2 СЕНТЯБРЬ: Бухоро амирлиги, у билан боғлиқ ошкор ва мавҳум, ҳатто сирли тарих... Амирлик тугатилганига 100 йил бўлди

Ўрта Осиёдаги сўнгги маҳаллий сулола - манғитлар бошқарувининг тугаганлигига ҳам бир аср бўлди.
Ўрта Осиёдаги сўнгги маҳаллий сулола - манғитлар бошқарувининг тугаганлигига ҳам бир аср бўлди.
Бу орада тарихий жараёнлар жадаллик билан ўзгарганлиги сабабли Бухоро амирлиги ва у билан боғлиқ ошкор ва мавҳум, ҳатто сирли тарих инсонларда узоқ ўтмиш каби хотирани ёдга солади. Бухорони қадимдан турли сулолалар бошқарган. Ҳар бир сулола даврида шаҳарнинг довруғи ортиб бораверган.
Бухоро жаҳон цивилизацияси маркази, турли илмлар ва илм эгаларининг маскани сифатида тарихдан маълум. Дунё аҳлини ўзига ром этиб келган Бухоро воҳасини илк ўрта асрларда Бухорхудотлар, IХ-ХI асрларда Сомонийлар, шундан сўнг турли талафотлар билан Мўғиллар бошқарди. ХIV аср иккинчи ярмида Темурийлар, ХVI асрда Шайбонийлар, ХVII асрда Аштархонийлар ва ниҳоят Бухородаги сўнгги сулола Манғитлар 1756 йилдан 1920 йилгача Бухорони идора этди. Манғитлар нафақат Бухорода, балки, Ўрта Осиёдаги сўнгги маҳаллий сулола бўлиб тарихда қолди. Ушбу сулола тарихига доир маҳаллий ва хорижий илмий нашрларнинг доираси кенг. Бу эса тарих илмида «Манғитшунослик» ва сўнгги амир шахсиятига қаратилган «Олимхоншунослик»ни шакллантиради.
Бухоро амирлиги ташқи алоқаларда фаол Шарқ мамлакатларидан бири эди. Амирлар Маккаю Мадина, Ироқ, Турк султонлиги, Ҳиндистон, Афғонистон, Қошғар, Россия империяси каби давлатлар билан дўстона алоқаларни олиб борган. Бухоро давлат музей-қўрихонаси фондларида мавжуд ёзишмаларнинг даври ва миқдори шуни кўрсатадики, амир Абдулаҳадхон даврида юқоридаги давлатларнинг барчаси билан дўстона алоқа олиб борилган.
Айниқса, Афғонистон амирлари ва Россия императорлари билан узлуксиз элчилик алмашинувлари давлатларнинг Бухородаги доимий вакиллари орқали амалга оширилган. Масалан, Россия империясига тегишли архив ҳужжатларининг бирида 1896 йилда Бухоро амирининг (амир Абдулаҳадхон) ташрифи муносабати билан унинг совғаларига жавоб тариқасида император Николай IIнинг совғалари рўйхати сақланган.
Унда Бухоро амирига 2 та фарфор ваза, кумуш ва тилладан ишланган идишлар тўплами (йирик жом, қадаҳлар ва лали): жовоҳир тилла портсигар, парча мато қисмлари, амирнинг ўғлига 4 яшикда иккита лали ва қадаҳлар, нефрит тоши билан безалган стол соати, ов милтиғи керакли қисмлари билан совға қилинган. Шунингдек, амирнинг барча ҳамроҳларига (жами 32 киши) даражаларига кўра кумуш ковш, чой идишлари, кумуш вазалар, 26 нафар хизматчилар эса кумуш соат ҳамда 20 рублдан совға олишган. Биргина мазкур ҳужжатда рус императорининг Бухоро амирига бўлган расмий ҳурмати ифода этилган.
Советлар ҳокимияти ўрнатилгандан сўнг, собиқ Россия империяси мустамлакаларига озодлик бериб, улар билан тенг ҳуқуқли шартномалар имзолайди. Хусусан, Бухоро амирлиги билан шундай шартнома ҳам имзоланган. Аммо, икки давлат Бухоро ва Россия ўртасидаги бир неча низолардан сўнг Амир Сайид Олимхон 1920 йил июль ойида вазиятни юмшатиш мақсадида вазирларидан иборат (Жўрабек Арапов, шахсий таржимон Ашрафий Тўқсабо ва бошқалар) делегацияни Россияга юборган. Аммо, делегациянинг мақсади кутилган натижани бермаган. Чунки, М.Фрунзенинг май ойидан бошлаб Туркистон маъмурлари ва Ленинга Бухоро амирлигини босиб олиш тўғрисида йўллаган тинимсиз телеграммалари бунга сабаб бўлган.
Шу тариқа Бухорони босиб олиш, яъни «Бухоро инқилоби» 28 август эрталаб 04:00 да бошлаб юборилган. Худди шу маҳалда Когонда ҳам қизил аскарларнинг босқини бошланган. Дастлабки уч кун - 28,29,30 август кунлари Бухоро қалъа деворларини эгаллашга қаратилган саъй-ҳаракатлар самарасиз бўлди. 31 август эрта тонгда бухороликлар «қора қузғунлар» деб номлаган 12 аэроплан жангда туб бурилиш ясади.
