ЎзА Ўзбек

11.03.2020 Чоп этиш версияси

4 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконига эга янги корхона иш бошлади

4 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконига эга янги корхона иш бошлади

Андижон шаҳрининг “Обод” маҳалласида янги трикотаж корхонаси иш бошлади.

Андижонда саноатни ривожлантириш, янги корхоналар барпо этиш, мавжуд корхоналарни қўллаб-қувватлаш, барқарор ишлаши учун зарур имкониятлар яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида вилоятда ана шундай корхоналар сони, айниқса, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ортмоқда.

photo5424828013549300869.jpg

“Oltin mato teks” масъулияти чекланган жамияти томонидан Андижон шаҳрида ташкил этилган, майдони 1,8 гектар бўлган мазкур трикотаж корхонаси йилига 4 минг тонна матони бўяш ва 4 миллион дона трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқариш қувватига эга.

Лойиҳа қиймати 8,7 миллион доллар бўлган ушбу корхона фаолиятини йўлга қўйиш учун “Ипотека-банк“ акциядорлик тижорат ипотека банки вилоят бўлимидан 5,5 миллион доллар кредит олиниб, Европа давлатларидан замонавий дастгоҳ ва илғор технологиялар олиб келинди.

photo5424828013549300870.jpg

– Матони бўяш, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу корхона йилига 4 миллион долларгача бўлган миқдордаги маҳсулотни экспорт қилиш имконига эга, – дейди “Oltin mato teks” МЧЖ бош директори Қодиржон Маматов. – Корхонада халқаро талабларга тўла жавоб бера оладиган сифатли маҳсулот тайёрлаш ҳамда ишчи-хизматчиларнинг самарали фаолият юритишлари учун зарур барча шароит яратилган.

Корхона тўла қувват билан ишга тушгач, 250 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлади.

photo5424668120506805469.jpg

– Коллежни тамомлаганимдан буён ишсиз юрган эдим, – дейди Андижон шаҳридаги Шодлик маҳалласида яшовчи Назирахон Аҳмедова. – Маҳалламизга яқин ҳудудда ушбу корхонанинг очилгани мен каби кўплаб ёшларга ишлаш имконини берди. Мана шундай кенг, ёруғ ва замонавий дастгоҳларда ишлаётганимиздан фахрланамиз.

Корхонанинг очилиш маросимида Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди.

1 879
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА