Аҳолининг дори-дармонга бўлган эҳтиёжи қай даражада қондирилмоқда?
Дорихонага келаётган фуқаролар дори-дармон нархи ошишига эмас, уларни исталган вақти топиб бўлмаётганига эътироз билдирдилар.
Жиззах вилояти бюджетидан карантин вақтида аҳолининг дори-дармонга бўлган эҳтиёжини етарли даражада қондириш мақсадида “Жиззах дори-дармон” масъулияти чекланган жамиятига 2 миллиард сўм субсидия ажратилди.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари Зомин туманида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирусга қарши самарали деб тавсия этилган дори-дармон нархлари, уларнинг уч ойлик захирани яратиш ҳамда савдо қоидаларига риоя этиш ҳолатлари бўйича ўрганиш ўтказди.
Ўрганиш давомида ҳар бир дорихонада рўйхатда кўрсатилган 49 турдаги дори воситаларининг мавжудлиги ва нархларига эътибор қаратилди. Фаолияти ўрганилган хусусий дорихоналарда ҳозирги кунда талаб энг юқори бўлган арбидол, азитромицин, гепарин, анаферон каби дори воситаларисотувда тезда тугаб қолаётгани аниқланди.
– Аҳолига қулай бўлиши учун 24 соатлик иш режимига ўтилган, – дейди “Шаҳризода-Мед” хусусий корхонаси раҳбари Элдор Номозов. – Корхона қошида 3 та дорихона ишлаб турибди. Республикамиз бўйлаб айрим дори воситаларига талаб кескин ошганлиги боис таъминотчи корхона томонидан маълум лимит асосида бериляпти. Аммо кун ярмига бормай тугаб қоляпти. Биз харидорларга бу дориларни кейинги куни етказиб келинишини тушунтиряпмиз. Дориларнинг нархига келадиган бўлсак, қўрқмасдан айтиш мумкинки, нархларни сунъий ошириш ҳолатига йўл қўйилгани йўқ. Аммо захира масаласида муаммо бор. Бу масалада имтиёзли кредит берилса, ечим топилар эди.
“Холматова Наргиза” хусусий фирмаси раҳбари Наргиза Холматованинг айтишча, фуқаролар нафақат касалланиш ҳолатида, балки профилактика мақсадида ҳам коронавирусни даволашда самарали деб тавсия этилган дори воситаларини харид қиляптилар. Шу сабабли айрим турдаги дорилар тақчиллиги бор. Аммо у хавотирга ўрин йўқлигини, рўйхатдаги дори воситалари ҳар куни келтирилаётганлигини маълум қилди.
“Закия” МЧЖга қарашли дорихонада ҳам асосий муаммо лимит билан берилаётган дори-дармон воситаларининг тез тугаб қолаётгани экани маълум бўлди. Дорихонага келаётган фуқаролар дори-дармон нархи ошишига эмас, уларни исталган вақти топиб бўлмаётганига эътироз билдирдилар.
Ўрганиш давомида олис тоғли қишлоқ ҳудудларидаги дорихоналар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Масалан, тоғли ҳудудда жойлашган “Дуоба” қишлоқ врачлик пункти 4 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади. ҚВПдан энг олис – 30 километр масофада жойлашган 99-сонли ижтимоий дорихонада ҳам рўйхатдаги дори-дармонлар мавжуд.
– Туман бўйича жами 13 та ижтимоий дорихона шохобчаси ташкил этилди, – дейди “Жиззах дори-дармон” МЧЖнинг Зомин тумани бўйича вакили Ойбек Бобобеков. – Бундан ташқари Зомин, Зарбдор туманларининг узоқ ҳудудлари учун 1 та кўчма дорихона хизмати йўлга қўйилди. Ҳар икки кунда ҳудудларга эҳтиёжга қараб дорилар пешма-пеш етказиб турилибди. Шохобчадаги дорилар фармацевтика стандартлари асосида жойлаштирилган. Тўловлар терминал орқали барча турдаги пластик карталар билан қабул қилиняпти.
Бу каби ўрганиш ишлари барча туманларда ўтказилмоқда. Ўрганиш давомида тадбиркорларнинг муаммолари, аҳолининг фикрлари инобатга олиниб, камчиликларни тузатиш юзасидан тезкор чоралар кўрилаётир.