ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

Қадри баланд бўлган, она тилимдан-ей!

Қадри баланд бўлган, она тилимдан-ей!

Ўтган куни ҳақиқатда тарихий воқеанинг шоҳиди бўлдик. Соат милларининг 18.00 га қараб боришини, айни дақиқаларни интиқиб кутдик, шошилиб уйи томон кетаётганларга кўзим тушди. “Қанча қолди, бошланишига, ҳа демак улгураман” деганлари сингди қулоғимга.

Нега, биз давлатимиз раҳбарининг бу чиқишини интизорлик билан кутдик, илҳақ бўлдик? Кўзларимиз порлаб кузатдик?

Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаши, бу унутилмас онларнинг шахсан гувоҳи бўлиш – ғурур, ифтихор, сарҳадлари ноаён юксаклик. Халқаро минбарда илк бора жаранг сочган – она тилимизнинг шодиёнасини қувонч билан қарши олгимиз келди? Навоий, Амир Темур, Бобур, Қодирий тилининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти анжуманида янграши – бу армонлар ушалгани, умидларнинг ишончга айлаганидир. 

Ахир ўз юртида яшаб туриб, ўз тилида нутқ сўзлаб йиғилиш қила олмаган эди, қай бир кунлар ўзбегим! Бугун армонлар ювилди. Матонат, қатъият билан юрт фарзанди нуфузли анжуманда ўзбек тилида сўз айтди. Тиклаган яловинг муборак тилим! Овозаси дунёларни тутган, онагинам суханида, отамнинг насиҳатида яшаб келаётган ва бугун дунёларни бўйлаган – ўзбек тилим қаддинг адл бўлгани қутлуғ бўлсин!

Туркиянинг нуфузли «Жумҳурият» газетаси: ...Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг эртага бошланадиган Бош Ассамблеясида ҳамкорлик марралари, умидлари ва мамлакатининг тинчликпарвар мақсадлари ҳақида илк бор Навоий тилида дунёга хитоб қилади» деб хабар тарқатди. Бу эзгулик билан туркий тилли халқларни муборакбод этди. Дўстлар олқишлади. Давралар файзга тўлди. Сиёсатшунослар мазкур олиймақом ишни, мустақиллик йилларида қўлга киритилган энг юксак марраларидан бири дея эътироф этишмоқда ва юз карра ҳақдирлар.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида глобал: дунёда тинчлик ва барқарорлик ҳукм суриши, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, камбағалликка барҳам бериш каби бир қатор долзарб масалаларни илгари сурди. Бугун дунё аҳлини ташвишга солаётган кўринмас ёв – коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашиш, касалликни келтириб чиқарадиган хавфларни камайтиришга анжуман иштирокчиларининг, дунё аҳлининг эътиборини қаратди. 

Барча ишларнинг замирида инсон ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашдек юксак мақсад борлиги Президент нутқида ўз ифодасини топди. Инсоннинг ҳақ-ҳуқуқи таъминланганини кўрсатувчи омиллардан бири шубҳасиз, унинг миллий тилидир. Унинг қиёфасини сақлаб қолгувчи, борлигини, борлиғини, кимлигини, қайси миллат вакили эканини кўрсатувчи неъматдир – тил.

Мен, давлат тили масалалари бўйича вилоят ҳокими маслаҳатчисиман. Фаолиятим давомида англамоқдаманки, миллат тақдири билан боғлиқ бебаҳо қадриятларни асраш, авайлаш ва келажак авлодга безавол етказиш иши олий вазифа. Давлат тилининг қадрини қадрлаш, уни кўз қорачиғидек асраш ҳақида ана шундай фикрларни айтиш мумкин. Бугун ўзбек тилининг дунё минбарларида тан олинаётгани, халқаро нуфузи ортиб бораётгани, ўзбек миллатига ҳурмат, эҳтиром белгиси ва мамлакат эртаси учун ёрқин саҳифадир.

Улуғ шоир Навоий ҳазратлари “Насойим ул-муҳаббат” да барокотли зотнинг “барокотидан” ҳар бир иш хайрли бўлиши ҳақида айтади. Тарихи улуғ, покиза ва гўзал она тилим, қадринг баланд бўлаверсин!

Зиёда АМИНОВА,
Қашқадарё вилояти ҳокимининг
давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси

1 570
ЎзА