Қамоқхонада икки қисса ёздим — “Жангчи” ва “Ҳалқа” номли.

  • Мустақиллик арафасида озодликка чиққаним мен учун Аллоҳнинг буюк неъмати, яхши инсонлар қалбидан чиққан дуоларнинг ижобати, ғамхўр дўстлар саъй-ҳаракатларининг меваси, ва албатта, Юртбошимизнинг адолатидир.

  • Қамоқхонада икки қисса ёздим — “Жангчи” ва “Ҳалқа” номли.

  • Қалб ҳақиқатларни идрок этган нуқтадан бошлаб, инсонда тутқунликка тоқат қолмайди. Вужуд зиндонда бўлгани билан қалб етти қават фалаклар узра кўтарилиши мумкин.

  • Қамоқда Алишер Навоий ҳазратларининг ёзганларини ҳақиқат кенгликларида кўрдим.

  • — Афв этилган шахслардан олган жазоси, унинг қанчалик адолатли бўлгани ва қандай кечгани ҳақида...

  • — Бу саволингизга жавоб бера олмайман.

***

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Мустақиллик куни арафасида эълон қилинган “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони билан навоийшунос олим, шоир ва ёзувчи Акром Малик ҳам озодликка чиқди.

Эслатиб ўтамиз, А.Малик 2016 йилда Жиноят кодексининг 159, 244–моддалари билан айбланиб, олти йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Акром Малик билан афв этилгани, озодлик қадри, илм ва ижод йўллари ҳақида суҳбатлашдик.

— Мустақиллик арафасида озодликка чиқдингиз...

— Мустақиллик, озодлик, ҳуррият ҳар бир инсоннинг унинг ҳаёти каби ажралмас ҳуқуқидир. Бу ҳақдан ажралиш энг катта йўқотишлардан бири. Инсонни ноқонуний равишда озодликдан айириб, қулликка, тутқунликка маҳкум этиш мумкин эмас. Озодликнинг моҳияти айримлар ўйлагани каби кўнгли истаган, нафсга хуш ёққан ишларни қилишда намоён бўлмайди.

Зотан, одамзод ўзи учун манфаатли, хайрли амалларни ҳар доим ҳам тўғри англаб етавермайди.

Ҳуррият – инсон ўзини ўзи идора қила олиш қувватидир.

Ҳуррият – ўзга шахсларнинг иродаси билан эмас, ўзининг соғлом ва тўғри эътиқодига таяниб, ҳаёт йўлини белгилашдир.

Ҳуррият – нафс хоҳишларидан ғолиб келиб, кашфий Иймон ила яшашдир.

Ҳуррият – атрофни тўлдирган ёлғонларнинг моҳиятини кўра билиш ва уларга алданмасликдир.

Ҳуррият – инсон зотидан қўрқмай, ҳайиқмай, ўз фикри ва ўз сўзини холис баён этишдир.

Озодлик хўрланишларга, зулмга рози бўлмаслик, ҳақсизликка қарши ҳамиша собит туриш, ўзгалар қалбини ўз қалби каби кўриб, дилозор бўлишдан сақланишдир. Озод бўлмаган инсон зинҳор бахтли бўла олмайди. Мустақил бўлмаган шахс жамиятда ҳеч қачон ўз ўрнига эга бўлмайди. Озодлик ва мустақиллик шундай неъматки, унга курашиб эришилади.

Бу неъматлар ҳимояга муҳтож. Инсон ўз эрки ва мустақиллигини қатъият билан ҳимоя қилмаса, уни бой беради. Халқнинг озодлигини, давлатнинг мустақиллиги эса, жаҳон тарихидан ҳам маълумки, ҳамма юртларга, элларга насиб этавермайди. Халқнинг ҳуррияти унинг мустақил давлатга эга эканлиги билан белгиланади.

Мустақиллик арафасида озодликка чиққаним мен учун Аллоҳнинг буюк неъмати, яхши инсонлар қалбидан чиққан дуоларнинг ижобати, ғамхўр дўстлар саъй-ҳаракатларининг меваси ва албатта, Юртбошимизнинг адолатидир.

— Чиқишларингиздан бирида “Қалбларимизни ҳуррият тарк этмасин”, деган фикрни билдирибсиз. Қалбдаги ҳурриятни қандай тасаввур қиласиз?

— Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ наздида, қалб, яъни кўнгил Аллоҳнинг нури жилва этадиган бир кўзгу кабидир. Бизнинг хатоларимиз, гуноҳларимиз бу кўзгуни хиралаштиради. Қорайтиради. Ҳолбуки, қалб эҳсос (ҳис қилиш) нуқтасидир. Ақл қанот қоқишга ожиз ҳудудларда қалб парвоз этади. Ақлнинг ҳисоби заиф қолганида қалбнинг таҳсиси (ҳис этиши) ҳақиқатни ойдинлаштиради.

Қалбнинг қурум остида қолиши билан биз кўпдан-кўп ҳақиқатлардан мосуво бўламиз. Қалб кўзгусининг қорайиши – унинг нафсга қул бўлишидир. Бундай қалб шайтоннинг чангалида фарёд чекади, алдовлар қучоғида, гумонлар кишанида яшайди. Қалбдаги ҳуррият унинг шу гуноҳлардан пок бўлиши, Аллоҳнинг зикри ила нурланиб, ҳақиқатларни идрок этишидир.

