ЎзА Ўзбек

11.03.2020 Чоп этиш версияси

Адабиёт эрмак эмас, бошдан оёқ машаққат

Адабиёт эрмак эмас, бошдан оёқ машаққат

Баҳор. Бу пайтда "Адиблар хиёбони"га борган ёзувчи ва шоирлар табиат гўзаллигидан илҳом олиб қайтиши шубҳасиз. Шунинг билан бир қаторда, бу мўжаз боғга ташриф буюрган ҳар бир инсон биринчи навбатда адабиётимиз ривожига ҳисса қўшган сиймоларнинг ҳайкалларини томоша қилиб, ўйга толади.

Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Озод Шарафиддинов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби буюк адабиётчилар яна дунёга келадими? Дунёга келган бўлса, не чоғлик адабиётимиз равнақига ҳисса қўшмоқда? Такрор "Ўткан кунлар" каби қўлдан қўймай ўқиладиган, бугуннинг тили билан айтганда, "бестселлер" асарлар дунё юзини кўрадими? Матбуот ва коммуникация қай даражада ривожланмоқда?

Бу саволларга жавоб топиш учун эса ҳиёбон ичида савлат тўкиб турган Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳаётига объектив назар солиш керак. Айни шу мақсад, қолаверса, Ўзбекистоннинг забардаст ёзувчиларидан бири Эркин Аъзамнинг "Маҳорат сабоқлари"да иштирок этиш учун уюшма томон йўл олдик.

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида шу кунларда қизғин таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Шу сабабдан бўлса керак, биринчи навбатда уюшма биносида электор токининг йўқлиги эътиборни тортди. Шунга қарамасдан Эркин Аъзамнинг "Маҳорат сабоқлари" кўтаринки руҳда бошланди.

Уюшма раиси Сирожиддин Саййид дарсни очиб берди. Уюшма раиси таъбири билан айтганда, сўз ва мақтовга хасис, аммо қўли ва кўнгли очиқ носир Эркин Аъзам нутқини Абдулла Қаҳҳорнинг ушбу насиҳатлари билан бошлади: Адабиёт эрмак эмаслигини, аксинча бошдан оёқ машаққат эканини ёшларга айтиб қўйинг!

Эркин Аъзам кеча ва бугунги ўзбек адабиётини ўз ҳаёт тажрибаларига асосланиб таҳлил қилар экан, сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида таъкидлаб ўтди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан йўлга қўйилган "Зомин семинари" ҳам ёзувчи ва шоирларга берилаётган юксак эътибор наъмуналаридан биридир.

Эркин Аъзам йиғилган ёш ижодкорларга йўл-йўриқ кўрсатар экан, адабиётга эндигина қадам қўяётган ёшлардан тортиб, муҳаррир ёки таржимонлик соҳасида фаолият олиб бораётган, қайси жабҳада бўлмасин, ўзбек адабиёти учун хизмат қилаётган барчага аниқ мақсад билан, бошқалардан нусха кўчирмаган ҳолатда ўзига хос ижод наъмуналарини яратишга чорлади. Зеро, шахсияти йўқ одамдан адабиётни кутманг!

Нурияхоним Улуғбек қизи

2 903
ЎзА