Турк ҳаво флоти бошлиғи Юнгмейстернинг 31 августда Бухоро-Самарқанд группаси фаолияти ҳақида Республика ҳаво флоти штабига йўллаган ахборот хатида шундай дейилади: "12 самолётдан 6 тасининг қизил ҳарбий учувчилари Степанов, Сурков, Ласкин, Фаустик, Столяров, Никитин ва ҳаво учувчи-кузатувчилари Ухин, Браунсем, Броников, Зеленский, Курон, Ивановский, Левченколар Бухоро шаҳрининг шимоли-шарқий томонида Самарқанд ва Қарши дарвозалари, улардан чиқиш йўлларида бомбардимон ишларини муваффақиятли олиб борди. Эрталаб соат 8:00 дан бошланган ҳужум соат 11:00 гача давом этди. Ҳужумда ҳар бирининг оғирлиги 11 кг. бўлган 57 дона бомба ташланди. Кечки 18:00 гача яна бомбардимон ишлари давом эттирилди. Қуюқ туман ва паст булутлар туфайли суратга олишнинг иложи бўлмади.
Ҳисоб-китобларга кўра, советлар томонида 7 минг аскар, 230 пулемёт, 46 тўп, 5 та бронепоезд, 12 самолёт, 10 та зирҳли машина бор эди. Амир қўшини эса 16 минг аскар, 23 тўп, 16 пулемёт ва бекликлардаги қўшинлардан иборат эди.
Дастлабки ҳужумларда Бухоро шаҳрини эгаллашнинг иложи бўлмади. Куйбишев тарғиботлари ва Фрунзенинг мурожаати билан Туркистондан курсантлар бригадаси ва зирҳли машиналар ёрдамга юборилади. 31 августда бошланган ҳаво ҳужумлари амирликнинг енгилишини муқаррар қилиб қўяди. Советлар, Бухоро коммунистик партияси ва ёш бухороликлар томонидан 2 сентябрь тонгда пойтахт таянчи бўлган Арк қалъаси эгалланади.
Бухоро эгаллангач, амирлик хазинасининг тақдири қандай кечди?
Манғитлар сулоласи даври - 1747-1920 йилларда жуда махфийлик билан жамланиб келинган ва махсус сақланган, аслида халққа тегишли олтин ва қимматбаҳо жавоҳирлар хазинаси тўпланган эди. Хазинанинг ҳақиқий ҳажми давлат сири ҳисобланиб, амир, қушбеги ва хазинабондан бошқа ҳеч кимга маълум эмас эди. Бухоро амирлигининг тенги йўқ олтин хазинаси ҳақида турли хил ёзма манба ҳамда халқ орасида оғиздан-оғизга ўтиб келаётган афсонавий ҳикоя ва ривоятлар сақланган.
Совет инқилобчилари Москвага олиб кетган хазинадан ташқари амирнинг унча катта бўлмаган бойликлари Париж, Пешовар, Бомбей ва Лондонда ҳам сақланиб қолганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд.
Коммунистик мустамлака даврида хазина фақат халқни талаш эвазига тўлдирилди, деган мутлақ нотўғри фикр олға сурилди. Адабиётларда Бухоронинг Нурато тоғ ён-бағирларида Синтоб, Зармитон, Қизилқум саҳросида Мурунтов ва бошқа шулар каби 8 та олтин ҳамда кумуш конлари қадимдан мавжуд бўлганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд.
1914 йилдан олдин амир хонадонига тегишли олтин, кумуш пуллар ва бошқа қимматбаҳо зеб-зийнатлар рўйхатини акс эттирувчи дафтарларнинг ўзи тахминан бир ярим олчин (1 олчин – 70 см.) қалинликда бўлган. Туркистон жадидларининг отаси маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий муҳаррирлигида чиқарилган «Ойна» журналининг 1914 йилги 25-сонида бир кўчирма келтирилади: «Ҳозир Бухоро амирининг тасарруфида бўлган хазинанинг ақчаси (олтин ва кумуш) шу даражада мўлки, ҳеч бир давлат хазинасида бу даражада эҳтиёт сақланган олтин ва кумуш пул ёмбилар бўлмаса керак».
Бухоро амирининг саройларида сақланаётган олтин ва кумуш пуллар бўйи 50 олчин (35,5 метр), эни 20 олчин (14,2 метр) ва баландлиги 8 олчин (4,8 метр) бўлган бир тоғдан иборатдир. Бу хазинадан ташқари, 3 олчин (2,1 метр) катталикда яна бир ертўла хазинаси бўлиб, у рус, Бухоро ва бошқа бир қанча давлатларнинг олтин пуллари билан тўлдирилган. Амирнинг олтин ва кумуш хазиналари унга қарашли банкларда ҳам сақланган. Манбаларда амир ўзи билан 100 арава олтин ёки 18 қоп олтин олиб кетган, деган маълумотлар мавжуд.
Мустақиллик йилларига қадар Бухоро инқилоби санаси байрам сифатида нишонлаб келинди. Тарихимиз холисона ёритилаётган бугунги кунда Бухоро босқини жараёнини ҳам тубдан қайта ўрганишимиз керак. Чунки ушбу жараён билан боғлиқ тарихий далиллар илмий муомала чиқарилгани йўқ. Айни шу мақсадда Бухоро давлат музей-қўриқхонаси янгича ёндашув ва илмий далиллар асосида «100 йил. Бухоро амирлиги ва унинг тугатилиши» номли янги кўргазма ўз фаолиятини бошлади. Мазкур кўргазма ёш авлодни тарихни холис назар билан ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
Ўктамали РАВШАНОВ,
Бухоро давлат музей-қўриқхонаси
Тарих илмий бўлими мудири