Адлия вазири: Томонлар медиация йўли билан келишувга эришганда буни фақат суд эмас, нотариус ҳам тасдиқлаши мумкин
Хусусий нотариуслар ташкил этилади, нотариал ҳаракатларни масофадан туриб амал ошириш мумкин бўлади, шунингдек, айрим турдаги битимлар учун мажбурий нотариал тасдиқлаш бекор қилинади.
Хусусий нотариуслар ташкил этилади, нотариал ҳаракатларни масофадан туриб амал ошириш мумкин бўлади, шунингдек, айрим турдаги битимлар учун мажбурий нотариал тасдиқлаш бекор қилинади.
Ушбу фикрлар Олий Мажлис Сенатида “Нотариат тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқиш асносида айтилди.
Қонунни ишлаб чиқиш зарурати нотариал ҳаракатлар сони ошган шароитда давлат нотариал идораларида қўшимча штат бирликларини жорий этиш жараёни мураккаблашганлиги, бу эса иш ҳажмига қараб хизмат кўрсатувчи ходимлар сони ошишига тўсқинлик қилиши билан изоҳланади.
Қонунда давлат нотариал идораларини нодавлат нотариал идораларга босқичма-босқич ўтказиш назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг фаолиятини ташкил этиш тартиби, унинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳам белгиланмоқда.
Айрим турдаги битимлар учун мажбурий нотариал тасдиқлаш бекор қилинади. Нотариал ҳаракатларнинг янги турларини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек мулкни бошқа шахсга ўтказиш, ижарага олиш (ижарага бериш) ва ундан бепул фойдаланиш шартномаларини тасдиқлашда айрим талабларни бекор қилинмоқда ҳамда бундай турдаги битимларни тасдиқлаш жараёни соддалаштирилмоқда.
Қонунда нотариал ҳаракатларни масофадан, шу жумладан видеоконференцалоқа ёрдамида амалга ошириш механизми жорий этилмоқда.
Қонун моҳокамаси жараёнида сенаторлар томонидан Адлия вазирлиги вакилларига кўплаб саволлар берилди.
Нотариал соҳада медиация қандай қўлланилиши, нотариус электрон базасидан фойдаланиш тартиби бўйича берилган саволларга Адлия вазири Русланбек Давлетов жавоб берди.
Вазирнинг қайд этишича, нотариал соҳада ҳам салоҳиятли юристлар хизмат қилмоқда, улар ҳам судьялардан кам эмас. Томонларнинг келишувга эришиши судларда тасдиқланаётган бўлса-да, бироқ бундай амалиёт талаб қиладиган ишлар салмоғи бугунги кунда жуда кўп. Судьялар иш юкламасини камайтириш, фуқароларга, тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида эндиликда медиациявий келишув нотариуслар томонидан тасдиқланиши қонунчиликда ўрин олиши мақсадга мувофиқ. “Нотарус” электрон базасидан фойдаланишда эса махфийликка амал қилинади. Мавжуд маълумотни олишга ҳуқуқи бўлган шахслардан ташқари фақат ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар талаби билангина базадан маълумот берилиши мумкин. Бу жараёнда нотариуслар зиммасига жуда катта масъулият юкланган. Бунга амал қилмаган нотариус жавобгарликка тортилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.