Қалб ҳақиқатларни идрок этган нуқтадан бошлаб, инсонда тутқунликка тоқат қолмайди. Яна бир жиҳати, вужуд зиндонда бўлгани билан қалб етти қават фалаклар узра кўтарилиши мумкин. Қалбида ҳуррияти бўлган инсонни енгиб бўлмайди. У бошига келаётган синовларнинг, зулмларнинг ичини кўради.

Сабр ва таҳаммул соҳиби ўлароқ яхши кунларга инониб умр кечиради. Қалбида ҳуррияти бўлган инсон, масалага Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ каби сўфиёна ёндашсак, дунёнинг ўзи зиндонлигини чуқур идрок қилади. Бу тушуниш Боқий оламдаги чинакам ҳуррият, Ҳақ дийдорига бўлган Юксак Иймон, Теран Ишқ сари етаклайди.

— Илм йўлида нега айнан навоийшуносликни танлагансиз? Навоий оламини яхлит олганда нимага ўхшатасиз? Илм йўлида довоннинг қайси манзилидаман, деб ўйлайсиз?

— Навоийшуносликни ўйлаб, фикрлаб танламадим. Ўқиганларим ичида Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ каби бирор адиб манзур бўлмади. Ҳазрат менга болалигимдан ҳамроҳим эди. Бу ўргатиш билан содир бўлган эмас. Ички бир ҳис мени Улуғ шоирга яқинлаштирган.

Болалигимда Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ асарлари моҳиятини англамасам-да, ўқийверардим. Университетда навоийшунос устозлар қўлида таълим олгач, ул зотнинг асарларини таҳлил қилиш, ул зот ҳақида тадқиқ олиб бориш истаги туғилди.

Қамоқда у зотнинг ёзганларини ҳақиқат кенгликларида кўрдим. Яъни ҳазратнинг битиклари чинакам ирода, мустаҳкам иймон ва Аллоҳга бўлган қурбат ҳосиласи эканига амин бўлдим.

Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ коинотдан ташқарига интилган, Асл Ҳақиқат сари талпинган Шахс эди. Бу етти қават осмону, ул зотнинг таъбири билан айтганда, ўн саккиз минг оламга назар ҳам солмай, ёлғиз Аллоҳ ризоси ва муҳаббатини қасд этиб, Ҳиммат соҳиби бўлишдир.

Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ майда-чуйда масалаларга ўралашмаган, ҳаётга фақатгина Аллоҳнинг ризоси нуқтасидан туриб боққан. Камина ул зот ижодини бир нур каби кўраман. Бу нур Қуръони каримдан ул зотнинг қалбига жо бўлди, сўнг қалбдан Аршга қараб порлади. Тасаввурим шундай. Биз шу нур атрофида парвонамиз. Илм йўлида шогирдлик орзусида яшамакдаман. Ҳали шогирд, талаба мақомига ҳам ета олганим йўқ...

— Афв этилган шахслардан олган жазоси, унинг қанчалик адолатли бўлгани ва қандай кечгани ҳақида...

— Бу саволингизга жавоб бера олмайман.

— Жазони ижро этиш муассасасида ҳам ижоддан тўхтамагансиз, билишимча. Адашмасам, икки асарни ёзиб тугатибсиз. Асарлар моҳияти ҳақида, яралиши ҳақида сўзлаб берсангиз?

— Дарҳақиқат, икки қисса ёздим. “Жангчи” ва “Ҳалқа” номли. Бу қиссалар бир ёзувчининг қалбдаги дардларининг инъикосидир. Қўлимга қалам олиб, ҳар куни ёзишга киришар эканман, Аллоҳимдан мадад сўрайман. Токи, ножоиз сўзларни ёзиб, гуноҳкор бўлмай. Токи, ҳақиқатдан юз буриб, ёлғончилар сафига кириб қолмай...

Икки қиссада ҳам, асосан, инсон эрки, ҳаёт мазмуни ва одамзоднинг ғайб олами билан, илоҳият билан бўлган муносабатларини акс эттиришга ҳаракат қилдим. Зотан, илоҳиятни рад этиш, бу оламдан узилиш инсоният учун йўлсизлик, зулматда қолиш, деб ҳисоблайман.

Ўтган асрда ва ҳозир ҳам адабиётимизда яратилаётган бадиий асарларда Худо ва одам ўртасидаги масалаларга ўрин берилмайди. Бу маҳдудликка, тамойилсизликка олиб келади. Албатта, олий даражадаги бадиий асарларни ёзяпман, дея олмайман. Аллоҳ қодир қилган даражада, Аллоҳ насиб этган чегарада ижод қиляпман. Агар У илҳом бермаса, агар У жўшқинликни раво кўрмаса, агар У марҳамат кўрсатмаса, бир мен эмас, бирор адиб қалам тебарата олмайди. Роббимдан сўрайманки, қаламимдан гўзал ва ҳақ сўзлар тўкилсин.

Якунда одатий савол: режаларингиз?

— Режалар ҳақида бошқа суҳбатларда ҳам айтган эдим. Аллоҳим насиб этса, асосий ниятим – илму ижод йўлидан юриб, хоҳ илмий, хоҳ бадиий асарлар бўлсин, халқимизга тақдим этиш, элимизнинг шуур дунёсига бироз бўлса-да, нур олиб киришдир.

— Мазмунли суҳбат учун ташаккур!

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Акром МАЛИК: Мустақиллик арафасида озодликка чиққаним бу — Юртбошимизнинг адолатидир