки ижодкорга гўзал ҳайкал ўрнатилган. Энг қувонарлиси, давлат раҳбаримиз ташаббуси туфайли Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним музейи ва ижод мактаби ҳам иш бошлади. Бугун мактабда ёш қаламкашлар сабоқ олишмоқда. Дарвоқе, Самарқанд шаҳрида Ҳамид Олимжон номли давлат драма ва мусиқа театри ҳам фаолият юритади.

Ҳамид Олимжон ўлимидан 23 йил ўтиб, 1967 йилда унинг шарафига ўрнатилган ҳайкалдан кўпчиликнинг хабари бўлмаса керак. У Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги «Ҳ.Олимжон» МФЙда жойлашган. Тошкентдаги ҳайкал 1990 йилда ўрнатилганини ҳисобга олсак, шоирга қўйилган биринчи ҳайкал Оққўрғонда экани маълум бўлади. Шоирнинг ҳайкали навқирон ёшда бўлиб, бир қўлида китоб ушлаб турган ҳолатда тасвирланган.

Бугун ҳайкал ўрнатилган хиёбон янгича кўриниш касб этган. Туман ҳокимияти ташаббуси билан ўтган йили қайта таъмирлаш ва реконструкция ишлари олиб борилди. Марказда жойлашган шоир ҳайкали атрофи гулзорга айлантирилди, ўриндиқлар ўрнатилди, дарахтлар оқланди, кутубхона фаолияти тикланди, ёшларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар яратилди.

Ҳайкалнинг ўз тарихи бор, албатта. Собиқ совет даврида қўшни тумандаги ва бу ердаги хўжалик битта ном билан аталган. Мутасаддилар чалкашлик юзага келмаслиги учун жой номини ўзгартиришини сўраб, Шароф Рашидов номига мурожаатнома йўллашган. Мурожаат қаноатлантириб, Оққўрғондаги бу хўжаликка Ҳамид Олимжон номи берилган. Ш.Рашидов ижодкорларни яхши кўрар, ҳурмат қиларди, шу сабаб ушбу номда тўхталган бўлса эҳтимол.

Хўжаликка шоир номи берилгач, унинг ҳайкалини ўрнатиш фикри туғилди. Ленинградда ясалган ҳайкал кўп ўтмай хўжаликда қад ростлади. Унинг очилиш маросимида Ёзувчилар уюшмасининг атоқли шоир ва ёзувчилари иштирок этди. Шоир ижоди ҳақида илиқ фикрлар билдирилди. Зулфияхоним ҳам марҳум турмуш ўртоғига кўрсатилган бу эҳтиромдан кўзлари намланди.

Эзгу ишлар бу билан якунланмади. Ҳайкалнинг бир ёнига мўъжаз кутубхона қурилади. Эллик йилдан ошибдики, бу кутубхона қанча ёшларнинг билим олишларига, китобга меҳр қўйишларига туртки бўлди. Ҳозирда ҳам фаолият юритаётган ушбу китоб масканидан ёш ижодкорларнинг биринчи китоблари, катта ёзувчи-шоирларимизнинг асарлари ва албатта Ҳамид Олимжон ва Зулфияхонимнинг ижодий намуналари ўрин олган.

Ҳайкалнинг икки тарафидаги мармар тошларга ижодкор жуфтликнинг ибратли умр йўли ҳақида Президентимиз Шавкат Мирзиёев тарафидан айтилган жумлалар ҳамда «Деразамнинг олдида бир туп» дея бошланувчи шеъридан парча битилган. Туманга келган сайёҳларга албатта ушбу адабий масканга ташриф буюришларини тавсия қиламиз. Зеро, хотира ўчмасдир. Шоирдан қолган адабий мерос бугун ёшлар йўлини ёритгувчи нур бўлса, не ажаб?!

Нодирабегим Иброҳимова,
Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати ходими

3 243
ЎзА